Олий суд Пленуми

Давлатмирза КОМИЛОВ

Пленум котиби, судья

 

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни

15-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми энг юқори судлов инстанцияси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва Қорақалпоғистон Республикаси олий судларининг раисларидан иборат таркибда иш олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори қатнашади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Олий хўжалик суди раиси, адлия вазири, судьялар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этиши мумкин.

 

16-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумини чақириш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми тўрт ойда камида бир марта чақирилади. Муҳокама қилинадиган умумий масалаларга доир ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг аъзоларига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига мажлисдан йигирма кун илгари юборилади.

17-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Пленум аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми:

  • ишларни назорат тартибида кўради;
  • суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқади ва қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши таркибини тасдиқлайди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномаларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг таркибини, судлов ҳайъатларининг таркиби ва раисларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котибини тасдиқлайди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг иши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек судлов ҳайъатларининг фаолияти ҳақидаги маърузаларни тинглайди;
  • Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисларининг қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришларини бажариш тўғрисидаги маърузаларини тинглайди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот органининг таҳрир ҳайъати таркибини тасдиқлайди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсати регламентини тасдиқлайди;
  • қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

18-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан суд ишларини кўриш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ишни назорат тартибида кўриш чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг иш ҳолатлари ва протест важлари ҳақидаги маърузасини тинглайди. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, шунингдек, башарти тарафлар иштирок этаётган бўлса, уларнинг фикрлари тингланади.

Протестни муҳокама қилиш ва овоз бериш чоғида мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоларидан ташқари бошқа шахсларнинг бўлишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг аъзолари овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Раислик қилувчи охирги бўлиб овоз беради.

Протест юзасидан қарор, агар уни ёқлаб Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоларининг кўпчилиги овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Ишни кўришда илгари қатнашган судья овоз беришда иштирок этишга ҳақли эмас.

Кўпчиликнинг овозини олмаган протест рад қилинган ҳисобланади.

Шундан сўнг бошқа таклифлар тушиш навбатига қараб овозга қўйилади.

Қабул қилинган қарор билан рози бўлмаган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоси ўз фикрини ёзма равишда баён этишга ҳақли бўлиб, бу фикр Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисининг баённомасига илова қилинади.

19-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг муайян суд ишлари бўйича қарори қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради ва қонунда назарда тутилган тартибда ижро этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.

20-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисининг баённомаси

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида баённома юритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисининг баённомаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.

21-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан муайян суд ишларини ҳал этиш билан боғлиқ бўлмаган масалаларни кўриш

Муайян суд ишларини ҳал этиш билан боғлиқ бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми муҳокамасига киритилган масалалар тегишинча уларнинг маърузалари ёки улар ваколат берган шахсларнинг маърузалари бўйича тингланади.

Ушбу масалаларнинг муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисига таклиф қилинган шахслар иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори мажлисда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоларининг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади ва қабул қилинган пайтдан бошлаб кучга киради.

Қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.