Эълон

01 ноябрь 2018

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига одил судловни амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш  ва қўшимчалар киритиш, шунингдек “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида” 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-496-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича судлар ва маъмурий судларга мурожаат қилишда тўланадиган почта харажатларининг суммаси суд томонидан белгиланиши, бироқ бу сумма энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан ошмаслиги ва суднинг депозит ҳисобварағига киритилиши лозимлиги белгиланган.

Олий суд Раёсатининг 2018 йил 25 октябрдаги РС-59-18-сонли қарорига асосан жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб судларга даъво аризаси (ариза, шикоят) билан мурожаат қилинганда қуйидаги миқдорда почта харажатлари тўланиши белгиланди:

иқтисодий судларга:

- суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилинганда - энг кам иш ҳақининг беш фоизи миқдорида;

- бошқа барча ишлар бўйича ариза ва даъво аризаси билан мурожаат қилинганда, кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация ёки назорат тартибида шикоят берилганда - энг кам иш ҳақининг саккиз фоизи миқдорида;

фуқаролик ишлари бўйича судларга:

- суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилинганда - энг кам иш ҳақининг беш фоизи миқдорида;

- бошқа барча ишлар бўйича ариза ва даъво аризаси билан мурожаат қилинганда - энг кам иш ҳақининг етти фоизи миқдорида;

- кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация ёки назорат тартибида шикоят берилганда - энг кам иш ҳақининг 3,5 фоизи миқдорида;

маъмурий судларга оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишлар юзасидан ариза (шикоят) билан мурожаат қилинганда, кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация ёки назорат тартибида шикоят берилганда - энг кам иш ҳақининг саккиз фоизи миқдорида.

Шунингдек барча судларда ишларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг миқдори жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб энг кам иш ҳақининг йигирма беш фоизи миқдорида тўланиши белгиланди.

Судларга мурожаат қилинганда ундириладиган почта харажатларини тўлаш учун реквизитлар ушбу веб-сайтнинг "Суд харажатларини тўлаш учун реквизитлар" рукнида жойлаштирилган.