Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

Судьялар одоб-ахлоқ кодекси

Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгашининг
2017 йил  22 августдаги
247-сонли қарори билан тасдиқланган

 

СУДЬЯЛАР ОДОБ-АХЛОҚ КОДЕКСИ

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллиги, одил судловни амалга оширишда конституциявий нормалар ва қонунларга қатъий риоя этилишини таъминлаш орқали эришилади.

Одил судловни амалга оширишда ҳар бир судьянинг Судьялар одоб-ахлоқ кодекси (бундан буён матнда Кодекс деб юритилади) қоидаларига сўзсиз риоя этиши, ўз хизмат вазифасини ҳалол ва виждонан бажариши, ўзининг ишчанлик обрўси, шаъни, қадр-қимматини ва суднинг нуфузини етарли даражада сақлаши муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг судьялар одоб-ахлоқини тартибга солувчи умум эътироф этилган тамойилларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

I боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Кодекснинг предмети, тартибга солиш соҳаси ва амал қилиш доираси

Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикасининг барча судлари судьяларига нисбатан тадбиқ этилади ва судьялар учун касбий фаолиятда ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий одоб-ахлоқ қоидаларини белгилайди.

Ушбу Кодекс судьянинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди.

Судьялар одоб-ахлоқининг айрим масалалари ушбу Кодекс билан тартибга солинмаган тақдирда, судьялар жамиятдаги одоб-ахлоқ умумий тамойиллари, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг судьялар одоб-ахлоқини тартибга солувчи умум эътироф этилган тамойилларига амал қиладилар.

2-модда. Судьянинг одоб-ахлоқ кодексига риоя қилиш мажбурияти

Судьялар одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя қилишлари, ишчанлик ва одил судловнинг обрўсига, судьянинг қадр-қимматига, суднинг нуфузига салбий таъсир кўрсатиши ва путур етказиши ёки унинг холислигига, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишга мажбурдирлар.

Судья ўз қасамёдига содиқ бўлиши, ушбу Кодекс нормаларига сўзсиз риоя қилиши ҳамда жамиятда юксак судьялик мақомига лойиқ бўлиши лозим.

Судья эркин фикрлаш ҳуқуқини амалга оширишда одил судловнинг обрўси ва нуфузига путур етказмаслиги шарт.

Судья жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда адолатлилик ва холисликни намоён этиб, бу борада сансоларликка йўл қўймаслиги лозим.

Судья доимо Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш ва суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилганлигини ёдда тутиши лозим.

3-модда. Судьянинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятининг доираси

Судьянинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти устувор бўлиб, у сенатор, депутат, сиёсий партияларга аъзо бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек, илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас. Судья судьялар жамоат бирлашмаларида ҳақ тўланмайдиган лавозимларни эгаллаб туриши мумкин.

Судья суд ишлари, ариза, илтимоснома ва шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек, суд амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш борасидаги ишларда қатнашади.

4-модда. Судьянинг одоб-ахлоқига қўйиладиган умумий талаблар

Судья ҳар қандай вазиятда ўз шаъни ҳамда қадр-қимматини сақлаши, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилиши, камтар, хушмуомала бўлиши ва қўпол муомалада бўлмаслиги шарт.

Судья ўз мақомидан ўзи учун, қариндошлари ва бошқа шахслар учун бирон-бир манфаат, хизмат, тижорат ёки бошқа фойда олиш мақсадида фойдаланмаслиги, шахсий масалалар юзасидан турли давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхона, муассаса ва ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро муносабатларда ўз мавқеидан фойдаланмаслиги шарт.

Судья суд аппарати ходимлари, суд процесси иштирокчилари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари ва одоб-ахлоқ меъёрлари бузилган ҳолларда тегишли чоралар кўриши шарт.

Судья хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлиги, ишни кўришнинг якунидан ғаразли ёки ўзгача манфаатдор эканлиги ҳақидаги ўзига нисбатан ошкора айбловларга нисбатан тегишли чоралар кўриши лозим.

Судья дўст ва танишлар танлашда эҳтиёткор бўлиши, суд ва ўзининг номига доғ тушириши мумкин бўлган алоқалардан тийилиши керак.

