Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари

Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни 
танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича  
олий малака комиссиясининг 2013 йил  28 февралдаги 
5-сонли қарори билан тасдиқланган


СУДЬЯЛАР ОДОБ-АХЛОҚИ ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари (бундан буён
матнда – Қоидалар деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 29 декабрдаги Ф–3949-сонли Фармойиши билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тўғрисида»ги Низом, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг судьялар одоб-ахлоқини тартибга солувчи умум эътироф этилган тамойилларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
I боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қоидаларнинг предмети ва тартибга солиш соҳаси
1.  Мазкур Қоидалар судьялар учун касбий фаолиятда ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий одоб-ахлоқ қоидаларини белгилайди.
2.  Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судлари судьяларига нисбатан татбиқ этилади.
3.  Мазкур Қоидалар судьянинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди.
4.  Судьяларнинг одоб-ахлоқи масалалари ушбу Қоидалар билан тартибга солинмаган тақдирда, судьялар жамиятдаги одоб ва хулқ-атворнинг умумий тамойиллари, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг судьялар одоб-ахлоқини тартибга солувчи умум эътироф этилган тамойилларига амал қиладилар.
2-модда. Судьянинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш мажбурияти
1.  Судьялар ички ишончи асосида одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя қилишлари, одил судловнинг обрўсига, судьянинг қадр-қимматига салбий таъсир кўрсатиши ёки унинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.
2.  Судья ҳар доим қуйидагиларни ёдида тутиши керак:
Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват этилган;
суднинг фаолияти қонун устунлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган.
3-модда. Одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятнинг устуворлиги
1.  Судья учун одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият бошқа мажбуриятларга нисбатан устувордир. Судья одил судловни амалга оширишда унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши, судьянинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси ҳамда суднинг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган фаолиятдан ўзини тийишга мажбур.
2.  Судья сенатор, депутат, сиёсий партияларга аъзо бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас. Судья судьялар жамоат бирлашмаларида ҳақ тўланмайдиган лавозимларни эгаллаб туриши мумкин.
3.  Судья суд ишлари, ариза, илтимоснома ва шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек суд амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш борасидаги ишларда қатнашишдан узрли сабабларсиз бош тортишга ҳақли эмас.
4-модда.  Судьянинг хулқ-атворига қўйиладиган умумий талаблар
1.  Судья ҳар қандай вазиятда ўз шаъни ҳамда қадр-қимматини сақлаши, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилиши, камтар, хушмуомала бўлиши, ҳеч кимга нисбатан қўпол муомалада бўлмаслиги, одил судловни амалга оширишда унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши, судьянинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси ҳамда суднинг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.
2.  Судья ўз фуқаролик ҳуқуқларидан виждонан фойдаланиши ва фуқаролик мажбуриятларини бажариши шарт.
3.  Судья ўз мақомидан ўзи учун, шу билан бирга қариндошлари ва бошқа шахслар учун бирон-бир манфаат, хизмат, тижорат ёки бошқа фойда олиш мақсадида фойдаланмаслиги, шахсий масалалар юзасидан турли давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганида ўз мавқеидан фойдаланмаслиги, одил судлов фаолиятини амалга оширганлиги учун ҳақ олмаслиги шарт.
4.  Судья шахсларнинг касбий фаолиятни амалга оширишга таъсир кўрсатаётганлиги ёки таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини берадиган хатти-ҳаракатларига барҳам бериши, суд аппарати ходимлари, процесс иштирокчилари томонидан одоб-ахлоқ меъёрлари бузилишини эътибордан четда қолдирмаслиги шарт.
5.  Судья хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлиги, ишни кўришнинг якунидан ғаразли ёки ўзгача манфаатдор эканлиги ҳақидаги ўзига нисбатан ошкора айбловларни эътибордан четда қолдирмаслиги лозим.
II боб. Судьянинг касбий фаолиятини амалга ошириш борасидаги хулқ-атвор қоидалари
5-модда. Судьянинг мустақиллиги
1.  Судья ишни кўриш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларига сўзсиз риоя этиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.
