Маъмурий ишлар бўйича мурожаат этишда ҳужжатларга қўйиладиган талаблар

Маъмурий ишлар бўйича мурожаат этишда ҳужжатларга қўйиладиган талаблар

4-модда. Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар мурожаат қилишга ҳақли.

Судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.

5-модда. Судга мурожаат қилиш шакли

Судга мурожаат қилиш:

фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза (шикоят) ва илтимоснома шаклида;

апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларига мурожаат этилганда, шунингдек ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

6-модда. Маъмурий иш

Маъмурий иш ишда иштирок этувчи шахслар ва маъмурий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан судга тақдим этилган ёхуд суд томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар, шунингдек қоғозда расмийлаштирилган суд ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар асосида шакллантирилади.

Маъмурий иш электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.

Маъмурий иш электрон шаклда шакллантирилган ҳолларда, ишда иштирок этувчи шахслар ва маъмурий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ўзларининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳужжатларни судга электрон шаклда тақдим этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар ва маъмурий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан судга тақдим этилган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.

Маъмурий иш электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, суд ҳужжатлари судьянинг (судьяларнинг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, суд мажлисларининг ҳамда алоҳида процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Электрон шаклдаги маъмурий ишни бошқа маъмурий судга ёки бошқа органга ўтказиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Электрон шаклда шакллантирилган маъмурий иш қоғоздаги кўчирма нусхасига эга бўлиши мумкин.

7-модда. Суд ҳужжатлари

Суд ҳал қилув қарори, ажрим, қарор шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилади.

Биринчи инстанция судида ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинади.

Апелляция ва кассация шикоятларини (протестларини) кўриш натижалари бўйича апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан, шунингдек апелляция, кассация ва назорат шикоятларини (протестларини) кўриш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан қарорлар қабул қилинади.

Назорат тартибида суд ҳужжатларини қайта кўриш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан қарорлар қабул қилинади.

Иш мазмунан ҳал этилмасдан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари ажримлар шаклида чиқарилади.

92-модда. Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш асослари

Ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра суд, агар:

1) маъмурий иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатида ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса;

2) аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чоралар кўрмай туриб, ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса дастлабки ҳимоя чораларини кўриши мумкин.

93-модда. Дастлабки ҳимоя чоралари

Қуйидагилар дастлабки ҳимоя чоралари бўлиши мумкин:

1) жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш;

2) бошқа шахсларга низо предметига тааллуқли бўлган муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш;

3) мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш;

4) маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш.

Суд томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта дастлабки ҳимоя чоралари кўрилиши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чоралари арз қилинган талабга мос бўлиши керак.

94-модда. Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза судга ариза (шикоят) билан бир вақтда ёки иш юритиш жараёнида берилиши мумкин.

Дастлабки ҳимоя тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) тарафларнинг номлари (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

3) талаб предмети;

4) дастлабки ҳимоя чорасини кўриш зарурлигининг асослантирилганлиги;

5) аризачи кўришни сўраётган дастлабки ҳимоя чорасининг тури;

6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Аризада бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Вакил томонидан имзоланган аризага ишончнома ёки унинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилинади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги илтимоснома аризада (шикоятда) баён этилиши мумкин.

Агар дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги илтимоснома аризада (шикоятда) баён этилса, мазкур илтимосномада ушбу модда иккинчи қисмининг 4 ва 5-бандларида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

95-модда. Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш

Ариза (шикоят) билан бирга берилган дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан кўриб чиқилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза суд мажлиси чоғида берилган тақдирда, у шу мажлисда кўриб чиқилиши керак.

Агар дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза иш юритиш жараёнида берилган бўлса, у келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақидаги ёки дастлабки ҳимоя чораларини кўришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Шикоят берилиши (протест келтирилиши) ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.

127-модда. Иш қўзғатиш асослари

Суд:

1) манфаатдор шахсларнинг;

2) прокурорнинг;

3) давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, шу давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.

128-модда. Аризанинг (шикоятнинг) шакли ва мазмуни

Ариза (шикоят) судга ёзма шаклда берилади. У аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Аризада (шикоятда) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза (шикоят) берилаётган суднинг номи;

2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар (агар улар мавжуд бўлса);

4) арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;

5) аризачининг қонун ҳужжатларига асослаб келтирган талаблари, талаб бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;

6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Аризада (шикоятда) аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Аризада (шикоятда), агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек аризачидаги мавжуд бўлган илтимосномалар кўрсатилади.

