АСОССИЗ НАФРАТ АЛАНГАСИ

01 ноябрь 2018

Яқинда аниқланган даҳшатли жиноятлар кўпчиликни ларзага солди. 

 assossiz-nafrat.png

Оққўрғонлик Зокир (исмлар ўзгартирилган) уч боланинг умрига зомин бўлди. 

У қилган қотилликларнинг сабаби эса асоссиз ғазаб ва нафрат эди, холос.

Ниҳоятда оғир ўтган суд жараёнларида у болаларни қандай ўлдирганини бамайлихотир айтиб бергани кўпчиликни ҳайратга солди. 

Биринчи қотилликни у 2010 йилнинг июнь ойида содир этган. Ишга боришига бир оз вақт бўлган Зокир зерикиб, кўчага чиқади. Кўчада қўшниси Алижоннинг 7 ёшли ўғли ўйнаб юрарди. Шунда Алижоннинг бир вақтлар унга: «Укам, оилада ёлғиз ўғилсан, ёшинг ҳам ўтиб бораяпти, тезроқ уйлан, болаларинг туғилса, овуниб қоласан», деган гаплари ёдига тушади. Бу маслаҳат, негадир, Зокирнинг нафсониятига теккан эди. Болани кўриб, ана шу ғазаби алангаланади. Бирдан миясига болани ўлдириб, қўшнисини бир умр ­азобга солиш фикри келади ва уни алдаб, ҳовлисига олиб киради. 

Айвон ёнига етганида боланинг юзига зарб билан кетма-кет тўрт марта мушт туширади. Кейин айвонга илиб қўйилган сочиқ билан бўғиб, 2-3 дақиқа ушлаб туради…

Зокир боланинг ўлганига ишонч ҳосил қилгач, мурдасини эски ҳожатхонага ташлаб юборади. Сўнг ҳеч нарса бўлмагандек, юз-қўлини ювиб, кийимини алмаштириб, ишга йўл олади. Орадан тахминан бир ҳафталар ўтиб, мурда ташланган ҳожатхонани бузиб ташлаб, ҳовлининг бошқа томонидан янгисини қуради. 

Ҳайратланарлиси, Зокир дам-бадам турли баҳоналар билан қўшнисининг уйига кириб, бедарак йўқолган дея қидирувга берилган бола ва воқеалар ривожини билиб туради. Фарзандининг суннат тўйи видеотасвирларини йиғлаб томоша қилаётган қўшниларига ўғли тез орада топилишини айтиб, юпатади ҳам… 

Аввалги қотиллигининг иси чиқмаганидан хотиржам тортган Зокирнинг қўшниларига бўлган адовати яна қўзғалади. 2014 йил август… Кўчадан челакда сув олиб келаётганида, сал нарида яшовчи қўшниси Шокирнинг 9 ёшли ўғли велосипедда айланиб юрганига кўзи тушиб қолади. Бир пайтлар Алижон насиҳат қилганида Шокир ҳам уни қўллаб-қувватлаб: «Тезроқ уйлан, тўйингда ош еб, бир маза қилайлик», деганди. Шу лаҳзада қотил бу қўшнисининг ҳам Алижонга ўхшаб йиллар давомида изтироб чекишини ўйлайди. Ва бу болани ҳам алдаб, уйига олиб киради. Тузоққа тушганини англамаган болакай кўзи қонга тўлиб бораётган ваҳшийнинг ишорасидан велосипедини ерга қўяди. Буйруқни бажаришга улгурмасиданоқ юзига тушган зарбдан гандираклаб кетиб, ҳовлидаги шағалга йиқилади… Боланинг ўлганлигига ишонч ҳосил қилгач, мурдани янги ҳожатхонага ташлаб юборади. 

Қотилликни амалга оширгач, ҳовлига чиқади-да, боланинг велосипедини яшириб қўяди. Кейин, одатдагидек, юз-қўлларини ювиб, уйга кириб, бамайлихотир телевизор томоша қила­ бошлайди… 

Маҳаллада яна шов-шув, қидир-қидир, Шокир аканинг уйида эса йиғи-сиғи, маҳзунлик, тиқ этса умид билан эшикка термулиш… Бу сафар ҳам қотил сувдан қуруқ чиқади. Ҳеч ким ундан шубҳаланмайди…

Учинчи жиноят эса орадан 3 йил ўтиб, яъни 2017 йил 28 ноябрь куни содир этилади. Ўша куни яна уйда ёлғиз қолган Зокир соат 11:30 лар атрофида томорқасида қўлида кетмон билан ариқ очаётганди. Шундоққина ён қўшниси Зафарнинг 3 ёшли ўғли Олимжон тасодифан уларникига кириб қолади. 