2.  Судья судлов иши адолатли юритилишини таъминлашнинг кафолати бўлган ва жамоатчиликнинг судларга нисбатан ишончини мустаҳкамлайдиган судьянинг мустақиллиги конституциявий тамойилини, одоб-ахлоқ қоидаларини қўллаб-қувватлашга ва ҳаётга татбиқ этишга мажбур.
3.  Судья судлов ҳужжатини қабул қилаётганида суд процессининг барча иштирокчиларига нисбатан мустақил фикрини сақлаб қолиши шарт. Судья одил судловни амалга оширишда суд процесси барча иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, ҳар қандай тарафдан бўладиган ва ҳар қандай мақсадларни кўзлайдиган, бевосита ёки билвосита ташқи таъсир, хоҳиш, тазйиқ, таҳдид ёки аралашувлардан қатъи назар, қонунга ва ҳуқуқий онгга асосланиб, фақатгина фактларни баҳолашдан келиб чиққан ҳолда, ички ишончига мувофиқ мустақил ҳаракат қилишга мажбур.
4.  Судья ўз касбий фаолиятини қонунга мувофиқ, мустақил ва ҳеч кимга бўйсунмаган ҳолда ҳамда бирон-бир шахснинг таъсирига тушиб қолмасдан амалга оширишга мажбур.
6-модда. Судьянинг холислиги
1.  Судья ўз мажбуриятларини бирон-бир афзаллик, нохолислик ёки олдиндан пайдо бўлган нотўғри фикрларга таянмай, холислик, мустақиллик ва беғаразликни намоён этиб, суд процесси иштирокчиларининг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, қарашлари, шахсий ва жамиятдаги мавқеидан қатъи назар, уларнинг барчасига бир хил муносабатда бўлган ҳолда бажариши шарт.
2.  Судьянинг одоб-ахлоқи суд процесси тарафларининг ишончини қозонишга, жамият ишончининг ошишига ва қўллаб-қувватланишига, судьянинг холислигига бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига кўмаклашиши зарур.
3.  Судья кўрилаётган иш бўйича ушбу ишнинг якунига қандайдир тарзда таъсир кўрсатиши ёки судьянинг холислиги, беғаразлиги ва одиллигини шубҳа остига қўйиши мумкин бўлган шарҳлардан ўзини тийиши шарт.
4.  Судья қонунда назарда тутилган ҳолларда ўзини ўзи рад этишга мажбур.
7-модда. Судьянинг одиллиги
1.  Судья ўз вазифаларини юқори профессионал даражада одилона, тезкор ва виждонан бажариши шарт.
2.  Судья суд процесси иштирокчиларига ўз фикр-мулоҳазаларини эркин баён қилишлари учун тенг имконият яратиб бериши, ишларни қонунда белгиланган процессуал муддатларда кўриб чиқиши, суд мажлисларини ташкил этиш ва ўтказишда пухта бўлиши, чиқарилган суд қарорларини манфаатдор шахсларга ўз вақтида бериши шарт.
3.  Судья ишни кўриб чиқишни асоссиз ва сурункали қолдиришга йўл қўймасдан унинг суд муҳокамасига талаб даражасида тайёрланишини таъминлашга мажбур.
8-модда. Судьянинг ҳалоллиги, муносиблиги ва поклиги
1.  Ҳалоллик, муносиблик ва поклик судьянинг ўз вазифаларини лозим даражада бажаришининг зарур шарти ҳисобланади.
2.  Судьянинг хатти-ҳаракати ва хулқ-атвори жамиятда судьяларнинг ҳалоллиги, муносиблиги ва поклигига бўлган ишончни қувватлаб туриши лозим.
3.  Судья ўз малакасини юқори даражада ушлаб туришга, назарий билимлари ва амалий кўникмаларини такомиллаштириб боришга мажбур.
4.  Судья ўзининг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига ўтказилган тазйиқ ва аралашувлар, шунингдек муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик учун ҳақ таклиф қилинганлиги тўғрисида судьялар малака ҳайъатига хабар бериши лозим.
9-модда. Ҳамкасблар ва бўйсунувидаги ходимлар билан ўзаро муносабат
1.  Судья ҳамкасбларига нисбатан хушмуомала ва вазмин, танқидга нисбатан сабр-тоқатли бўлиши, унга нисбатан танқидий муносабат учун бевосита ёки билвосита таъқибга йўл қўймаслиги, бошқа судьянинг иш юритувида бўлган ишларнинг кўрилишига аралашмаслиги зарур.
2.  Судларнинг раислари бошқа судьялар ўз вазифаларини самарали бажаришларини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришлари, суд аппарати ходимларини лавозимга тайинлаш ҳуқуқидан ошна-оғайнигарчилик, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик ва раҳнамолик каби ҳолатларга йўл қўймасдан виждонан фойдаланишлари шарт.
3.  Судларнинг раислари судьялар ва суд аппарати ходимлари ўртасида хизмат вазифаларининг тенг тақсимланишини таъминлашлари шарт. Раҳнамолик (асоссиз рағбатлантириш ва лавозимини кўтариш), шунингдек ножўя ишларга бепарволик (фаолиятдаги камчиликлар учун чора кўрмаслик, ҳуқуққа зид ҳаракатларга эътибор бермаслик) ҳолатларига йўл қўйилиши мумкин эмас.
III боб. Хизматдан ташқари вақтда судьянинг
хулқ-атвор қоидалари
10-модда. Хизматдан ташқари вақтда фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ чекловлар
1.  Судья хизматдан ташқари вақтда қонунда белгиланган чекловлар доирасидан четга чиқадиган ҳамда суднинг обрўсига, судьянинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига салбий таъсир кўрсатиши, судьяни рад этиш ҳақида аризалар берилиши ёки судьянинг ўзини ўзи рад этишига олиб келиши мумкин бўлган фаолият билан шуғулланмаслиги ва оммавий тадбирларда иштирок этмаслиги керак.
2.  Судья суд ресурслари ва ходимларидан шахсий мақсадда фойдаланмаслиги лозим.
3.  Судья ҳуқуқий маслаҳат беришга ва бошқа ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ҳақли эмас.
11-модда. Илмий ва педагогик фаолиятни амалга ошириш хусусиятлари
1.  Судьянинг илмий ва педагогик фаолияти одил судловнинг манфаатларига зарар етказмаган ҳолда амалга оширилиши керак.
2.  Судья оммавий маърузалар ва лекциялар билан чиқиши, мақола ва китоблар ёзиши, илмий анжуман ва конференцияларда, шунингдек қонунчиликни такомиллаштириш, суд тизими ва одил судловни ривожлантиришга қаратилган тадбирларда иштирок этиши мумкин.
12-модда. Давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик
1.  Судья ўз фаолиятида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилади. Бунда у мансабдор шахслар томонидан унга таъсир кўрсатилишига, шунингдек унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳолатларга йўл қўймаслиги лозим.
2.  Судья давлат органлари фаолиятини оммавий танқид қилишдан, у ҳақда мулоҳаза билдириш ва унга баҳо беришдан ўзини тийиши шарт.
3.  Судьянинг давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тузилган қўмита, комиссияларда иштирок этиши унинг судьялик касбий вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилса, жамиятнинг суд ҳокимияти обрўсига бўлган ишончига путур етказса ёки одил судловнинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирса, судья уларнинг фаолиятида қатнашмаслиги керак.
13-модда. Хўжалик фаолиятида иштирок этиш
1.  Судья бевосита ўзи ёки ишончли шахслар орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, жумладан, тижорат ташкилотини бошқаришда иштирок этишга ҳақли эмас.
2.  Тижорат ташкилотларининг устав фондларидаги улуш, шунингдек уларни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини берадиган қимматли қоғозлар ҳадя қилинган ёки мерос бўйича олинган ҳолларда судья уларни бошқаларнинг эгалигига ўтказиш чораларини кўриши зарур.
