ФИРИБГАРЛИК ЖИНОЯТИ НЕГА КЎПАЙМОҚДА?

27 декабрь 2018

Андижонда фирибгарлик жиноятлари, тергов ва суд амалиётида ушбу жиноятни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар, фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олишда суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди ташаббуси билан видеоконференцалоқа орқали ўтказилган тадбирда жиноят ишлари бўйича Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари судлари судьялари, прокуратура, ички ишлар тизимлари ходимлари, хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, суд тизимини ислоҳ қилиш, демократлаштириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иши юритувининг сифатини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, фирибгарлик жиноятини кўриш бўйича суд амалиётини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашишдир, – дейди жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди раиси ўринбосари А. Мирзаев. – Қолаверса, бундай жиноят билан боғлиқ ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олишда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Сир эмас, алдов йўли билан содир этиладиган фирибгарлик жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи, фуқароларни оғир аҳволга солиб қўядиган жиноятлар сирасига киради. Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, кенг жамоатчилик томонидан олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида кейинги йилларда ушбу жиноят камайган бўлса-да, умумий жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этиши ушбу жиноят келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган ишлар кўлами ва сифатини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Андижон вилоятида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2014 йилда 636 шахсга нисбатан 489 та, 2017 йилда эса 913 нафар шахсга нисбатан 708 та жиноят иши кўриб чиқилган. Бундан кўринадики, фирибгарлик жинояти йил сайин ошиб борган. Ана шундан келиб чиқиб, ушбу жиноятнинг олдини олиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилда фирибгарлик ҳолатлари кескин камайди. 2018 йилнинг 9 ойида 354 нафар шахсга нисбатан 274 та жиноий иш кўриб чиқилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,1 фоиз кам демакдир.

Бироқ барибир умумий жиноятлар ичида фирибгарлик жинояти салмоқли ўрин тутмоқда. Жумладан, 2018 йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудида содир этилган 3 минг 100 дан ортиқ жиноятнинг 328 таси ёки 10,6 фоизи фирибгарлик жиноятидир. Уларнинг 384 таси ёшлар, 87 таси аёллар томонидан содир этилган.

Семинарда жорий йилда Андижон шаҳри, Шаҳрихон, Пахтаобод, Асака ва Андижон туманларида ушбу жиноят бошқа туман ва шаҳарларга нисбатан кўп қайд этилгани, шунингдек, вилоятда фирибгарлик жиноятларининг 33 фоизи автомобиль сотиб олиш, 12 фоизи ишга жойлаштириш, 10 фоизи коммунал тўловлар билан боғлиқ экани айтиб ўтилди.

Тадбирда мавзу доирасидаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш, фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш бўйича кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, тарғибот ишларини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.

  

ЎзА