Ўйинга берилиб, унинг ёнига келиб, ҳаракатларини ҳайрат ва қизиқиш билан кузата бошлайди. Болакайнинг ўзини тутиши яна ўша суҳбатларни ёдига туширади. Зокирга: «Тезроқ уйлангин», деб Зафар ҳам айтганди-да… Кўзига қон тўлиб, ўч олиш мақсадида қўлидаги кетмоннинг орқа томони билан мурғаккина Олимжоннинг бошига уради. Сўнгра уни бўғиб, ўлдиради ва ҳовлисининг бир четига ўра қазиб, мурдани кўмиб ташлайди.

Орадан бир оз вақт ўтгач, у қўшнисининг уйига чиқади. Унинг ортидан фарзандини қидириб, топа олмаган она бир аҳволда кириб келади. Аёл ундан турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб олиш учун телефонини бериб туришини сўрайди. Ўзини эркин тутишга уринаётган қотил телефонида пули йўқлигини айтади. Шу пайт яна бир қўшни аёл – Раҳима исмли онахон келиб қолади. Кўнгли нотинч она Раҳима холага ўғли Олимжон йўқолиб қолганини йиғламсираб айтиб беради. Турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб олиш учун ундан ҳам телефонини бериб туришини сўраган вақтида безовталанган қотил: «Зафар аканинг янги рақамини биламан, ўзим телефон қилиб бераман», деб тезда Раҳима холанинг телефонини қўлидан олади.

Телефон рақамини тера ­бошлаганида эса содир этган муд­ҳиш қотиллигидан ваҳимага тушганидан қўллари қалтирай бошлайди. Рақамларни тера олмаётганини кўрган Раҳима хола унга қалтирамаслигини, тезроқ қўнғироқ қилиб беришини айтади. Шунда у руҳий ҳолатини яширишга уриниб, телефонни қулоғида ушлаб туради. Бир оз вақт ўтиб ҳеч ким жавоб бермаётганини айтиб, телефонни эгасига қайтаради. Яна: «Агар ишхонага кириб кетган бўлса, телефонни ўчириб қўйгандир», дейди. Шунда Олимжоннинг онаси унга эътироз билдириб: «Акангиз ҳали ишхонага етиб бормаган, узр, сизни ҳам йўлдан қолдирдим», деганча Раҳима хола билан ўғлини излаб кетади…

Бола йўқолиши билан боғлиқ учинчи ҳолат маҳалладагиларни яна ваҳимага солиб қўяди. Тезда бу ҳақда ИИБга мурожаат қилишади. Ана шунда кўпни кўрган, тажрибали Раҳима хола Зокирнинг телефон рақамини тераётган вақтидаги ҳолатини эслаб, ундан шубҳаланганини айтади. Калаванинг учи шундан сўнг топилади…

Балки, сиз қотилнинг иқроридан уни ақли заиф бўлса керак, деган хаёлга боргандирсиз? Йўқ, бундай эмас! Аксинча, у соппа-соғ. Буни суд-тиббий экспертиза натижалари ҳам тасдиқлади. Қолаверса, узоқ давом этган тергов жараёнларида у болаларни қандай ўлдиргани-ю жасадларини ташлаган жойларини ҳеч бир адашмай, аниқ-тиниқ кўрсатиб берди. 

Албатта, Зокир қилган жиноятига яраша қонуний жазо олди. Аммо ­дунёни танишга улгурмаган гўдак­ларнинг уволи-ю, ота-­оналарнинг фарзанд доғида чеккан изтироблари, қарғишлари қотилни икки дунёда ҳам тинч қўймаслиги аниқ.

Дилшод ТОЖИБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент вилояти суди раиси

(“Ishoch” газетаси,
2018 йил 1 ноябрь)