5-модда. Судьялар одоб-ахлоқ кодексини қўллашнинг таъсир доирасини аниқлаш

Агар судьянинг муайян ҳаракати унинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига ҳамда одоб-ахлоқига таъсир қилиш ёки қилмаслигини аниқлашда қийинчиликка олиб келса, судья ўзининг мустақиллиги ва холислигини сақлаган ҳолда, ушбу масалада тушунтириш бериш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига тегишли сўровнома билан ёзма, оғзаки ва электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

II боб. Судьянинг касбий фаолиятини амалга ошириш борасидаги одоб-ахлоқи қоидалари

6-модда. Судьянинг мустақиллиги

Судьяларнинг мустақиллиги улар фақат қонунга бўйсуниши, белгиланган тартибда лавозимга тайинланиши (сайланиши), одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши давлат томонидан кафолатланган.

Судья одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Судья одил судловни амалга оширишда суд процесси барча иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, ҳар қандай мақсадларни кўзлайдиган, бевосита ёки билвосита ташқи таъсир, хоҳиш, тазйиқ, таҳдид ёки аралашувлардан қатъи назар, қонунга ва ҳуқуқий онгга асосланиб, фақат фактларни баҳолашдан келиб чиққан ҳолда ички ишончига мувофиқ мустақил ҳаракат қилиши лозим.

7-модда. Судьянинг холислиги

Судья ўз мажбуриятларини бирон-бир афзаллик, нохолислик ёки олдиндан пайдо бўлган нотўғри фикрларга таянмай, холислик, мустақиллик ва беғаразликни намоён этиб, суд процесси иштирокчиларининг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, қарашлари, шахсий ва жамиятдаги мавқеидан қатъи назар, уларнинг барчасига бир хил муносабатда бўлган ҳолда бажариши шарт.

Судья суд ҳужжатини қабул қилаётганида суд процессининг барча иштирокчиларига нисбатан холис мустақил фикрини сақлаб қолиши шарт.

Судья ўзининг одоб-ахлоқи билан суд процесси иштирокчиларининг ишончини қозонишга, жамият ишончининг ошишига ва қўллаб-қувватланишига, судьянинг холислигига бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига эришиши зарур.

Судья қонунда назарда тутилган ҳолларда ўзини ўзи рад этиши унинг беғаразлиги ва холислигини таъминловчи муҳим омилдир.

Судья холислик ва беғаразлик тамойилларига риоя этган ҳолда, судда иштирок этаётган шахслар ва (ёки) уларнинг вакиллари билан суд процессидан ташқари алоҳида учрашмаслиги, улар томонидан ташкил этилган тушлик ва зиёфатларда қатнашмаслиги ҳамда улардан совғалар олмаслиги шарт.

8-модда. Судьянинг одиллиги

Судья ўз вазифаларини одилона, тезкор, виждонан ва юқори профессионал даражада бажариши шарт.

Судья суд мажлисларини ташкил этиш ва ўтказишда пухта тайёргарлик кўриши, суд процесси иштирокчиларига ўз фикр-мулоҳазаларини эркин баён қилишлари учун тенг имконият яратиб бериши, ишларни қонунда белгиланган процессуал муддатларда кўриб чиқиши, ишни кўриб чиқишни асоссиз ва сурункали қолдиришга йўл қўймаслиги, адолатли ва қонуний қарорлар қабул қилиши ва уларни манфаатдор шахсларга ўз вақтида юборилишини таъминлаши шарт.

9-модда. Судьянинг ҳалоллиги ва поклиги

Ҳалоллик ва поклик судьянинг ўз вазифаларини лозим даражада бажаришининг зарур шартларидан ҳисобланади.

Судьянинг ҳалоллиги ва поклиги ўзига юклатилган вазифаларни виждонан бажариши, тўғри сўз бўлиши, номақбул ҳаракатлардан ўзини тийиши, бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлишида ифодаланади.

Судьянинг хатти-ҳаракати ва одоб-ахлоқи жамиятда судьяларнинг ҳалоллиги ва поклигига бўлган ишончни қувватлаб туриши лозим.

Судья ўзининг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига ўтказилган тазйиқ ва аралашувлар, шунингдек, муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармасликни талаб (ҳақ эвазига) қилинганлиги тўғрисида белгиланган тартибда судьялар малака ҳайъатига ёки Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар бериши лозим.

10-модда. Судьянинг муносиблиги

Судья ўз малакаси ва назарий билимларини доимий равишда ошириб бориши, амалий кўникмаларини такомиллаштириб бориши ҳамда малака ошириш тадбирларида  фаол иштирок этиши лозим.

Тажрибали судьялар тажриба ва билимини устоз-шогирд анъаналарини қўллаб-қувватлаган ҳолда илк бор тайинланган судьяларга ўргатишлари лозим.

