Фуқароларнинг суд биносида ўзларини тутиш қоидалари

 
I. Умумий қоидалар

1.1. Мазкур Қоидалар жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлари (бундан буён матнда-судлар) бинолари ва хизмат хоналарида фуқаролар (ташриф буюрувчилар)нинг юриш-туриш тартибини белгилайди.
Қоидалар судлар томонидан одил судловни амалга ошириш масалаларини тартибга солувчи қонунчилик нормаларига, шунингдек, бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ қуйидаги мақсадларда ишлаб чиқилган:
  • фуқароларнинг суд ҳимоясида бўлиш каби конституциявий ҳуқуқини тўлароқ амалга ошириш учун шароит яратиш;
  • фуқаролар, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимлари хавфсизлигини таъминлаш;
  • судлар бинолари ва хизмат хоналарида белгиланган тартибга риоя этиш.
1.2. Мазкур Қоидаларда фойдаланиладиган асосий тушунчалар:
  • судга ташриф буюрувчи шахс деб, суд биноси ёки хизмат хонасига вақтинча (суд процесси иштирокчиси сифатида, ўз ихтиёри ёки хизмат вазифаларини бажариш муносабати билан) келган ва суд доимий иш жойи бўлмаган ҳар қандай жисмоний шахс ҳисобланади. 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганлар суд биноси ёки хизмат хонасида фақат яқин қариндошлари, васий ёки педагоглар (уларни кузатаётган бошқа шахслар) кузатувида бўлишлари мумкин;
  • суд биноси деганда, судьялар, суд аппарати ходимларини доимий асосда жойлаштириш учун мўлжалланган ва хизмат хоналари жойлашган бино ёки бинонинг бир қисми тушунилади;
  • суднинг хизмат хоналарига суд мажлисларини ўтказиш, суд ишлари, ҳужжатлари ва моддий-техник воситаларини сақлаш учун вақтинча мўлжалланган хоналар, шунингдек, умумий фойдаланиш жойлари (коридорлар, фойелар, ошхоналар, буфетлар, ҳожатхоналар, зина майдончалари ва ҳ.к.) киради;
  • суд биносини қўриқлаш хизмати ходимлари - рухсатнома бериш ҳамда жамоат хавфсизлиги тартибини таъминлаш вазифаси юклатилган ички ишлар органлари ходимлари;
  • суд бинолари ва хизмат хоналарида ўрнатилган тартиб деганда, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуи билан тартибга солинган:
а) суд ишлари бўйича суд муҳокамаси тартиби;
б) судьялар ва суд аппарати ходимларининг суд ишларини кўриш билан боғлиқ бўлмаган фаолияти;
в) судда фуқароларнинг юриш-туриш қоидалари тушунилади.
1.3. Ташриф буюрувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиб, қуйидагилар ҳисобланади:
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти;
  • ҳарбий хизматчининг ҳарбий гувоҳномаси;
  • тегишли ташкилот томонидан берилган хизмат гувоҳномаси;
  • чет эл фуқаросининг паспорти;
  • фуқаролиги бўлмаган шахс истиқомат гувоҳномаси;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳужжатлар.
1.4. Шахсни судга келишга мажбур этувчи ёки ҳуқуқ берувчи ҳужжатлар бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
  • суд хабарномаси;
  • суднинг чақирув қо\ози;
  • бошқа суд ҳужжати.
1.5. Суд биноси ва хизмат хоналарида тартиб суд раҳбарияти томонидан ташкил этилади ва суд аппарати ҳамда хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан таъминланади.

