ЭНДИ СУДЬЯ СУДГАЧА МАЖЛИС ЎТКАЗИШГА ҲАҚЛИ

10 июль 2019

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини сезиларли равишда яхшилаш борасида топшириқ ва бир қатор вазифалар берилган эди. Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан айни вақтга келиб бир қатор ишлар амалга оширилди, тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

7011.jpg

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги Қарори билан тасдиқланган Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш бўйича ишлаб чиқилган
“Йўл харитаси”нинг 46-бандида иқтисодий ишлар бўйича суд муҳокамасини кейинга қолдиришнинг максимал муддатини ҳисобга олган ҳолда, қолдиришларнинг миқдорини, шунингдек суд муҳокамасини кейинга қолдириш фақат фавқулодда ҳолатлар сабабли йўл қўйилиши ҳолларини белгилаш назарда тутилган эди.

Шундан келиб чиқиб, 2019 йил 24 майдан эътиборан Иқтисодий процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи Қонун амалга киритилди.

Жумладан, Иқтисодий процессуал кодексининг 171-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра суд кутилмаган ва фавқулодда ҳолатларда ишни суд мажлисида кўриш мумкин бўлмаган тақдирдагина суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли эканлиги белгиланди. Энди иқтисодий судлар ушбу моддада назарда тутилган асослар мавжуд бўлган ҳоллардагина суд муҳокамасини бошқа муддатга қолдиришлари мумкин. Бундан ташқари, суд муҳокамасини фақат
ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатга қолдириш мумкинлиги, қолдиришлар миқдори эса уч мартадан ортиқ бўлмаслиги аниқ белгилаб қўйилди.

Бу каби янги нормаларнинг амалга киритилиши учун зарурат нима эди деган ҳақли савол туғилади.

Суд амалиёти таҳлили шуни кўрмоқдаки, судлар томонидан юзта ҳолатдан
олтитасида суд муҳокамаси кейинга қолдирилмоқда. Бунда суд муҳокамасини қолдириш ҳолатларининг ярми тарафлардан бирининг суд мажлисига келмаслиги ва суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи далиллар бўлмагани сабабли юз бермоқда.

Кўрсатиб ўтилган олтита ҳолатдан тўрттасида суд муҳокамаси 1 марта,
иккита ҳолатда икки ва ундан ортиқ марта қолдирилган (маълумот учун
иқтисодий судлар томонидан 2017 йилда 576 та ҳолатда, 2018 йилда 841 та ҳолатда суд муҳокамаси уч ва ундан кўп марта қолдирилган).

Хорижий давлатлар қонунчилик амалиёти шуни кўрсатадики, иқтисодий ишлар бўйича суд муҳокамасини кейинга қолдиришнинг максимал муддатини белгилаш, шунингдек суд муҳокамасини фақат кўзда тутилмаган ва фавқулодда ҳолатлар мавжуд бўлганда кейинга қолдириш мумкинлиги ҳақидаги қоидалар Германия, Эстония Республикаси, Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Грузия ва бошқа кўплаб ривожланган давлатлар процессуал қонунчилигида мавжуд.

Шу муносабат билан, “Йўл харитаси”нинг 46-банди ижросини бажариш мақсадида Иқтисодий процессуал кодекснинг 171-моддасига кўзда тутилмаган ва фавқулодда ҳолатлар мавжуд бўлганда суд муҳокамасини қолдириш мумкинлигини назарда тутувчи тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексининг 163-моддаси учинчи қисм билан тўлдирилиб, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида судья фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича, бундан соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар мустасно, даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган ва иш қўзғатилган кундан эътиборан ўн кун ичида ушбу Кодексда белгиланган тартибда судгача мажлис ўтказиши мумкинлигини назарда тутувчи мутлақо янги норма киритилди.

Эътибор берган бўлсангиз, судья барча тоифадаги низолар бўйича эмас, айнан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйичагина судгача мажлис ўтказиши мумкин.

Судгача мажлис ўтказиш учун нима эҳтиёж бор эди, судлов иши юритувидаги тарафларга бундай норманинг киритилиши нима беради?

Суд статистикаси шуни кўрсатадики, иқтисодий судлар томонидан суд муҳокамасини ўтказиш орқали 2017 йилда 2 855 та иш бўйича иш юритиш тугатилган, 4 410 та даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган, 2018 йилда эса
2 761 та иш бўйича иш юритиш тугатилган бўлса, 7 515 та даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган. Мазкур ҳолатни иқтисодий суд ишларини юритишда ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида иш юритишни тугатиш, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш имкониятининг мавжуд эмаслиги билан изоҳлаш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида келтириб ўтилган Қарори 2-бандининг “ж” кичик банди, шунингдек “Йўл харитаси”нинг
47-бандида иқтисодий судда низоларни ҳал қилиш усули сифатида судгача мажлис ўтказиш имконини берувчи тартиб жорий этилиши ва мазкур мажлисда суд муҳокамасининг жадвали, ишнинг мураккаблиги ва муҳокаманинг прогноз давомийлиги, келишув битими ёки низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларини тузиш эҳтимоли, гувоҳлар рўйхати, иш қандай далиллар билан тасдиқланиши мумкинлиги, ушбу низонинг судга тааллуқлилиги масаласини
ва бошқа процессуал масалаларни аниқлаш имконини назарда тутиш белгиланган эди.

Шу муносабат билан Иқтисодий процессуал кодекси судгача мажлис ўтказиш шартлари ва тартибини белгиловчи янги 1631-модда билан тўлдирилди.

Судгача мажлисни ўн кундан кечиктирмай ўтказиш ва низони ҳал қилиш муддатига риоя этилишини таъминлаш мақсадида тарафларни судгача мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат юбориш орқали эмас, балки хабардор қилинганлик фактини қайд этадиган суд чақирув қоғозлари, буюртма хатлар, телефонограммалар, телеграммалар ва бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилиш мумкинлиги белгиланди.

Агар тарафлар судгача мажлисга келмаган тақдирда, ушбу ҳолат судья Иқтисодий процессуал кодекснинг 163-моддасида назарда тутилган, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатларни амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги қонунчилигимизда алоҳида белгиланди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, айнан бу каби норма Фуқаролик процессуал кодексининг 202-моддасида мавжуд бўлиб, бугунги кунга қадар Иқтисодий процессуал кодексида ўз аксини топмаган эди.

Сир эмаски, ижтимоий муносабатлар ривожланган сари, уни тартибга солувчи қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келади. Қонунларимизга киритилаётган бу каби ўзгартиришлардан кўзланган асосий мақсад эса судлов ишини самарали олиб бориш, фуқароларимиз
ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш, уларни узоқ муддат давомида суд идораларидаги сарсонгарчилигини олдини олиш, низоларни қисқа муддатда ўз ечимини топишга эришиш, шу билан бирга мулкдорлар ҳуқуқларини судлар томонидан сифатли ҳимоя қилинишига замин яратади деб ўйлаймиз.

 

Р.Рашидов,
 Тошкент шаҳар иқтисодий судининг судьяси,

С.Солиев,
 Тошкент туманлараро иқтисодий судининг раиси