ИШОНЧНИ ОҚЛАМАГАН ЧЎПОН

28 июнь 2019

Баҳорнинг биринчи кунлари эди. Бўстонлиқнинг азим тоғлари қиш  уйқусидан ҳали уйғонмаган, қирларда сурувлар ортида юрган чўпонлардан бошқа ҳеч ким кўринмайди.

 
– Нурлан оға отдан йиқилиб қўлини синдириб олибди. Энди қўйларни ўзинг боқасан, –  деди Абдуғаффор фермер қора молларга қараб юрган Адҳамни ёнига чақириб. Сўнг унга 525 бош қўйни санаб топширди. Кета туриб «Адҳам, сенга ишондим, уялтирмассан» деди.
 
Бўстонлиқда Абдуғаффор фермерни (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ишнинг кўзини биладиган одам сифатида танишади. Куз кунларининг бирида, аниқроғи 2018 йилнинг сентябрида унинг олдига ҳамқишлоғи, хурмача қилиқлари билан танилган Адҳам Турдиев иш сўраб келади. 26 ёшли Адҳам уч марта судланиб, умрининг анчагина қисмини панжара ортида ўтказганлардан бири. Фермерга учрашган пайтида ҳам унга суд қарори билан уч йилу уч ой муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланган эди.
 
У фермерга ҳаётда кўп адашгани, энди тазарру қилганию одамга ўхшаб яшамоқчи эканини тушунтирган бўлди. Гапининг охирида «Ака, биласиз, шаҳарга ишлагани борай десам, рухсат йўқ. Шунга фермангизда ишласам» деди.
 
Начора, «йигитга имконият бериш керак». Қолаверса, хўжаликка чўпон ҳам зарур. Фермер рози бўлди.
 
Чўпон таё¬ғини қўлига олганига олти ой ҳам бўлмай, Адҳам эски одатларини қўмсаб қолди. «Бир сурув қўй. Орасидан беш-ўнтасини пуллаб юборсам, фермер билиб ўтирибдими?» Режасини пишитиб, эски танишларига телефон қилиб чиқди. Акрам деган танишидан хондайлиқлик Ориф деган чўпон йигитнинг телефон рақамини олиб, унга чиқди. «30-40 бош қўйим бор, шуни ўзинг¬никиларга қўшиб боқиб бер...».
 
Хуллас, Адҳам эртасига унга қўйларни етказадиган, Ориф боқиб берадиган бўлди. Айтилган куннинг эртасига Адҳам сурувдан 38 бош совлиқни ажратиб олиб, танишининг олдига солиб юборди. У эса қўйларни Ориф қўй боқиб юрган яйловга ҳайдаб кетди.
 
Шу орада, сурувдан хабар олгани яйловга Абдуғаффор фермер келиб қолди. Қўйларни қайта-қайта саноқдан ўтказишса ҳам 38 бош қўй кам чиқаверди. Адҳам ҳам, Нурлан оға ҳам «билмайман»дан нарига ўтмади.
 
– «Гап бундай, – деди фермер икки чўпонни олдига чорлаб, – ҳозирча, милицияга ариза бермай тураман, агар шайтон йўлдан уриб, шу ишни қилган бўлсаларинг, жойига қайтаринглар. Гап ўртамизда қолади. Бўлмаса, бошқача гаплашаман».
 
Фермер шундай деб ортига қайтди. Йўлда ўйлаб кўриб, вақтни бой берса, кўп нарса йўқотишини тушунди. Ахир, 38 бош қўй бу ўртача 38 миллион сўм дегани. Нурлан оға ҳалол одам, гумони Адҳамдан. Шунинг учун унинг кимлар билан учрашгани ёки телефонда гаплашганини билмоқчи бўлди. 
 
Сим карта бир танишининг номига олинганини эслаб, уни топди. Телефон сўзлашувлари рўйхатини чиқартириб, Адҳам гаплашган рақамларга бирма-бир қўнғироқ қилиб чиқди. Ҳаммаси ойдинлашди...
 
Қинғир иши фош бўлган Адҳам нима қиларини билмай қолди. Шу куниёқ Орифга телефон қилиб қўйларни қайтаришни сўради. Бу орада улар 38 бош қўйдан 4 тасини пуллаб юборишга улгурган экан. Нима қилиб бўлса ҳам ўрнини тўлдириш керак. Қўйларни Абдуғаффор аканинг фермасига ҳайдаб кела туриб, жиноий гуруҳ аъзолари яна бир жиноятга қўл уришади: йўл-йўлакай қишлоқ атрофида ўтлаб юрган 9 бош қўйни ўғирлашади. Турган гапки, куппа-кундузи қўйларини ўғирлатган Қ. Абдиев ИИБга ариза билан мурожаат қилади.
 
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида ўғри чўпонларнинг қилмиши қисқа муддат ичида фош бўлади. Бу орада улар минг тазарру билан ўғирланган қўйларни эгаларига топширади. Яъни, жабр¬ланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қопланган.
 
Суд жиноят ишини кўриб чиқар экан, айбланувчиларнинг содир этган жиноятидаги жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи жиҳатларни инобатга олган ҳолда, уларнинг ҳар бирига қонуний жазо тайинлади.
 
 
Баҳодир Қораев,
жиноят ишлари бўйича
Бўстонлиқ тумани суди раиси
 
(“Жамият” газетаси,
2019 йил 28 июнь)