11-модда. Ҳамкасблар ва бўйсунувидаги ходимлар билан ўзаро муносабат

Судья ҳамкасбларига нисбатан хушмуомала ва вазмин, танқидга нисбатан сабр-тоқатли бўлиши, унга нисбатан танқидий муносабат учун бевосита ёки билвосита таъқибга йўл қўймаслиги, бошқа судьянинг иш юритувида бўлган ишларнинг кўрилишига аралашмаслиги зарур.

Судларнинг раислари бошқа судьялар ўз вазифаларини самарали бажаришларини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришлари, суд аппарати ходимларини лавозимга шаффоф танлов асосида тайинлашлари ва бунда ошна-оғайнигарчилик, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик ва раҳнамолик каби ҳолатларга йўл қўймасликлари шарт. Судларнинг раислари судья ва суд аппарати ходимларининг ишга бўлган муносабатини доимий равишда таҳлил қилиб боришлари ва уларни эгаллаб турган лавозимларига номутаносибларига нисбатан тегишли чораларни кўришлари лозим.

Судларнинг раислари судьялар ва суд аппарати ходимлари ўртасида хизмат вазифаларини белгиланган тартибда ва адолатли тақсимланишини таъминлашлари шарт. Раҳнамолик (асоссиз рағбатлантириш ва лавозимини кўтариш), шунингдек, ножўя ишларга бепарволик (фаолиятдаги камчиликлар учун чора кўрмаслик, ҳуқуққа зид ҳаракатларга эътибор бермаслик) ҳолатларига йўл қўйилиши мумкин эмас.

Судья судьялик лавозимига номзодда йўқ шахсий хислатларни бор деб малака ҳайъати ва Кенгашга фикрнома бермасликлари шарт.

III боб. Хизматдан ташқари вақтда судьянинг

одоб-ахлоқи қоидалари

12-модда. Хизматдан ташқари вақтда фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ чекловлар

Судья хизматдан ташқари вақтда қонунда белгиланган чекловлар доирасидан четга чиқадиган ҳамда суднинг обрўсига, судьянинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига салбий таъсир кўрсатиши, судьяни рад этиш ҳақида аризалар берилиши ёки судьянинг ўзини ўзи рад этиши ёхуд судьянинг дахлсизлигини бузилишига олиб келиши мумкин бўлган фаолият билан шуғулланмаслиги лозим.

Судья алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиши мумкин эмас.

Судья зўравонлик, шафқатсизлик, миллатчилик, сиёсий ва диний руҳдаги митинглар, йиғилишлар, намойишлар шаклидаги оммавий тадбирларда иштирок этмаслиги керак.

Судья суд ресурсларидан шахсий мақсадда фойдаланмаслиги ва ходимларига шахсий ишларини буюрмаслиги лозим.

Судья муайян ишни ҳал қилишда бирон-бир кишига маслаҳат беришга ва ўз фикрини билдиришга хақли эмас.

13-модда. Хўжалик фаолиятида иштирок этиш

Судья бевосита ўзи ёки ишончли шахслар орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, жумладан, тижорат ташкилотини бошқаришда иштирок этишга ҳақли эмас.

Тижорат ташкилотларининг устав фондларидаги улуш, шунингдек, уларни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини берадиган қимматли қоғозлар ҳадя қилинган ёки мерос бўйича олинган ҳолларда судья бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига маълумот тақдим этиши ва уларни бошқаришни бошқаларга топшириш чораларини зудлик билан кўриши зарур.

Судья ўзи, турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари олаётган даромадлари ҳамда уларнинг манбалари, мулк ҳуқуқи ва ашёвий ҳуқуқ асосида эгалигида бўлган мол-мулклари ва мулкий характердаги мажбуриятлари ҳақида маълумотга эга бўлиши ва бу ҳақда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий судига маълумот тақдим этиши лозим.

Судья ҳар қандай ташкилот фойдасига маблағлар йиғишда иштирок этмаслиги, бирон-бир шахсни маблағлар йиғишда иштирок этишга даъват қилмаслиги, шунингдек, ушбу мақсадлар учун судьялик обрўсидан фойдаланмаслиги ёки бошқа шахслар ва оила аъзоларининг фойдаланишига йўл қўймаслиги керак.

14-модда. Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро муносабат

Судья суднинг иш юритувида бўлган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари қонуний кучга киргунга қадар улар юзасидан оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилишга ҳақли эмас. Судья қонуний кучга кирган суд ҳужжатларига ошкора шубҳа билдирмаслиги, бошқа судьяларнинг касбий ҳаракатлари ва шахсини танқид қилмаслиги лозим.

