12 НАФАР МАҲКУМ ЖАЗОДАН ОЗОД ЭТИЛИБ, ОИЛАСИ БАҒРИГА ҚАЙТАРИЛДИ

15 июль 2019

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларнии аниқлаш, уларни жойида бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти томонидан ҳудудларда  сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Жорий  йилнинг 13 июль куни Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров ва Олий суд судьялари томонидан Қашқадарё вилоятининг Чирокчи ва Касби туманларида ўтказилган сайёр қабулларда жами 99 нафар фуқаронинг судга оид мурожаати тингланиб, 31 нафар мурожаатчининг аризалари вилоят ва Олий суд судлов ҳайъатларида кўриб чиқиш учун қабул қилинди, 38 нафар мурожаатчига ҳуқуқлари тушунтирилди. 11 та мурожаат жойида ҳал этилди.  9 та  мурожаат  ўрганишда  эканлиги айтилди.

Сайёр қабулда ташкил этилган суд мажлисларида 11 нафар фуқаро Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ахлоқ тузатиш жазосини ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинди, 10 нафар фуқарога ЖК 74-моддасига асосан тайинган жазо енгилроғи билан алмаштирилди, 12 нафар фуқаро жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди. 

edgorov1.png

- Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган эдим, - дейди А.Жўрақулов. - Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонлигимни, оилавий шароитимни инобатга олиб, менга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. Мурожаатим инобатга олиниб, оилам бағрига қайтаётганим учун шахсан Президентимизга ва судга миннатдорлик билдираман. Эндиликда бу ишонч ва имкониятдан тўғри фойдаланиб, юртимиз ва жамиятимиз равнақи йўлида астойил меҳнат қиламан.

 

 

Олий суд Матбуот хизмати