ХОРАЗМ ВИЛОЯТ МАЪМУРИЙ СУДИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

24 июль 2019

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд ҳокимиятини чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва кўрилган амалий тадбирлар мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширди.

photo2019-07-2316-21-53.jpg

Бу ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши суд тизимида фаолият кўрсатаётган барча раҳбар ва масъул ходимлардан хизмат бурчини адолат мезонлари асосида садоқат ва масъулият билан бажаришини талаб этади.

Давлатимиз раҳбари суд ҳокимиятининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва роли ҳақида тўхталиб, “давлатнинг обрўси, жамиятнинг обрўси суд органлари ва судьяларнинг қонун меъёрларига қанчалик риоя қилишига, улар қабул қилган қарорларнинг адолат меъёрларига нечоғлик мос келишига бевосита боғлиқдир”, дея таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, суд ҳокимият тармоқларидан бири сифатида ҳар қайси жамиятни демократик тараққиёт сари етаклашда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини одил судлов асосида ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан 2017 йилнинг 1 июнидан мамлакатимизда маъмурий судлар ўз фаолиятини бошлади.

photo2019-07-2412-20-03.jpg

Ушбу фармон асосида Хоразм вилоятида ҳам вилоят ҳамда 12 туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил қилинди. Бугунги кунда маъмурий судлар биноларини замон талаби даржасига келтириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Шу маънода 2018 йилда Хоразм вилоят маъмурий судига Урганч шаҳри Ал-Хоразмий кўчасида жойлашган бино ажратилган эди. Бинони реконструкция қилиш учун давлат бюджетидан  1,8 млрд. сўм маблағ ажратилди. Таъмирлаш ишлари “Хоразм қурилиш” МЧЖ томонидан амалга оширилиб, бинода суд ҳодимларини самарали фаолият олиб боришлари учун барча шароитлар яратилди.

Куни кеча Хоразм вилоят маъмурий судининг замонавий реконструкциядан чиққан  биноси фойдаланишга топширилди.

Унинг очилиш маросимида Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директори Б.Тешабоев, Хоразм вилоят судларининг раис ўринбосарлари ва суд фахрийлари, ҳокимлик ва жамоатчилик вакиллари   иштирок этди.

Сўзга чиққанлар бинонинг қурувчилар томонидан ҳар томонлама мукаммал таъмирланганини, бу ерда барча зарур шароитлар яратилганини, бунинг учун бош-қош бўлган Олий суд раҳбариятига, қурувчиларга ўз миннатдорлигини айтишди. Қурувчиларга эсдалик совғалари топширилди.

 Видеоконференцалоқа орқали хоразмлик ҳамкасбларини Олий суд раҳбарияти, Сурхондарё вилоят маъмурий суди, Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Мирзаобод суди, Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди вакиллари табриклашди.

Тадбир қатнашчилари  бинода яратилган қулайликлар билан танишдилар.

 

Олий суд Матбуот хизмати