ЧИҚИМИ “ЧАҚДИ...”

06 ноябрь 2018

Коррупция. Бу иллат илдиз отган жойда тараққиёт одимлари ҳаракатдан тўхтайди. Жамият таназзулга юз буриб, инсонларнинг ҳаёти издан чиқа бошлайди. Шу боис ҳам бугун бутун дунё коррупцияга қарши курашишда барча чораларни кўрмоқда.

cikimi-cakdi.png

Жумладан, мамлакатимизда­ ҳам бу борада кўплаб ишлар амал­га оширилмоқда. Барча ­идора ва ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши курашиш тадбирлари ўтказилмоқда. Айниқса, бунда Адлия вазирлигининг саъй-ҳаракатлари алоҳида эътирофга лойиқ. Оммавий ахборот воситаларининг барча турларидан кенг фойдаланаётган вазирлик ўзининг коррупцияга қарши курашишга чорловчи видеоролик­лари, ҳуқуқий ахборот телеграм каналида берилаётган карикатуралари, га­зеталардаги чиқишлари, ижтимоий тармоқлардаги лавҳа ва текстлари, инфографикалар, баннерлар орқали кенг жамоатчиликка ҳуқуқий тушунтиришлар бериб келмоқда. 

Халқимиз тилида “яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи”, деган нақл юради. Бу мақолни келтиришдан мақсад юқорида тилга олинган тарғиботлардан кўпчилик ўзига тўғри хулоса қил­са, орамизда яна кимлардир бу менга тегишли эмас қа­билида иш кўрмоқда. Бунга жиноят ишлари бўйича Янги­йўл шаҳар судида кўрилган Сардор Носировнинг (исм-ша­рифлар ўз­гартирилган) коррупция­ билан боғлиқ иши мисол бўла олади. 

С. Носиров Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Янгийўл шаҳар филиалида ишларди. Яшаш жойига эгалиги, рўзғорининг бутлиги унинг топгани оиласини обод қилиб турганидан далолат. Аммо у бунга қаноат қилмадими ёки нафс балосига йўлиқдими, корхонадаги хизмат мавқеидан фойдаланиб, порахўрлик сари қадам ташлади... 

Лола Ҳаитова ўзига тегиш­ли бўлган турар ва нотурар иншоотларига бўлган кадастр ҳуж­жатларини янгилаш учун Янгийўл шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонасига келади.­ Корхонада бу иш бевосита С. Но­сиров зиммасидалиги боис Л. Ҳа­итова Сардор билан учрашиб, унга ҳужжатларни тутқазар экан, иложи бўлса тезроқ ҳал қилиб беришини сўрайди. 

Албатта, айтганингиздек қи­ла­миз, дея ҳужжатларни олган С. Носиров Л. Ҳаитова кетгандан сўнг на берган ваъдасига амал қилди, на фуқароларнинг қонунда белгиланган мурожаатларини кў­риб чиқиш тартиб-тамойилини ёд­га олди. Орадан анча вақт ўтгач Л. Ҳаитова ҳужжатларим тайёр бўлиб қолгандир, дея яна мутасадди корхонага келиб, Сардорга учрашади. 

С. Носиров ҳужжатлар деярли тайёр бўлиб қолди, фақат озгина харажатли жойи бор, шуни берсангиз ҳужжатлар қўлингизда бўлади, дея очиқчасига пора сўрайди. 

Сардорнинг олдидан кайфият­сиз чиққан Л. Ҳаитованинг боши қотади. 

С. Носиров сў­раётган пул анча-мунча. Уни қаердан топса бўлади... Шу топда Лола опанинг хаёлидан порахўрлик билан боғлиқ ўқиган, кўрган, эшитганлари ўтади. Шундан сўнг Сардор сўраётган пулни берса ўзи ҳам жиноятга шерик бўлишини билиб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилади. 

Суд С. Носировга нисбатан ўз ҳукмини ўқиди. Ота-онаси, оиласи, ҳамкасблари олдида боши хам бўлган Сардор шу топда қандай жиноят қилиб қўйганини ўйлаб, афсус-надомат чекаётгандир. Аммо энди кеч. 

Фуқародан пора сўрашдан олдин унинг оқибатларини ўйлаганда бугун бу кўйга тушмаган бўларди. 

Ёрбек ИСКАНДАРОВ

(“Инсон ва қонун” газетаси,
2018 йил 6 ноябрь)