II. Cудга ташриф буюрувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

2.1. Cудга ташриф буюрувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
  • суд биноси ва мажлислар залига белгиланган кунлар ва вақтларда келиш;
  • суд иши кўрилаётганда, суд мажлислари залида суд процесси иштирокчиси сифатида, бўш жойлар мавжуд бўлган ҳолларда эса, башарти суд мажлиси ёпиқ ёки қатнашувчилар сони раислик этувчи томонидан чегараланган бўлмаса, кузатувчи сифатида қатнашиш;
  • суд ҳужжатлари намунаси ва cуд иш юритувида бўлган ишнинг кўрилиши вақти ҳамда соати ҳакидаги маълумотлар билан танишиш;
  • процессуал ҳужжатларни олиш, ариза, шикоят ва бошқа ҳужжатларни топшириш учун суднинг тегишли хизмат хоналарига кириш.
2.2. Cудга ташриф буюрувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:
  • суд биноларининг хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан техник мослама ёрдамида ўтказиладиган кўрикдан ўтиш ва уларга текшириш учун паспорт ёки бошқа ҳужжатни, шахсий гувоҳнома, шунингдек қўлидаги нарсаларини такдим этиш (аёллар сумкалари, портфеллар, папкалар ва ҳ.к.)
  • суд фаолиятида ўрнатилган тартибга ва жамоат жойларида ўзини тутиш қоидаларига риоя этиш;
  • суд мажлиси котибига ўзининг келганлигини маълум қилиш;
  • суд мажлисига таклиф қилинмагунча, суд мажлиси залларида ўрнатилган тартибни таъминлаш мақсадида судья, суд мажлиси котиби ёхуд суд аппарати ходими кўрсатган жойда бўлиш;
  • судья ёки суд аппарати ходими талабига мувофиқ суд мажлиси залини тарк этиш;
  • судья ва бошқа мажлис иштирокчилари ҳаракатларига аралашмаслик, суд муҳокамасини олиб боришга саволлар, луқма сўзлар билан халақит қилмаслик, жамоат тартиб қоидалари бузилишига йўл қўймаслик.
  • суд мажлиси заллари ва суд биноларида ўрнатилган тартибни таъминлаш мақсадида судья, суд аппарати ва хавфсизлик хизмати ходимларининг фармойиш ва талабларини бажариш;
  • суд бинолари ва хизмат хоналаридаги суднинг мулкига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, тозалик ва тинчликка риоя этиш.
III. Cудга ташриф буюрувчиларни суд биносига ўтказиш тартиби

3.1. Суд биносига ташриф буюрувчиларни суд биносига ўтказишҳар куни соат 9.00 дан 18.00 гача амалга оширилади (шанба, якшанба ва байрам кунларидан ташкари). Соат 13.00 дан 14.00 гача ташриф буюрувчиларни суд биносига ўтказиш тўхтатилади.
3.2. Суд биносига ўтказиш тартиби ва жамоат тартибини сақлаш Адлия вазирлигининг 2007 йил 15 январдаги 2/2-сонли ва Ички ишлар вазирлигининг 3-сонли қарори билан тасдиқланиб, Адлия вазирлиги томонидан 2007 йил 15 январда 1655-сон билан рўйхатга олинган “Судлар, суд мажлислари ва мажлис иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги Йўриқнома” талабларига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан амалга оширилади.
Судга ташриф буюрувчилар суднинг қўриқлаш хизмати постида мажбурий тартибда журналга қайд қилинадилар.
3.3. Суд раислари, судьялар, суд аппарати ходимлари суд биносига тўсиқсиз, хизмат гувоҳномаси ёки вақтинчалик рухсатномани кўрсатган ҳолда киришлари мумкин.
Хавфсизлик хизмати ходимларига таниш бўлган судьялар, суд аппарати ходимлари хизмат гувоҳномасини кўрсатмаган ҳолда ўтказилиши мумкин.
3.4. Халқ маслаҳатчилари суд биносига рўйхатга ва уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатга асосан киритилади.
3.5. Прокурорлар суд биносига хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда киритилади.
3.6. Суд процессида иштирок этадиган адвокатлар (вакиллар) суд биносига гувоҳнома, ордер ёхуд уларнинг ҳуқуқларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни тақдим этган ҳолда киритилади.
3.7. Юқори турувчи суд судьялари ва аппарати ходимлари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан таъминлаш департаментива унинг ҳудудий бўлимлари, ИИВ, МХХ мансабдор шахслари, қонунчилик ва ижро ҳокимияти вакиллари суд биносига хизмат гувоҳномаси асосида ўтказилади.
3.8. Суд биносига оммавий ахборот воситалари вакиллари киритилиши, шунингдек, радио, теле, кино, фото мосламалар олиб кирилиши суд раиси ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс рухсатига мувофиқ, вакиллар томонидан хизмат гувоҳномасини тақдим этган ҳолда амалга оширилади.
3.9. Қурилиш-пудрат ташкилотлари ишчилари суд биносига суд раҳбарияти томонидан тақдим этиладиган рўйхат ва паспорт асосида ўтказилади.
3.10. Суд архивидан ҳужжатлар фақат белгиланган вақтда суд раисининг рухсати билан архив учун масъул суд аппарати ходими томонидан берилади.
3.11. Фуқаролар суд биносига уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўйича, келиш сабаблари (ихтиёрий, суднинг ажрими ёки чақирув хати) аниқланиб, киритилади.
Суд мажлисига келган фуқароларда мазкур ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, уларнинг судга келиш мақсади аниқлангандан сўнг, судьянинг рухсати билан махсус журналда қайд этилган ҳолда, киритилади.
3.12. Суд биносига қуйидагилар ўтказилиши ман этилади:
  • мастлик ҳолатида бўлган шахслар;
  • инсон қадр-қиммати ва одоб-аҳлоқ қоидаларини таҳқирловчи ташқи қиёфага эга бўлган шахслар;
  • қонуний вакили ёки педагог кузатувида бўлмаган 16 ёшга тўлмаган шахслар;
  • катта ҳажмли сумка, чемодан, қути, тугун билан ташриф буюрганлар;
  • ҳайвонлар билан ташриф буюрганлар.
IV. Суд биносида хавфсизликни ва тартибни таъминлаш чоралари

