ҒИЖДУВОНЛИК ТАДБИРКОР ИШИ БЎЙИЧА СУД БУХГАЛТЕРИЯ ЭКСПЕРТИЗАСИ ТАЙИНЛАНДИ

09 июль 2019

Kun.uz сайтига шу йил 30 июнда эълон қилинган “Ғиждувонлик тадбиркор муаммоси ортидан ДСИ мансабдорларига жиноят иши очилди. Солиқ қарзи низоси Олий судда кўрилади” сарлавҳали мақола Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўрганиб чиқилди.

 

Аниқланишича, даъвогар – Ғиждувон туман Давлат солиқ инспекцияси Ғиждувон туманлараро иқтисодий судига ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар – “Jamshid trans yo’l” масъулияти чекланган жамиятидан  793 424 800 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундиришни сўраган.

Даъвогар – Ғиждувон туман Давлат солиқ инспекциясининг ушбу даъво аризаси бўйича 4-2003-1901/22-сонли иқтисодий иш қўзгатилиб, суднинг 2019 йил 8 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгар – “Jamshid trans yo’l” МЧЖдан Республика бюджетига 26 880 100 сўм даромад солиғи ундирилган ҳамда даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Мазкур иш бўйича даъвогар – Ғиждувон туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан Бухоро вилоят иқтисодий судига апелляция шикояти берилган ва апелляция инстанциясининг 2019 йил 23 мартдаги қарори билан апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Айни пайтда даъвогар – Ғиждувон туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан  Олий судга назорат тартибида кўриб чиқиш учун шикоят берилган.

Жорий йил 3 июль куни  Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг бўлиб ўтган суд мажлисида прокурорнинг илтимосномасига кўра, суд бухгалтерия экспертизаси тайинланган.

 Шу боис экспертиза якунлангунига  қадар  иш юритишдан тўхтатилган.

 Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори ва бошқа тафсилотлар юзасидан қўшимча маълумот берилади.

 

Олий суд Матбуот хизмати