1 НАФАР ШАХСГА ОҚЛОВ ҲУКМИ ЧИҚАРИЛИБ, 2 НАФАР ШАХС СУД ЗАЛИДА ҚАМОҚДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ

01 июль 2019

Жорий йилнинг 30 июнь куни Хоразм вилояти Хива ва Хонқа туманларида Олий суд раиси ўринбосари Б.Исаков ва Олий суд судьялари шунингдек, Хоразм вилоятининг жиноят, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлари раислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳалқ қабулхоналари раҳбарлари билан ҳамкорликда фуқароларнинг тизимга даҳлдор мурожаатлари юзасидан сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилинди.

Сайёр қабулда 77 нафар фуқаронинг мурожаати тингланиб, шундан 15 таси жиноят ишлари бўйича, 12 таси маъмурий ишлар бўйича, 42 таси фуқаролик ишлари бўйича ва 8 таси иқтисодий судга тааллуқли масалалар юзасидан келиб тушди.

Сайёр қабул давомида 33 та шикоят назорат тартибида ўрганиш учун қабул қилиниб, 44 та мурожаат юзасидан фуқароларга уларнинг мавжуд ҳуқуқлари юзасидан тушунтириш берилди.

Сайёр қабул жараёнида 1 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди, 2 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинди.

Бундан ташқари, ўтказилган сайёр қабул давомида Олий суди раиси ўринбосари Б.Исаков аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, йиғилишда суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини янада изчил ҳамда самарали муҳофаза қилиш юзасидан тушунтиришлар берди.

 

                                                                 

Олий суд Матбуот хизмати