БЎҲТОН БАЛОСИ ЁХУД 11 ЙИЛДАН СЎНГ РЎЁБГА ЧИҚҚАН ҲАҚИҚАТ

27 апрель 2019

Ҳаётда баъзан кимдир бошқа бир кишини айблаётганига гувоҳ бўлиб қоламиз. Бундай вазиятда ўзини жабрланган деб билган кишининг гап-сўзларига беихтиёр ишониб ҳам қоламиз. Аммо ким ҳақ-у ким ноҳақ экани судда ойдинлашади. Шу боис судьядан ҳар бир ишга қонун талабидан келиб чиқиб, синчковлик билан ёндашиш талаб этилади.

zarima.png

Аслини айтганда, ҳаётда бировга кўр-кўрона туҳмат қилиш, ноҳақ айблаш ҳеч кимга ҳеч қачон рўшнолик олиб келмаган. Туҳмат балоси барибир изсиз кетмайди. Яқинда Зангиота туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида бу азалий ҳақиқат яна бир карра ўз исботини топди.

Шу ўринда сўзимизни ҳаётий мисоллар ёрдамида давом эттирадиган бўлсак, Хуршид Эргашев 2006 йил сентябрь ойидан УЯ 64/14 сонли ЖИЭМнинг навбатчилик қисмида бошлиқнинг тезкор навбатчи-ёрдамчиси лавозимида фаолият юрита бошлайди. У хизмат вазифасини бажариш жараёнида маҳкума Малоҳатхон Мирзамуҳамедовага белгиланган тартиб-қоидаларни бузгани учун танбеҳ беради. Аламзада аёл эса, буни нотўғри тушуниб, ўзича ундан қасд олишни кўнглига тугиб қўяди. Орадан икки йил ўтса ҳамки, у фикридан қайтмайди. 2008 йил 27 октябрь куни соат 19:00 ларда ЖИЭМ навбатчилик қисмида Хуршид Эргашев ёрдамчиси Фахриддин Ибрагимов билан бирга ишдан қайтган маҳкумаларни текширувдан ўтказади.
 
Х.Эргашев учрашув хонасига келган фуқароларнинг сонини аниқлагач, навбатчилик қисмига қайтади. Орадан тахминан ўн-ўн беш дақиқа ўтгач, М.Мирзамуҳамедова учрашув хонасидан чиқиб, навбатчилик қисмига келади-да, Ф.Иброҳимовдан "Хуршид қани?" — деб сўрайди. Аммо унинг жавобини эшитишга ҳам сабри чидамай хизмат хонасига киради-да, Х.Эргашевни "мен ҳақимда яна ҳар хил гапларни гапириб юрибсиз, ҳали кунингизни кўрсатаман", — дея куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлашга тушади.
 
Айни шу чоғ кутилмаганда, М.Мирзамуҳамедованинг тоби қочиб қолади. ЖИЭМга қарашли шифохона шифокори Нурмухамбет Кўчарбоев келиб, аёлни кўздан кечиради. Маҳкуманинг бироз қон босими кўтарилганини аниқлаб, зарур муолажа қилади.
 
Шундан сўнг аёл бадтар жазавага тушганча Х.Эргашев номусига текканини айтиб, шикоят қилишга тушади. У шикоят аризасида Х.Эргашев тегажоғлик қилгани учун бадани кўкаргани, қўпол ҳаракати туфайли ҳатто кофтасининг тугмаси узилиб кетганини билдиради.
 
Мазкур воқеадан сўнг орадан бир неча йил ўтгач, аёл жазони ўташ вақтида танишган Малика Ташматова билан кўчада тасодифан учрашиб қолади. Шунда аёл юрагидаги дарду ҳасратини тўкиб солади: ўшанда Х.Эргашев унга тажовуз қилмагани, аслида у мутлақо бегуноҳ экани, айбсиз одамга кўра-била туриб атай туҳмат қилгани, бу қилмиши учун худо ўзини жазолагани, жазони ўтаб чиққач, вояга етмаган фарзанди вафот этгани, ўзи бир неча марта оғир касалга чалингани, айни дамда виждон азоби қаттиқ қийнаётганини йиғлаб туриб, айтиб беради. Шундан сўнг Малоҳатхон Республика Бош прокуратурасига ариза билан мурожаат қилади.
 
