3 НАФАР МАҲКУМ ОИЛАСИ БАҒРИГА ҚАЙТАРИЛДИ

22 июнь 2019

Хабар қилинганидек, Олий суд раҳбарияти жойларда аҳоли мурожаатларини эшитиб, қонуний чора кўриш мақсадида сайёр қабулларда иштирок этмоқда.

Кеча (21 июнь) Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров ва Олий суд судьялари Наманган вилояти Чуст туман Халқ қабулхонасида фуқароларни қабул қилди. Шунингдек, Наманган тумани, “Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғини биносида очиқ мулоқот ўтказилди.

Айтиш жоизки, сайёр қабулларда 46 нафар фуқаронинг жиноят, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ишларга оид масалалар бўйича мурожаатлари тингланди.

9 нафар мурожаатчининг назорат тартибидаги шикоят-аризалари кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

4 нафар фуқаро мурожаати жойида ҳал этилиб, уларнинг муқаддам ишлаган жойларидан тўланмай қолган иш ҳақлари ундириб берилди.  Ишга жойлашишларига ёрдам берилди.

3та мурожаат вилоят судларида кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

29 нафар фуқаронинг мурожаати бўйича тегишли тушунтириш берилди.

Сайёр қабулда 2 нафар фуқаро суд ишидан розилиги юзасидан миннатдорлик билдирди.

  • Судга банк манфаатларини кўзлаб кредит қарздорлик бўйича мурожаат қилган эдим. Мурожаатим ўз вақтида тез ва қонуний  кўрилиб, ҳал этиб берилди. Бунинг  учун Наманган вилоят судларига миннатдорлик билдираман, - дейди сайёр қабулга  келган чустлик  Гулсанам Казакбоева.

Шунингдек, сайёр қабулда 3 нафар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкум жазони ўташ жойидан озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди.

22 нафар ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазосини ўтаётган  шахслар   муддатидан олдин  жазони ўташдан озод қилинди.

1 та кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги фуқаролик иши тарафлар келиштирилиб, иш юритишдан тугатилди.

1 нафар фуқаронинг қарз тўловини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақидаги мурожаати қаноатлантирилди.



Олий суд Матбуот хизмати