Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯДАГИ БЎШЛИҚ ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАЙДИ

09.02.2018

Ҳар бир инсон учун муносиб турмуш шароити яратиш мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг туб моҳиятини ташкил этади. Муҳими, инсонпарварлик тамойиллари барча ташкилотлар фаолиятининг асосий мезонига айланмоқда. Буни жазони ижро этиш муассасаларида ташкил қилинаётган жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга нисбатан суд томонидан инсонпарварлик ҳужжатларини қўллаш тадбирлари ва очиқ мулоқотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Зангиота туманидаги вояга етмаганлар жазони ижро этиш муассасасида бўлиб ўтган тадбир одатдагиларидан  фарқ қилди. Даврага қамоқ муддатини ўтаётган ўсмирлар билан бирга, ўз тураржойларида профилактика ҳисобига олинган, тарбияси оғир, ҳуқуқбузарликка мойил ёшлар ва уларнинг ота-оналари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари йиғилди.

Иштирокчилар таъкидлаганидек, бугун ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш, жиноят содир этганларни тўғри йўлга бошлаш, уларни жамиятга, оиласига қайтариш, ижтимоий реабилитация ҳамда мослашишга кўмаклашиш долзарб вазифа ҳисобланади. Мазкур очиқ мулоқот ҳам шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айни чоғда у ёшларни фикр юритишга, ўз қилмишларини танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилишга, ундан хулоса чиқаришга ундагани билан янада аҳамиятли бўлди. 

Хусусан, жазо муддатини ўтаётган ёшлар ўз қилмишидан пушаймон эканликларини, нотўғри йўлга кирганликларининг сабаб ва оқибатларини тушуниб етганликларини билдиришди. Пировардида кўпчилик хулосаси деярли бир хил бўлди: содир этилган жиноятлар ўқишга бормаслик, дўст танлашда адашиш, вақт қадрига етмаслик, китоб ўқимаслик оқибатидир. Бу фикрни тарбияси оғир ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари ҳам тасдиқлашди.

Эътироф этилганидек, муассасада олиб борилаётган тарбиявий ишлар самара бермоқда, яъни ёшлар ахлоқида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Шу боис муассаса маъмурияти тегишли идораларга уларнинг бир қисмига белгиланган жазони енгиллаштириш ҳақида тақдимнома киритди.

Очиқ суд йиғилишида шу тақдимнома асосида уч нафар вояга етмаган қамоқ жазосидан озод этилди.

— Ўғлим Иброҳимнинг оиламиз бағрига қайтаётганидан ниҳоятда шодмиз, — дейди қўқонлик Нилуфар Фармонова. — Содир этилган жиноятдан нафақат унинг ўзи, бутун оила аъзоларимиз билан пушаймонмиз. Барчамиз катта синовдан ўтдик, зарур хулосалар чиқардик. Эндиликда унинг тўғри йўлни танлаб, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган инсон бўлишига ишонамиз, бунинг учун барча чораларни кўрамиз. Фарзандим каби адашганларга яна бир бор имконият бераётган Президентимиздан чексиз миннатдормиз. 

Бундай самимий дил сўзлари туман ҳудудидаги бошқа жазони ижро этиш муассасаларида ҳам баралла янгради. Уларнинг бирида муассаса раҳбарияти тақдимномасига кўра, 38 нафар маҳбуснинг жазоси ахлоқ тузатиш билан алмаштирилди. Уларнинг 24 нафари хотин-қизлардир.

Тумандаги яна бир муассаса — аёллар жазони ижро этиш муассасасида эса 14 нафар маҳбус озодликка чиқарилди. Бу юртимизда хотин-қизлар нуфузини  юксалтириш, қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, жамиятнинг тенг ҳуқуқли  аъзосига айлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасига бир мисолдир.

— Давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни кўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод  қилинганларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, — дейди Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева. — Қамоқдан озод этилганларнинг биронтаси ҳам эътибордан четда  қолмайди, уларга керакли ёрдамларни кўрсатамиз.

Инсонпарварлик тамойили билан йўғрилган бундай тадбирларни бошқа жазони ижро этиш муассасаларида ўтказиш ҳам режалаштирилган. 

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ

(“Халқ сўзи” газетаси,
2018 йил9 февраль)