Олий суд ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоят, шаҳар, туманлараро, туман судлари ва ҳарбий судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишларни биринчи инстанция суди сифатида ва назорат тартибида кўради. У ўзи биринчи инстанция сифатида кўрган ишларни апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш (протест билдириш) ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг хоҳишига кўра апелляция ёки кассация тартибида кўриши мумкин. Апелляция тартибида кўрилган иш кассация тартибида кўрилмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди:
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
  • суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади;
  • судларнинг кадрлари малакаси оширилишини ташкил қилади.
 Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, судлов ҳайъатлари раислари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларидан иборат бўлиб, қуйидаги таркибда иш олиб боради:
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати;
  • Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати;
  • Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати;
  • Ҳарбий ҳайъат.