Олий суд Пленуми

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва Қорақалпоғистон Республикаси судларининг раисларидан иборат таркибда иш олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори қатнашади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Судьялар олий кенгаши раиси, адлия вазири, судьялар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумини чақириш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми тўрт ойда камида бир марта чақирилади. Муҳокама қилинадиган умумий масалаларга доир ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг аъзоларига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига мажлисдан йигирма кун илгари юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Пленум аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми:

  • суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқади ва қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши таркибини тасдиқлайди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномаларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг таркибини, судлов ҳайъатларининг таркибини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котибини тасдиқлайди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг иши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек судлов ҳайъатларининг фаолияти ҳақидаги маърузаларни тинглайди;
  • Қорақалпоғистон Республикаси судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисларининг қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришларини бажариш тўғрисидаги маърузаларини тинглайди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот органининг таҳрир ҳайъати таркибини тасдиқлайди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсати регламентини тасдиқлайди;
  • қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисининг баённомаси

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида баённома юритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисининг баённомаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми муҳокамасига киритилган масалалар тегишинча уларнинг маърузалари ёки улар ваколат берган шахсларнинг маърузалари бўйича эшитилади. Ушбу масалаларнинг муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисига таклиф қилинган шахслар иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори мажлисда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоларининг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади ва қабул қилинган пайтдан бошлаб кучга киради.

Қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси вазифасини бажариш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисини тайёрлашга, мажлис баённомасини юритишга доир ишларни ташкилий жиҳатдан таъминлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қабул қилган қарорларнинг ижроси учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширади.

Алимов Ибрагим Мирзарахимович - Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби