Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

СУД ҲОКИМИЯТИНИНГ ЧИНАКАМ МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА КЎМАКЛАШАДИ

10.02.2018

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири — инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, аввало, асоссиз жиноий таъқиб ва шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш, шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари ҳамда адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқлари самарали муҳофаза этилишини таъминлаш ҳисобланади.

Зеро, ҳар бир демократик давлатда суд тизими инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган механизмнинг асосини ташкил қилади.

Мустақиллик йилларида юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Албатта, ислоҳотларнинг ҳаётга тўғри татбиқ этилиши ва самара бериши кўп омилларга боғлиқ. Шу боис, аввало, кадрлар, қолаверса, ишни тўғри ташкил этиш механизмини яратиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш каби ўта муҳим масалалар эътиборда бўлиб келмоқда.   

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазкур соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Унда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар, вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил қилиш таклифи илгари сурилди.

Ушбу комиссиянинг асосий вазифалари этиб одамлардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириш, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиш, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш кабилар белгиланди.

Мазкур Комиссиянинг ташкил этилиши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, биринчи навбатда, судьяларни одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан ҳимоя қилиш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, судьялар корпуси фаолиятини шакллантиришда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш, суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилаб, нуфузини янада кўтариш, судлар тузилишини такомиллаштириш ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштириш, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, фуқароларнинг судлар фаолияти юзасидан қилаётган мурожаатларининг ижобий ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади. 

Шу ўринда бир далилга эътиборингизни қаратсак. 2017 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлардан 612 таси айнан судлар фаолияти юзасидан бўлган. 

Таъкидлаш ўринлики, вилоят Халқ қабулхонасида фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун бириктирилган суд ходимлари мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтириш ва маълумотлар бериш билан чекланиб қолаётгани туфайли, уларни ижобий ҳал этишда сансалорликка йўл қўйилмоқда. Натижада бу судлар фаолиятига оид такрорий мурожаатларнинг янада кўпайишига олиб келмоқда. Вилоят судлари томонидан Халқ қабулхонаси орқали юборилган 612 та мурожаатнинг атиги 10 таси (1,6 фоизи) ижобий ҳал қилиниб, 4 таси кўрилмасдан қолдирилган, қолган 598 та (98 фоиз) мурожаатга ҳар хил мазмундаги тушунтиришлар берилган, холос. 

2017 йил 7-8 сентябрь кунлари Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбариятининг сайёр қабуллари ташкил этилиб, уларда икки мингдан ортиқ фуқаролар қатнашди ҳамда уларнинг узоқ вақтдан буён ечимини кутаётган муаммолари жойида ҳал қилинди. Бироқ вилоятда туман ва шаҳар даражасидаги судларнинг бу борадаги фаолиятини талаб даражасида, деб бўлмайди. 

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш бўйича таклифи ўз вақтида қабул қилинди, деб ҳисоблаймиз.

Боиси ушбу Комиссия мамлакатимизда юқоридагидек ҳолатларга тўлалигича барҳам беришга, суд ҳокимиятини амалда янада такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларнинг натижадорлигига катта ҳисса қўшади. Қисқача айтганда, суд инсонпарварлик тамойили асосида фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи одил орган сифатида фаолият юритади. Зеро, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида ҳам инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этиш мақсади мужассамдир.

Тоҳир БАҲРОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси

(“Халқ сўзи” газетаси,
2018 йил 10 февраль)