1 МИНГ 200 ДОЛЛАРЛИК “ВАЪДА“НИНГ ОХИРИ ҚАЕР?

30 ноябрь 2018

Қўштепа туманилик Араб Исақов Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Фарғона шаҳар ўқув спорт-техника клубига ўқишга киритиб қўяман деб бир фуқарони 1 минг 200 долларга чув туширди.

Бугун орамизда ҳарбий хизматга бориш истагида бўлган ёшлар кўп. 

Албатта, унинг тартиб-қоидалари бор. Афсуски, айрим “устомонлар” баъзида бундан фойдаланиб, айрим фуқароларни фирибгарлик йўли билан алдамоқда. А. Исақов ҳам ўзгаларни ишончига кириб, фирибгарлик йўлини тутди. 

У Б. Эгамовнинг таниши А. Содиқовни юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали 1 минг 200 АҚШ доллари эвазига ҳарбий тиббий кўрикдан ўтказиб, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув марказига ўқишга киритиб қўйиш ҳамда ушбу ўқиш орқали ҳарбий хизматга юборишга ваъда қилди. 

2018 йил 6 август куни А. Исақов мазкур 1 200 долларни олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди. 

Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди раиси Ш. Шамшиевнинг ЎзА мухбирига маълум қишича мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Судланувчи А. Исақовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Унга нисбатан жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифланиши, муқаддам судланмагани, оилавий аҳволи, оилада ягона боқувчи экани, жиноят иши бўйича зарар мавжуд эмаслиги инобатга олинди. 

 

ЎзА