Аризачи ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни, агар улар маъмурий судга тааллуқли бўлса, битта аризага (шикоятга) бирлаштиришга ҳақли.

129-модда. Аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориш

Аризачи ариза (шикоят) бераётганда жавобгарга ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган, уларда бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт.

130-модда. Аризага (шикоятга) илова қилинадиган ҳужжатлар

Аризага (шикоятга) қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:

1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса;

2) аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганлигини;

3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатларни;

4) аризани (шикоятни) имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса.

190-модда. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида илтимоснома бериш

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштиришга асослар аниқланган тақдирда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилган пайтдан эътиборан 48 соат ичида уни реабилитация марказига ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ва уни реабилитация марказига жойлаштириш зарурлигини тасдиқловчи материаллар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс аниқланган ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади.

191-модда. Илтимосноманинг шакли ва мазмуни

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома судга ёзма шаклда берилади ва ички ишлар органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

Илтимосномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) ички ишлар органининг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

3) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

4) илтимосномага асос бўлган ҳолатлар;

5) берилган илтимосноманинг асосларини тасдиқловчи далиллар;

6) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимос, жойлаштириш муддатини кўрсатган ҳолда;

7) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Илтимосномада ички ишлар органининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида ушбу моддада назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган илтимоснома ички ишлар органига қайтарилади.

192-модда. Илтимосномага илова қилинадиган ҳужжатлар

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномага қуйидагилар илова қилинади:

1) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни аниқлаган мансабдор шахснинг шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома киритиш тўғрисидаги, тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органи раҳбари томонидан тасдиқланган қарори;

2) яшаш манзиллари (манзиллар бўйича бюро) ҳақида ахборот берувчи органнинг маълумотномаси, шунингдек муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги маълум бўлган охирги яшаш жойини текшириш натижалари тўғрисидаги маълумот;

3) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг тушунтириши ёки бундай шахс томонидан тушунтириш бериш рад этилганлиги тўғрисида тегишли тарзда тузилган далолатнома;

4) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари тўғрисида тиббий маълумотнома;

5) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг ҳуқуқлари, шу жумладан адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш ва ўз яқинларига телефон орқали қўнғироқ қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳақидаги баённома.

Илтимосномага билдирилган илтимосномани асословчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

200-модда. Апелляция шикояти бериш (протест келтириш) ҳуқуқи

Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга, прокурор эса апелляция протести келтиришга ҳақли.

Суднинг ҳал қилув қарори устидан тўлиқ ёки қисман шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

201-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўрувчи суд

Апелляция шикояти (протести):

туман (шаҳар) маъмурий судининг ҳал қилув қарори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан;

ҳудудий ҳарбий суднинг ҳал қилув қарори ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.

202-модда. Апелляция шикоятини (протестини) бериш тартиби

Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.

203-модда. Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати

Агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан йигирма кун ичида берилиши мумкин.

Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддатини тиклашни рад этиш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

204-модда. Апелляция шикоятининг (протестининг) шакли ва мазмуни

Апелляция шикояти (протести) судга ёзма шаклда берилади ва шикоятни (протестни) берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Апелляция шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) апелляция шикояти (протести) йўлланаётган суднинг номи;

2) шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи, ишнинг рақами ва ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, талабнинг предмети;

4) шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ҳамда шикоят (протест) берган шахснинг қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларига, иш ҳолатларига ва далилларга ҳавола қилган ҳолда ҳал қилув қарорини нотўғри деб ҳисоблаш учун келтирган асослари;

5) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Апелляция шикоятида шикоят бераётган шахснинг ёки унинг вакилининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

205-модда. Апелляция шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхаларини юбориш

Апелляция шикоятини (протестини) бераётган шахс ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхасини ва унга илова қилинган, бу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларни юбориши ёки тилхат билан шахсан топшириши керак.

206-модда. Апелляция шикоятига (протестига) илова қилинадиган ҳужжатлар

Апелляция шикоятига қуйидагилар илова қилинади:

1) давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

2) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция шикояти ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

3) апелляция шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, вакилнинг уни имзолашга доир ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Апелляция протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга протестнинг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Аризани (шикоятни) қайтариш ёки аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан берилган апелляция шикоятига (протестига) қайтарилган ариза (шикоят) ва уни судга бериш чоғида унга илова қилинган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.

