ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

09 ноябрь 2018

Ўзбекистон Республикаси Олий судида Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи аъзолари ҳамда Тошкент шаҳридаги келажагини ҳуқуқшунослик билан боғлаш ниятида бўлган бир гуруҳ ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.

eslar-bilan-ucrasuv.png

Учрашувда Олий суд раисининг ўринбосари Б. Деҳқонов мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кейинги йилларда амалга оширилган туб ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни ҳамда уларнинг аниқ натижалари ҳақида батафсил маълумот берди. 

Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят,  туман (шаҳар) маъмурий судлари, туманлараро иқтисодий судларнинг ташкил этилиши судларнинг мустақиллиги ва суд қарорларининг адолатлилигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани ҳақида ёшларга сўзлаб берилди. 

Бугунги кунда юртимизда суд мажлисларининг салмоқли қисми  сайёр тартибда олиб берилаётгани, Олий суд ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан, Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида тузилган меморандумга мувофиқ жазо тайинлашда жамоатчилик кафолати инобатга олинаётгани,  судьяларни тайинлашда халқ фикри ўрганилиши судларнинг халқ билан уйғунлашуви, фаолиятнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Шунингдек, учрашувда Олий суд судьялари З. Назаров, Ш. Саидов ва Қ. Комиловлар ёшларга Ўзбекистон Республикаси суд тизими, судьяликка номзодларга қўйилган талаблар, фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий судларга ишларнинг тури ва суд мажлисларини ташкил этиш ва олиб бориш бўйича батафсил маълумотлар бердилар. 

Учрашувда судларнинг Ёшлар иттифоқи тузилмалари билан ҳамкорлигини янада жадаллаштириш, ҳуқуқшунослик касбининг масъулияти, бугунги кунда ёшлар ўртасида учраётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бу иллатларни бартараф этиш чоралари ҳақида ўзаро фикр алмашилди. 

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи А. Алимов бугунги учрашув ёшларда катта таассурот қолдирганини таъкидлаб, бунинг учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати