Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

KUN.UZ ВЕБ-САЙТИДАГИ «СУДЬЯНИНГ «ҒАРОЙИБ» ҚАРОРИ ЁХУД СУДЬЯ ДОИМ ҲАҚМИ?» НОМЛИ МАҚОЛАГА МУНОСАБАТ

05.10.2017

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Ташқи иқтисодий департаменти халқаро ҳисоб-китоблар бошқармаси ҳужжатли операциялар бўлими бош мутахассиси вазифасида ишлаб келган Раджапов Давронбек Шарипович 2017 йил 24 мартда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига ишга тиклаш, мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2017 йил 7 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантиришдан рад этилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 18 августдаги ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, Д. Раджаповнинг апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

KUN.UZ сайтида 2017 йил 21 сентябрь куни мазкур ишни кўриш натижалари ва Д. Раджапов билан меҳнат шартномасини бекор қилиниши бўйича журналист суриштирувига асосланган “Судьянинг “ғаройиб” қарори ёхуд судья доим ҳақми?” номли мақола чоп этилган.

Мазкур мақоладаги журналистнинг фикр ва мулоҳазалари суд қарорининг қонунийлигига, судьянинг мазкур ишни кўришдаги холислигига нисбатан шубха пайдо бўлишига асос бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда қуйидагича муносабат билдирилади.

Мақолада аввало Д. Раджапов билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 101-моддаси талаблари бузилганлиги, хусусан, бу учун касаба уюшмасининг розилигини олиш тартибига риоя этилмаганлиги ҳақида фикр юритилган.

Ҳақиқатдан ҳам 2017 йил 10 февралда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ валюта айирбошлаш амалиётлари махсус бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи томонидан банк бошқаруви раиси номига билдиришнома ёзилиб, унда Д. Раджапов меҳнат интизомини бузаётганлиги юзасидан унга нисбатан ишдан олишгача интизомий жазо чорасини қўллашни сўраган ва билдиришномага банк ходимлари томонидан 2017 йил 10 февралда тузилган далолатнома илова қилинган.

Банк касаба уюшмаси қўмитасининг 2017 йил 16 февралдаги йиғилишида ушбу билдиришнома муҳокама қилиниб, иш берувчига Д. Раджапов билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга розилик берилган.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши раёсатининг 2016 йил 19 августдаги 2-11-сонли қарори билан “Касаба уюшмаси органида иш берувчининг тақдимномасини кўриб чиқиш” Тартиби тасдиқланган бўлиб, Д. Раджапов билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин касаба уюшмасининг розилигини олишда ушбу тартибда белгиланган талабларга тўла риоя этилмаганлиги аниқлан, бу ҳолатга суд томонидан ҳам ҳуқуқий баҳо берилган.

Хусусан, апелляция инстанцияси томонидан Д. Раджапов билан меҳнат шартномасини бекор қилишда ушбу Тартиб талаблари бузилганлиги инкор этилмаган ҳолда, бу ҳолат даъвони қаноатлантириш учун асос бўла олмаслиги, иш берувчи томонидан буйруқ касаба уюшмасининг розилиги борлигини инобатга олган ҳолда чиқарилганлиги эътиборга олинган.

Шу билан биргаликда, журналист томонидан мазкур ҳолатга нисбатан фикр билдирилишида банкнинг 2014 йил 28 мартдан 2017 йил 28 мартгача амалда бўлган жамоа шартномасида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун касаба уюшмасининг розилигини олиш назарда тутилмаганлиги инобатга олинмасган.

Бундай тартиб банк меҳнат жамоасининг 2017 йил 28 мартда тасдиқланган 2017-2019 йиллар учун жамоа шартномасида назарда тутилган бўлиб, бу вақтга келиб Д. Раджапов билан меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлигига баҳо беришда ушбу жамоа шартномаси талабларини инобатга олиш учун асослар бўлмаган.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қодекси 101-моддасининг 1-қисмида башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг Д. Раджапов билан меҳнат шартномасини бекор қилиш вақтида амалда бўлган жамоа шартномасида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдиндан касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги олиниши лозимлиги назарда тутилмаган бўлган.

Бу ҳолат эса Д. Раджапов даъвосини у билан меҳнат шартномасини бекор қилишда банк томонидан МК 101-моддаси (меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишни касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб олиш) талаблари бузилганлиги асосида қаноатлантириш учун асослар бўлмаган.

Шу сабабли ҳам журналистнинг Д. Раджапов билан меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш тартиби бузилганлиги ҳақидаги мулоҳазалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмайди.

Ўзбекистон Республикаси ФПКда фуқаролик ишларини кўришда кимлар судья сифатида (25-модда), кимлар прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлисининг котиби сифатида (26-модда) иштирок эта олмасликлари аниқ белгилаб қўйилган бўлиб, мазкур ишни кўришда биринчи инстанция судида прокурор сифатида иштирок этган А. Исматуллоев, апелляция инстанциясида иштирок этган А. Айтмуратовларни рад этиш учун қонуний асослар бўлмаган.

Шунингдек, уларнинг ишнинг пировард натижасидан шахсан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлганлар деб ҳисоблаш учун ҳам асослар мавжуд бўлмаган.

