Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

ХОРИЖГА ВИЗА ТЎҒРИЛАБ БЕРМОҚЧИ БЎЛГАН ФИРИБГАР ЖАЗОЛАНДИ

09.10.2017

Лазиз ўзи ёқтирган соҳада ишлаб, оила тебратарди. Аммо унга танишлари чет элга бориб, кўпроқ даромад орттириш мумкинлигини айтишди. Шундан сўнг у ўзга юртга кетиш йўлларини қидириб, olx.uz сайтида 15 кунда Жанубий Кореяга жўнатиш бўйича эълонга кўзи тушди. У эълоннинг эгаси фирибгар эканлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди...

Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти биносида ўтган сайёр судда Низомиддин Жамоловнинг жиноий иши кўриб чиқилди.

1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган Н. Жамолов ёшлигидан қинғир йўлларда юришни одат қилди. Турли йўллар орқали одамларни чув туширишни "ўзлаштирган" Н. Жамолов чет элга ишлаш учун бориш истагида юрган одамларни тузоғига туширишни режалаштиради. Шу сабаб olx.uz сайтида 15 кунда Жанубий Кореяга жўнатиш бўйича эълон беради.

Тез ва осон йўл билан Жанубий Кореяга кетиш ҳақидаги хабарни эшитганлар, ким ёки қайси ташкилот, деб сўраб-суриштирмасдан виза тўғрилаб беришини илтимос қилиб, қўнғироқ қила бошлайди. Миробод туманида истиқомат қилувчи Лазиз Саидалиев ана шундайлардан бири бўлди.

Н. Жамолов Л. Саидалиевга чет элга виза тўғрилаб берувчи танишлари кўп эканлиги, бу иш узоғи билан икки ҳафтада битишини айтади.

Бошланғич ҳаракатлар учун олдиндан 1 минг 200 АҚШ доллари ва паспортининг нусхасини беришини сўрайди, иш битгач яна 1 минг 800 АҚШ доллари тўлашини айтади.

Л. Саидалиев айтилган суммани белгиланган вақтда етказиб беради.

Аммо Н. Жамолов пулларни олиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Судланувчи Н. Жамоловнинг айби суриштирув жараёнида тўпланган тушунтириш хатлари, юзлаштириш баённомалари ва бошқа объектив далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Н. Жамоловдан жабрланувчига нисбатан йўқотилган зарар ундириб берилди. Аммо Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича жиноят содир этганлиги учун айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 65,5 баравари, яъни 9 миллион 810 минг миқдорида жарима жазоси тайинланди.
 

ЎзА