БИР ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИЛИШИГА ОЛИБ КЕЛГАН АСОСИЙ ОМИЛЛАР

08 октябрь 2018

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди томонидан судья Р. Арапов раислигида Фарғона шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Жаҳонгир Тўрақуловнинг жиноят иши кўриб чиқилди ва унга нисбатан ҳукм ўқилди.

molotok-v-ruke.png

Панжара ортида ўтирган 16 ёшли боланинг энг навқирон чоғлари энди қамоқда ўтадиган бўлди. У тенгдошлари қатори ўқиш, бирор касбнинг этагини тутиш имкониятидан фойдаланмади, аксинча, жиноят кўчасига қадам қўйди. Уни бунга нима мажбур қилди?  

Жаҳонгир Тўрақулов 2018 йил 5 апрель куни Фарғона шаҳар Сайилгоҳ кўчасида жойлашган компьютер ўйинлари клубига кириб, ўзини гўё компьютер ўйнаётгандек тутиб, атрофни зимдан кузатади. У қаровсиз қолдирилган жабрланувчи А. Муҳаммаджоновга тегишли, нархи 500 минг сўмлик “Samsung Galaxy S6” русумли уяли алоқа телефон аппарати ва ғилофидаги 50 АҚШ долларини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади.  

Бундан ташқари, вояга етмаган Ж. Тўрақулов 2018 йил 28 май куни тунги соат 02:00 ларда Фарғона шаҳар Деҳқонлар кўчасида аҳолига транспорт хизмати кўрсатиб турган жабрланувчи И. Абдуллаевни қасддан, тамаъгирлик ниятида ўлдириб, унга тегишли оқ рангли, “Spark” русумли, 40 О 818 ОА давлат рақамли автомашинани қўлга киритишни мақсад қилади. И. Абдуллаевнинг ёнига келиб, ундан “Капиталбанк” олдига олиб бориб қўйишни сўрайди ва автомашинага гуё йўловчи сифатида ўтиради. 

Фарғона шаҳар Фаровонлик кўчаси 48-уй яқинидаги хилват жойга етиб келганида автомашинани тўхтатишни сўраб, теварак-атрофни кузатади. 

Жиноий ниятини амалга ошириш учун қулай вазият эканини билиб, автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтириб, сумкасидаги сариқ рангли, ёғоч дастали ошхона пичоғини қўлига олади ва И. Абдуллаевнинг бўйин, чап ўмров ва бошқа қисмларига ўн бир марта санчади. Табиийки, И. Абдуллаев ҳаётини сақлаб қолиш учун автомашинадан тушиб қочиб кетади. Ж. Тўрақулов қасддан одам ўлдиришга қаратилган жиноий ҳаракатини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказа олмаган бўлса-да, жабрланувчига тегишли автомашинани олиб қочади.  

Шу вақт хизмат бурчини бажариб турган ҳарбий хизматчи А. Расулов И. Абдуллаевнинг ёрдам сўраган овозини эшитиб, воқеа жойига етиб келади ва унга вақтида ёрдам кўрсатади. Шу туфайлигина унинг ҳаёти сақлаб қолинган ва Фарғона шаҳар ИИБ томонидан ўтказилган “Тутиб олиш” тезкор тадбири натижасида Ж. Тўрақулов автомашинани Фарғона шаҳар Аэропорт кўчасида бошқариб кетаётганида тўхтатилиб, қўлга олинган.  

Суд томонидан мазкур жиноят иши қонуний асосда кўриб чиқилиб, Ж. Тўрақуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.  

Вояга етмаган ўсмирнинг ота-онаси, у ўқийдиган таълим муассасаси, яшайдиган маҳалласи бундай ҳолат содир бўлгунча нега бефарқ, лоқайд муносабатда бўлди? Мазкур жиноят иши билан танишар эканмиз, унинг содир этилишига бир неча омиллар сабаб бўлганини кузатдик.  

Мутахассисларнинг фикрича, ўсмирлар ва ёшлар ҳуқуқбузарлиги, жинояти ёки уларнинг жабрланувчи бўлиб қолишига 200 га яқин омил таъсир кўрсатади. Шулар орасида энг асосийси оиладаги носоғлом муҳитдир. 

Ота-онанинг фарзандидаги салбий ўзгаришларга, унинг феъл-атвори, таълим-тарбиясига эътиборсиз бўлиш бола келажаги учун жиддий хавф туғдирувчи асосий омил ҳисобланади. Ж. Тўрақулов онаси билан ижарада яшаб келган. Отаси эса хорижга ишлагани кетган ва оиласи ҳолидан хабар олмай қуйган.  

Жаҳонгир муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган ва озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилиниб, жазони ўтаб келган бўлса-да, бундан тегишли хулоса чиқармади. Маҳкум Ж. Тўрақуловнинг хулқи устидан назорат қилиш етарли даражада таъминланмагани, назоратсизлик оқибатида яна жиноят содир этди. Судда у онасининг иш ҳақи кундалик эҳтиёжларига ҳам етмай қолгани сабабли жиноят содир этганини баён қилди. Маҳалла фуқаролар йиғини, профилактика инспектори ҳам вояга етмаган бу боланинг тақдирига, тарбиясига бефарқ муносабатда бўлган.  

Судланувчи Ж. Тўрақуловнинг кўрсатмасига кўра, у ўқиётган 6-умумтаълим мактабида ҳар ойда таъмирлаш ва бошқа ишлар учун 5 минг сўмдан пул йиғилган. Шундай ҳам эҳтиёжманд оила фарзанди ушбу тўловлардан 25 минг сўм қарз бўлиб қолган. Ана шу қарзни узиш учун ҳам жиноятга қўл урган. Мана сизга, мактаб раҳбариятининг ўқувчи тарбиясига бўлган муносабати! Аслида, мазкур мактаб ҳам Ж. Тўрақулов каби оғир шароитда яшаётган ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, унинг тарбиясига жиддий эътибор қаратиши керак эмасмиди?  

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди мазкур жиноят иши юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси, Фарғона шаҳар ҳокимлиги ва Фарғона шаҳар Ички ишлар бошқармасига хусусий ажрим чиқаргани ҳам бежиз эмас.  

Мутасаддиларнинг вояга етмаганлар тарбиясига бефарқ бўлиши асло мумкин эмас. Инсон ўз-ўзидан жиноятга қўл урмайди, ҳуқуқбузарликлар шунчаки содир этилмайди. Бинобарин, асосий эътибор ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашишга эмас, балки барвақт олдини олишга, содир этишга имкон берган сабабларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилиши лозим.  

 

ЎзА