4.1. Судьялар, суд аппарати ходимлари ва фуқароларнинг шахсий хавфсизлигини, шунингдек суд биносида тартибни таъминлаш мақсадида, судга ташриф буюрувчиларга қуйидагилар таъқиқланади:
  • ўқотар ва совуқ қуроллар, кимёвий ва портловчи моддалар, спиртли ичимликлар ҳамда судга ташриф буюрувчиларда мавжудлиги ёхуд қўлланилиши (фойдаланилиши) атрофдагилар хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа буюм ва воситаларни суд биносига олиб ўтиш;
  • телефон аппаратлари, видеокамералар ва бошқа аудио-видео-ёзув аппаратурасини суд биносига олиб ўтиш;
  • ёнида катта ҳажмли нарсалар (жумладан, хўжалик сумкалари, рюкзаклар, буюмлар солинадиган халталар, чемадонлар, саватлар ва ҳ.к.) бўлиши;
  • суд мажлиси залларида белгиланган тартибни таъминлашга масъул бўлган судьялар ҳамда суд аппарати ходимларининг рухсатисиз хизмат хоналарида бўлиш;
  • суд биносининг қамоқ остида бўлган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган жойлари яқинида бўлиш;
  • танишиб чиқиш учун олинган ҳужжатларни, шунингдек, суд мулкини суд биноси ёки хизмат хоналаридан ташқарига олиб чиқиш;
  • суд ҳужжатлари намуналарини суд биноси пешлавҳаларидан чиқариб олиш, шунингдек, уларда ҳар қандай эълонларни жойлаштириш;
  • махсус ажратилмаган жойларда чекиш.
4.2. Қўл юкини кўрикдан ўтказишдан, фуқаро паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатини текширишдан бош тортган шахслар суд биноси ва хизмат хоналарига киритилмайди.

V. Судга ташриф буюрувчиларнинг жавобгарлиги:
5.1. Судга ташриф буюрувчилар томонидан мазкур Қоидаларга риоя қилинмаган тақдирда, судьялар, суд аппарати ва суд биносини қўриқлаш хизмати ходимлари уларга тегишли танбеҳ беришга ва амалдаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа таъсир чораларини қўллашга ҳақли.
5.2. Одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, судга нисбатан ҳурматсизлик билдириш, суд биноси ва хизмат хоналарида жамоат тартибига риоя қилмаслик, судьялар, суд аппарати ва суд биносини қўриқлаш хизмати ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик қонунчиликда назарда тутилган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.