М.Мирзамуҳамедова ўз аризасида қуйидагиларни баён қилади:
"Мен 2008 йилда УЯ 64/14-сонли Жазони ижро этиш манзил-колониясида жазони ўташни бошлаганман. 2008 йил 20 октябрь куни Жазони ижро этиш колониясининг директори вазифасида ишловчи З.Фармонов ва тезкор вакил М.Каракуловалар Х.Эргашевга нисбатан туҳмат уюштириш ҳақида яширинча кўрсатма беришди. Агар бунга рози бўлмасам, оғирроқ жазо қўллашларини айтиб, қўрқитишди. Уларнинг тазйиқи остида Х.Эргашевга туҳмат қилдим, у номусимга текканлиги ҳақида ёлғон ариза ёздим. Шундан сўнг Х.Эргашев ишдан бўшатилиб, жиноий жавобгарликка тортилди, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Менинг туҳматим туфайли бир бегуноҳ инсон жазога тортилди. Ҳозирда жазони ўтаб чиққанман. Бу қилмишим учун вояга етмаган фарзандим вафот этди. ўзим эса, бир неча марта оғир касалликка чалиндим. Айни вақтда Х.Эргашевга қилган туҳматим учун виждон азоби сира тинчлик бермаяпти. Аслида Х.Эргашев менга тажовуз қилмаган, бу туҳматларнинг уюштирилишига З.Фармонов ва М.Каракулованинг қат-тиқ босими сабаб бўлган".
 
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг 2014 йил 13 майдаги суд мажлисида жабрланувчи М.Мирзамуҳамедова судланувчи Х.Эргашевга нисбатан туҳмат қилганлигини, дастлабки тергов ва биринчи инстанция судида судланувчига нисбатан нотўғри кўрсатма берганлигини таъкидлашига қарамасдан кассация шикояти ўзгаришсиз қолдирилди. 
 
Фақат судланувчи Х.Эргашевнинг шикоят аризасига асосан, 2017 йил август ойида Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан  биринчи инстанция ва кассация инстанция суди чиқарган қарорлар бекор қилиниб, жиноят иши атрофлича, холис ва синчиклаб кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судига юборилди.
 
Жиноят иши материалларига қараганда, воқеа 2008 йил 27 октябрь куни соат 20:30 ларда содир бўлган. М.Каракулова эса, шу куни соат 19:30 ларда М.Мирзамуҳамедова ва Х.Эргашев ўртасида ўзаро келишмовчилик юз берганини билдириб гувоҳлик берган. Яна бир гувоҳ М.Хўжамбердиев ҳам шу куни соат 19:25 ларда жанжал бошланганини айтиб, кўрсатма берган.
 
Бундан кўринадики, Х.Эргашев томонидан жабрланувчига нисбатан қачон ва қандай шароитда ноқонуний хатти-ҳа¬ракатлар содир этилгани юзасидан ишончли кўрсатма мавжуд эмас, иш ҳолати ҳам дастлабки тергов органи томонидан батафсил ўрганилмаган. Воқеа тафсилоти, усули, вақти, ҳақиқатан ҳам, жиноий ҳаракатлар содир бўл¬ган-бўлмаганлиги батафсил текширилмасдан, шошма-шошарликка йўл қўйилган.
 
Бундан ташқари иш бўйича М.Мирзамуҳамедова тан жароҳатлари олганини тасдиқловчи далиллар йўқ. Яъни ҳақиқатни аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси ўтказилмаган. Унинг кийимидан тушган тугмаси ашёвий далил тариқасида олинмаган.
 
Бундай вазиятда қонун талабига кўра, Х.Эргашевга нисбатан Жиноят кодексининг 121-моддаси 1-қисми ва 206-моддаси 1-қисми билан эълон қилинган айблов ўз тасдиғини топмаган ҳисобланади. Шу боис суд Х.Эргашевни Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан айбсиз деб топиб, реабилитация қилишни лозим топди.
 
Суд муҳокамалари ниҳоясида оқланган инсоннинг кўзларида қувонч ёшларини кўрар эканмиз, халқимиздаги ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди, деган ҳикматли нақл кўнгилларни мунаввар этди.
 
 
Зафар ШАРОПОВ,
жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг судьяси