3.  Судья ўзи ва оила аъзолари олаётган даромадлар ва уларнинг манбалари, мулк ҳуқуқи асосида уларга тегишли бўлган мол-мулк ва мулкий характердаги мажбуриятлар ҳақида маълумотга эга бўлиши лозим.
4.  Судья ҳар қандай ташкилот фойдасига маблағлар йиғишда иштирок этмаслиги, бирон-бир шахсни маблағлар йиғишда иштирок этишга даъват қилмаслиги, шунингдек ушбу мақсадлар учун судьянинг обрўсидан фойдаланмаслиги ёки бошқа шахслар фойдаланишига йўл қўймаслиги керак.
14-модда. Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро муносабат
1.  Судья суднинг юритувида бўлган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари қонуний кучга киргунга қадар улар юзасидан оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилишга ҳақли эмас. Судья қонуний кучга кирган суд ҳужжатларига ошкора шубҳа билдирмаслиги, бошқа судьяларнинг касбий ҳаракатлари ва шахсини танқид қилмаслиги лозим.
2.  Судьянинг фаолияти нохолис ёритилган ҳолларда у сабр-тоқатли бўлиши, холислиги, мустақиллиги, беғаразлигини сақлаши, оммавий ахборот воситалари билан ҳар қандай қарама-қаршиликдан ўзини тийган ҳолда қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриши шарт. Шу билан бирга
у оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги зарур.
15-модда. Турмушда одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш
1.  Турмушда одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш судья хулқ-атворининг таркибий қисми ҳисобланади.
2.  Судья ўзининг ташқи кўриниши сиполиги ва оддийлиги билан ажралиб туришини ўйлаши лозим. Судья эътиборни ҳаддан ташқари жалб этадиган даражада кийинмаслиги, тақинчоқ ва бошқа безаклардан, айниқса ўз хизмат вазифаларини бажариш вақтида фойдаланмаслиги керак.
3.  Судья ўз оила аъзолари, суд аппарати ходимларининг одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этишларини назорат қилиши, бирон-бир шахсга нисбатан судьянинг обрўсига зарар етказиши мумкин бўлган қўпол муомалада бўлинишига йўл қўймаслиги шарт.
4.  Судья ўз оила аъзолари, қариндошлари ва бошқа шахслар томонидан унинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатларига, шунингдек суд ҳужжатларини қабул қилишига таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслиги лозим.
5.  Судья адвокатлар ва суд процессининг бошқа иштирокчилари билан шахсий муносабатларида унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигини шубҳа остига қўядиган, шунингдек бирон-бир афзаллик ва нохолис муносабат мавжуд деган тасаввурни ҳосил қилиши мумкин бўлган ҳолатлардан ўзини тийишга мажбур.
6.  Судья ўзининг мансаб мавқеи туфайли маълум бўлган сир сақланадиган маълумотдан касби билан боғлиқ бўлмаган фаолиятида фойдаланиши ёки уни ошкор қилиши мумкин эмас.
IV боб. Назорат ва жавобгарлик
16-модда. Ушбу Қоидаларга риоя этилиши устидан назорат
1.  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси Суд инспекцияси (бундан буён матнда Суд инспекцияси деб юритилади) ва тегишли судьялар малака ҳайъатлари ушбу Қоидалар бузилишининг олдини олиш юзасидан чоралар кўради ва уларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади.
2.  Суд инспекцияси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш чоғида судьялар малака ҳайъатлари билан ҳамкорлик қилади.
3.  Суд инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига ушбу Қоидаларнинг бузилишига йўл қўйган судьяга нисбатан тегишли чораларни кўриш ҳақида таклифлар киритади.
4.  Ҳар бир судья ушбу Қоидаларнинг бузилиш ҳолати юзасидан тегишли судьялар малака ҳайъатига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
17-модда. Ушбу Қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик
Ушбу Қоидаларни бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.