Судьянинг фаолияти нохолис ёритилган ҳолларда у сабр-тоқатли бўлиши, холислиги, мустақиллиги, беғаразлигини сақлаши, оммавий ахборот воситалари билан ҳар қандай қарама-қаршиликдан ўзини тийган ҳолда қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриши шарт.

Судья оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги зарур.

Судья ижтимоий тармоқларда, интернет-форумларда ва интернет тармоғидаги бошқа шаклдаги мулоқотларда қатнашиши мумкин, бироқ суд ҳокимияти, давлат органлари ва бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатмаслиги лозим.

15-модда. Давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик

Судья ўз фаолиятида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилади. Бунда у мансабдор шахслар томонидан унга таъсир кўрсатилишига, шунингдек, унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳолатларга йўл қўймаслиги лозим.

Судья давлат органлари фаолиятини оммавий танқид қилишдан, у ҳақда мулоҳаза билдириш ва унга баҳо беришдан ўзини тийиши шарт.

Судьянинг давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тузилган қўмита ва комиссияларда иштирок этиши унинг судьялик касбий вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилса, жамиятнинг суд ҳокимияти обрўсига бўлган ишончига путур етказса ёки одил судловнинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирса, судья уларнинг фаолиятида қатнашмаслиги керак.

16-модда. Суд процесси иштирокчилари билан ўзаро муносабат

Судья суд процессининг барча иштирокчилари билан шахсий муносабатларида унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигини шубҳа остига қўядиган, шунингдек бирон-бир афзаллик ва нохолис муносабат мавжуд деган тасаввурни ҳосил қилиши мумкин бўлган ҳолатлардан ўзини тийиши шарт.

Судья ўзининг мансаб мавқеи туфайли маълум бўлган сир сақланадиган маълумотдан касби билан боғлиқ бўлмаган фаолиятида фойдаланиши ёки уни ошкор қилиши мумкин эмас.

17-модда. Турмушда одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш

Турмушда одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш судья одоб-ахлоқининг таркибий қисми ҳисобланади.

Судья ўзининг ташқи кўриниши, камтарлиги ва оддийлиги билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Судья эътиборни ҳаддан ташқари жалб этадиган даражада кийинмаслиги, тақинчоқ ва бошқа безаклардан фойдаланмаслиги керак.

Судья ўз оила аъзолари, суд аппарати ходимларининг одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этишларини назорат қилиши, бирон-бир шахсга нисбатан судьянинг обрўсига зарар етказиши мумкин бўлган қўпол муомалада бўлинишига
йўл қўймаслиги лозим.

Судья ўз оила аъзолари, қариндошлари ва бошқа шахслар томонидан унинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатларига, шунингдек, суд ҳужжатларини қабул қилишига таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслиги шарт.

18-модда. Илмий ва педагогик фаолиятни амалга ошириш хусусиятлари

Судьянинг илмий ва педагогик фаолияти одил судловнинг манфаатларига зарар етказмаган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Судья оммавий маърузалар ва лекциялар билан чиқиши, мақола ва китоблар ёзиши, илмий анжуман ва конференцияларда, шунингдек, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, суд тизими ва одил судловни ривожлантиришга қаратилган тадбирларда иштирок этиши мумкин.

Судья давлат томонидан молиялаштириладиган ва бошқа тақиқланмаган илмий, амалий, фундаментал лойиҳаларда иштирок этишга ҳақли.

IV боб. Якуний қоидалар

19-модда. Ушбу Кодексга риоя этилиши устидан назорат

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси (бундан буён матнда Суд инспекцияси деб юритилади) ва тегишли судьялар малака ҳайъатлари ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бузилишининг олдини олиш юзасидан чоралар кўради ва уларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади.

Суд инспекцияси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш чоғида судьялар малака ҳайъатлари билан ҳамкорлик қилади.

Суд инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига ушбу Кодекснинг бузилишига йўл қўйган судьяга нисбатан тегишли чораларни кўриш ҳақида таклифлар киритади.

20-модда. Ушбу Кодекс қоидалари бузилганлиги ҳақида хабар бериш

Ҳар бир судья ўз ҳамкасбининг ушбу Кодексда белгиланган қоидаларни бузаётганини аниқласа, унга ушбу Кодекс қоидаларини эслатиб қўйиши, бундай ҳулқ-атворга чек қўйишини таъкидлаши шарт. Зарур вазиятда, Кодекс қоидаларининг бузилиши ҳолати юзасидан тегишли судьялар малака ҳайъатига ёки Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига мурожаат қилиши лозим.

21-модда. Ушбу Кодекс қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

Ушбу Кодексда белгиланган қоидаларни бузиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

 

24-08-2017