224-модда. Кассация шикояти бериш (протести келтириш) ҳуқуқи

Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти, прокурор эса кассация протести беришга ҳақли.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан тўлиқ ёки қисман шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

225-модда. Ҳал қилув қарорларининг қонунийлигини ва асослилигини кассация тартибида текширувчи судлар

Кассация шикояти (протести):

туман (шаҳар) маъмурий судининг ҳал қилув қарори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан;

ҳудудий ҳарбий суднинг ҳал қилув қарори ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.

226-модда. Кассация шикоятини (протестини) бериш тартиби

Кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни кассация инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.

227-модда. Кассация шикоятини (протестини) бериш муддати

Кассация шикояти (протести) суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой ичида берилиши мумкин.

Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилган ва кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақида кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

Кассация шикоятини (протестини) бериш муддатини тиклашни рад этиш ҳақида кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

228-модда. Кассация шикоятининг (протестининг) шакли ва мазмуни

Кассация шикояти (протести) судга ёзма шаклда берилади ва шикоят (протест) берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Кассация шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) кассация шикояти (протести) йўлланаётган суднинг номи;

2) шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи;

4) ишнинг рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, талаб предмети;

5) шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ва шахс қонунларга ёки бошқа қонун ҳужжатларига, иш ҳолатларига ҳамда далилларга ҳавола қилинган ҳолда суд ҳужжатини нотўғри деб ҳисоблаш учун келтирган асослар;

6) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Кассация шикоятида уни бераётган шахснинг ёки унинг вакилининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

229-модда. Кассация шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхаларини юбориш

Кассация шикоятини (протестини) бераётган шахс ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация шикоятининг (протестининг) ва унга илова қилинган, бу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши ёки тилхат олиб шахсан топшириши керак.

230-модда. Кассация шикоятига (протестига) илова қилинадиган ҳужжатлар

Кассация шикоятига қуйидагилар илова қилинади:

1) давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

2) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация шикоятининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

3) кассация шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, кассация шикоятига вакилнинг имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Кассация протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация протести ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Аризани (шикоятни) қайтариш тўғрисидаги, аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги, апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ва апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан берилган кассация шикоятига (протестига) қайтарилган ариза, шикоят (протест) ва судга тақдим этиш чоғида унга илова қилинган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.

249-модда. Суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқи

Апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар томонидан назорат тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари қуйидагиларнинг протестларига кўра назорат тартибида қайта кўрилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори — Ўзбекистон Республикаси ҳар қандай судининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари устидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосарлари — Ўзбекистон Республикаси судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари устидан, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарорлари мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосарлари — Ўзбекистон Республикаси судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари устидан, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарорлари мустасно.

250-модда. Ишларни назорат тартибида кўрадиган судлар

Ишлар назорат тартибида:

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан — суд ҳужжатлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарорлари мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан — мазкур Кодекс 249-моддасинингиккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг протестлари бўйича кўрилади.

251-модда. Ишларни талаб қилиб олиш

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ишни назорат тартибида қайта кўриб чиқишга асослар мавжудлиги масаласини тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли маъмурий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли.

252-модда. Назорат шикояти бериш (протести келтириш) тартиби ва муддати

Назорат шикояти (протест) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.

Назорат шикояти (протест) ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.

253-модда. Назорат шикоятининг (протестининг) мазмуни

Назорат шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) назорат шикояти (протести) берилаётган суднинг номи;

2) шикоятни (протестни) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери ва ишдаги процессуал ҳолати;

3) ишда иштирок этаётган бошқа шахсларнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

4) ишни биринчи, апелляция ёки кассация инстанциясида кўрган судлар ва улар қабул қилган қарорларнинг мазмуни;

5) устидан шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) суд ҳужжати;

6) важларни келтирган ҳолда суд ҳужжатини назорат тартибида қайта кўриш учун асослар;

7) шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимоси.

Ишда иштирок этмаган шахснинг назорат шикоятида қонуний кучга кирган суд ҳужжати билан унинг қандай ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатлари бузилганлиги кўрсатилиши керак.

Назорат шикояти шикоят бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак. Вакил томонидан берилган шикоятга ишончнома ёки унинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилинади. Протест у келтирилган мансабдор шахс томонидан имзоланиши керак.

Назорат шикоятига иш бўйича қабул қилинган, суд ҳужжатларининг кўчирма нусхалари ва шикоятнинг (протестнинг) кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далил илова қилинади.

Назорат шикоятига белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.