АЁЛГА ҲУРМАТ-ЭЪТИБОР – бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир

29 июнь 2019

Аёлга таъриф кўп, у энг аввало, она, опа, сингил, содда қилиб айтганда, авлод давомчиси. Шу боис халқимиз азалдан муқаддас Аёл зотига доимо юксак эъзоз ва эҳтиром кўрсатиб келади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида қайд этганидек, Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, “Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади”, деган ҳикматли сўзларда албатта чуқур маъно бор.

Ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатига жаҳон ҳамжамияти, жумладан, БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ихтисослашган муассасалар томонидан юқори баҳо берилмоқда.

Ўтган қисқа даврда бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони, 2 та қарори, Ҳукуматнинг 6 та қарори ва 4 та фармойиши қабул қилинди ва улар изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, хотин-қизларнинг бузилган  ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни иш билан таъминлаш, оилаларида шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор жиҳатларидан биридир.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида тузилган Меморандум аёлларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур Меморорандум асосида жорий йилнинг ўтган даврида 99 нафар маҳкума Хотин-қизлар қўмитасининг кафиллиги остида озодликка чиқарилиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Бу каби эзгу ишлар изчил давом эттирилмоқда. 

2019  йил 28 июнь  куни Олий суд судьялари томонидан Зангиота туманида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳкумалар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Мулоқот жараёнида уларнинг муаммолари тингланди. 

Маҳкумаларга юртимизда аёллар учун яратилган имтиёз ва шарт-шароитлар ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. 

Шунингдек, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг аёллар жазони ижро этиш муассасасида сайёр суд мажлислари ўтказилди. 

 6 нафар жазо ўтаётган аёлнинг иши Олий суд томонидан назорат тартибида кўриб чиқилиб, уларнинг пенция ёшида жазо ўтаётгани, содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ахлоқан тузалиш йўлига ўтганлиги ҳамда жазонинг асосий қисмини ўтаганлиги ҳисобга олиниб, жазонинг қолган қисмидан озод қилинди ва оиласи бағрига қайтарилди. Улар билан ўз сўзларида Президентимизга бу инсонпарварлик ва бағрикенглик учун чексиз миннатдорчилик билдиришди. 

Шу куни жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг ҳам сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда жазони ижро этиш муассасаси раҳбарияти томонидан судга киритилган тақдимнома асосида 1 нафар аёлнинг иши кўрилиб, унинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилди.

 

Олий суд Матбуот хизмати