Қолаверса, ФПК 56-моддасида исботлаш воситаларига оид қоида белгиланган бўлиб, суд томонидан иш бўйича қарор ишда иштирок этувчи прокурорнинг фикрига мос ҳолда эмас, балки, иш бўйича тўпланган далилларни ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқиш асосида ички ишонч бўйича баҳо бериши (67-модда) асосида қабул қилинади.

Шу сабабли, журналистнинг ишда иштирок этган прокурорларнинг холислигига шубха солувчи мулоҳазалари ҳам асоссиз бўлиб, ишда иштирок этувчи прокурорнинг фикри суднинг ҳулосалари билан айнан бир хил бўлиши суд томонидан ишда иштирок этувчи прокурорнинг таъсири асосида қарор қабул қилинган деб ҳисоблаш учун асос бўла олмайди.

Шу ҳолатларни инобатга олган ҳолда апелляция инстанцияси томонидан ишда иштирок этувчи прокурор А. Айтмуратовни рад этиш ҳақидаги илтимоснома белгиланган тартибда муҳокама қилиниб, уни рад этиш ҳақида тўғри хулосага келинган.

Иш берувчи А. Мирсоатовнинг акаси прокуратура идорасида ишлаши одил судловнинг амалга оширилишига ғов тўқис бўлаётганлиги сабабли апелляция инстанциясида прокурор иштирокини рад этиш ҳақида ариза суд мажлисидан бир кун олдин тақдим этилганлиги ҳақидаги фикрлар хусусида тўхталганда, мазкур ҳолат ишда прокурор иштирокини рад этиш учун асос бўлмаслиги сабабли инобатга олинган.

Қолаверса, ФПК 46-моддасида прокурорнинг процессда иштирок этиш ҳуқуқи белгиланган бўлиб, Д. Раджаповнинг даъвоси бўйича фуқаролик ишини кўришда прокурор иштирокини бутунлай рад этиш учун қонуний асослар мавжуд эмаслиги сабабли ҳам мурожаат қаноатлантирилмаган.

Юқорида кўрсатилганидек, суд мажлисида иштирок этаётган прокурорга (А. Айтмуратов) билдирилган раддия эса қонун талаблари асосида кўриб чиқилиб, рад этилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига нисбатан Д. Раджапов томонидан келтирилган апелляция шикояти иш билан биргаликда апелляция инстанциясида кўрилиб, суднинг қарорини бекор қилиш учун асослар аниқланмаганлиги сабабли ўзгаришсиз қолдирилган.

“Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 5-моддасининг 1-қисмига кўра журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида судларнинг очиқ мажлисларида, ҳарбий ҳаракатлар майдонларида, табиий офат юз берган ҳудудларда, оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Бироқ, мазкур Қонунда журналист томонидан очиқ суд мажлисларида овоз ёзувчи ёки тасвирга олувчи техника воситаларидан сўзсиз фойдаланиш ҳуқуқига эга эканликлари назарда тутилмаган,аксинча, суд мажлисларини эмас, балки маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқи белгиланган.

Шу сабабли, журналистнинг суд мажлисида овоз ёзиш ёки тасвирга олиш воситаларидан фойдаланиш юзасидан Д. Раджаповнинг мурожаати оқибатсиз қолдирилганлиги қонун талабларига мувофиқ эмаслиги ҳақидаги фикрлар ҳам ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ келмайди.

Қолаверса, фуқаролик ишида мавжуд Д. Раджаповнинг 2017 йил 16 августдаги фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси номига ёзган мурожаатида суд мажлиси бўладиган кун оммавий ахборот воситалари вакилларини суд биносига эркин кириб чиқишларига рухсат бериш сўралган бўлиб, унда оммавий ахборот воситалари вакилларини суд мажлисида тасвирга олувчи ёки овоз ёзувчи воситалар ёрдамида суд жараёнини тасвирга олиш ёки ёзиб олиш ҳақида ёки айнан “Тошкент” телеканали мухбирларини жалб этиш ҳақида илтимоснома киритилмаган.

Ўз навбатида Д. Раджапов илтимосномасида кўрсатган кунда суд биносига оммавий ахборот воситалари вакилларини эркин кириб-чиқишларига тўсқинлик қилинганлигини тасдиқловчи асослар мавжуд эмас ва суд мажлиси баённомасида ҳам оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлисида иштирок этишлари мумкинлиги эълон қилинганлиги қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси ФПКда белгиланган тамойилларга амал қилган ҳолда судьялар ишларни қонун асосида, ишнинг ҳақиқий ҳолатига мувофиқ, уларга четдан таъсир кўрсатиш мумкин бўлмайдиган шароитда ҳал қилишларини, суд жараёни тасвирга олинмаганлиги эса бу талабларни бузилган деб ҳисоблашга асос бўлмаслигини, журналист фикрлар юқорида баён қилинганларга кўра инкор этилишини инобатга олиб, ишни кўришда шаффофлик, ошкоралик талаблари бузилмаган деб таъкидлаш мумкин.

Фикримизча, муайян иш бўйича журналист ўз нуқтаи назарини билдиришида иш ҳолатлари фақатгина ишдаги тарафлардан бирининг манфаатига мос келадиган ҳолатларни таҳлил қилиш асосида эмас, балки, холислик асосида ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатларига тўғри баҳо бериши судлар фаолияти хусусида нотўғри фикр шаклланишини олдини олишга, суднинг тарбиявий роли ва фуқароларимизнинг одил судловни амалга оширишга бўлган ишончларини янада ошишига хизмат қилган бўлар эди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати