ҚАРИНДОШЛАРНИ ЁВЛАШТИРГАН УЙ МОЖАРОСИ

30 сентябрь 2018

1991 йил Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Қизғалдоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Баҳромов маҳалласидаги 12-сонли уй-жой учун мўлжалланган ер майдони Мавлуда опа ва Шуҳрат ака Мирмаҳмудовлар оиласига берилган эди. Ўша пайтлар уларнинг уй қуришга имкони бўлмади. Оилада кўпчилик бўлганидан турар-жой масаласи бўйича секин-аста турли можаролар келиб чиқа бошлади. 

molotok-s-domom.png

Мавлуда опанинг таъкидлашича, янги уй қурмоқчи бўлган еридан поччаси Б. А. 3 сотих жой сўраган. Дастлаб ернинг ҳақиқий эгаси шундай бериб юборишга кўнмади. Ерни сотамиз, деса қариндошлари унамади. Ўртага Мавлуда опанинг қайнонасининг аралашуви билан 6 сотих ер майдони поччаси Б. А. нинг оиласига бериладиган бўлди.  

Икки оила бўлинган ерга уй қуриш масаласига келганда, поччаси ўзини четга олди. Мавлуда опанинг турмуш ўртоғи Шуҳрат ака эса топиш-тутиши яхши бўлгани учун имкон қадар икки томонга ҳам бир хил қилиб уй қура бошлади. Қурилиш охирлаб қолганда поччасига бу ёғига иккала уйни баробар қуришга қурби етмаслигини айтади. Ўзингизга қурилаётган уй қисмини амалласангиз, деб поччаси билан маслаҳатлашади. Бироқ, улар яна ўзларини четга олиб, усталарнинг ишларига бош-қош бўлиб тураверади. Бу вақтда Мавлуда опанинг оиласи Тошкентдаги кўп қаватли уйда яшар эди. Эри эса янги уйга қурилиш молларини етказиб бера бошлади. 

Секин-аста икки иморат ҳам битай, деб қолди. Уйларнинг томини поччаси ёпди. Шу орада Шуҳрат ака поччасидан айрим сабаб билан икки марта бўлиб-бўлиб қарзга 2 минг 300 АҚШ доллари олди. 

Ушбу ҳолатлар юзасидан фуқаро М. М. нинг таҳририятимизга жўнатган аризасига кўра, унинг оилавий шароитини ўргандик. 

Ўша пайтда поччамизнинг оиласига берган ҳовли жойимиз менинг, ўзимиз учун қураётган уй эса турмуш ўртоғимнинг номида эди, – дейди М. Мирмаҳмудова. – Орадан маълум вақт ўтгач, эрим тижорат банкидан кредит олди. Гаровга иккала уйнинг ҳужжатларини қўйишга мажбур бўлдик. Турмуш ўртоғимнинг саломатлиги ёмонлашгани туфайли кредит қарзини ўз вақтида узолмадик. Шу орада поччамиз келиб уйнинг томини ёпиб, 2 минг доллар беришини, ҳовлимиз пастида жойлашган иссиқхонадан фойдаланишини таклиф қилди. 

Улар ўзаро келишди. Шуҳрат ака Мирмаҳмудов касалхонадан чиққач банкдаги 16 миллион қарзини дўсти тўлаётган пайтда поччаси ўзи тўлаб беришини айтиб, қарзни ёпди. Фақат уйнинг иккинчи қисмидаги ҳовли жойни Б. Алимжоновнинг номига ўтказилиши шарти билан келишилди.  

Шу орада Мавлуда опанинг эри 16 миллион сўм қарзни узиш учун Қозоғистонга ишлагани кетади. Дастлаб эри юборган пулларни поччаси олмади. 2009 йилда Шуҳрат ака хориждан келгач, поччаси маҳалла фаолларини йиғиб, унга 35 минг доллар беришини айтади. Эр-хотин бу шартга ноилож рози бўлди. Б. А. пулларни уч йил ичида бўлиб-бўлиб беришини айтади. Барчанинг гувоҳлигида далолатнома тузилди. 2012 йил Мавлуда опанинг эри айтилган пулни берса поччаси турли баҳоналар қилиб олмайди. Улар уйни қайтариб ололмагач, ноилож бир неча бор туман судига мурожаат қилди. 2013 йилда Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумани судининг қарорига кўра, даъвогарлар Б. А. га нисбатан ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъво аризаси рад этилган. 

Мавлуда опанинг таъкидлашича, поччаси 2016 йилга қадар уларни ўз уйидан тезроқ кўчиб чиқишга мажбур қилиб келган. Шу мақсадда Б. А. уларга тумандаги “Қизғалдоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини Бунёдкор маҳалласи Зарбулоқ 13-тор кўчасидан уй-жой олиб берди. Б. А. қариндошларининг тезроқ кўчиб чиқиши учун ҳатто улар яшаётган уйнинг эшик ва ромларини янги ҳовлига олиб бориб ўрнатган. Оиланинг янги уйга кўчишини талаб қилган. Мавлуда опадан воқеанинг кейинги тафсилотларини тинглаб ҳайрон қолдик. Улар яшаётган янги уй-жой ҳужжатлари фуқаро Б. А. нинг рафиқаси Н. А. га тегишли бўлиб, ҳалигача уйнинг ҳужжатларини Ш. М. ва М. М. га бермаган. 

Мирмаҳмудовлар оиласи гарчи яшашга ноқулай бўлса-да, янги уйда ҳозирга қадар истиқомат қилмоқда. Биз уларнинг яшаш шароитини ўргандик. Уй туман ҳудудидан оқиб ўтувчи анҳор ёқасига жуда яқин бўлиб, ёмғир, қор ёғиши ернинг чўкишига сабаб бўлган. Уйнинг девори ёрилиб кетган. Хонадонга олиб кирувчи зинада ҳам худди шундай ёриқ борлигини кузатдик. Мазкур ҳолат бўйича “Тошкент вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри“ давлат корхонаси туман филиали ушбу уй-жой авария ҳолатига келиб қолгани ва яшаш учун хавфли экани ҳақида маълум қилган. 

Жорий йилнинг 18 май куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати томонидан мазкур ҳолат юзасидан очиқ суд мажлиси ўтказилди. Унда судьялар томонидан Зангиота туманлараро судининг 2013 йил 23 июлдаги ҳал қилув қарорига нисбатан келтирилган апелляция шикояти кўриб чиқилди. 

Туман судьялари жорий йилнинг 14 май куни маҳалла фаоллари иштирокида даъвогарларнинг талабига кўра, иккала оиланинг яшаш шароитини ўрганган эди. Бироқ ўзаро келишмовчилик, тортишувли вазият сабаб бирор хулосага келинмади. Шундан сўнг, соҳа ходимлари суднинг кунини 18 майга белгилаб, иккала томонни огоҳлантирди. Бироқ М. М. нинг айтишича, бир кун олдин суд вакили 18 майга белгиланган суд бошқа кунга қолдирилганини билдирган. Шу сабабдан судда иштирок этолмаган экан. 

Очиқ суд мажлисида даъвогар ва нотариал идора вакили келмагач, иш уларнинг иштирокисиз кўриб чиқилди. 

Судда жавобгарнинг можаро юзасидан тушунтиришлари эшитилди. 

Прокурорнинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги фикри тингланди. Шикоятда келтирилган сабаблар иш ҳужжатлари асосида кўриб чиқилди. Судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди. 

Бироқ айни пайтда даъвогар низоли ҳадя шартномасини гаров тариқасида ўрталаридаги қарз муносабатлари юзасидан тузилганлиги инобатга олинмаяпти. Сабаби ўзлари айтганидек, юқорида бўлиб ўтган воқеалар туфайлидир. 

Судлов ҳайъати даъвогарларнинг апелляция шикоятидаги низоли уй-жойни гаровга қўйиб, кредит олгани ва тўловни ўз вақтида тўлай олмагани туфайли жавобгар Б. А. кредит қарз суммаси эвазига уйни вақтинчалик унинг номига ўтказиб бергани ҳақидаги тафсилотларни муҳокама қилди. 

Келтирилган сабаблар асоссиз, деб топилди. Чунки иш ҳужжатларида Ш. М. олган кредит пуллари жавобгар Б. А. томонидан ёпилганидан сўнг тарафлар ўртасида ихтиёрий равишда текинга мулкни бериб, ҳадя шартномаси тузилган. 

Апелляция инстанцияси юқорида баён этилган ҳолатларни, қайд қилинган қонун нормалари талабларидан келиб чиқиб, даъвогарларнинг судлов ҳайъатига нисбатан келтирган раддия билдириш ҳақидаги аризаси рад этилди. Бироқ, шундай бўлса-да, Мавлуда Мирмаҳмудова ушбу масалага ойдинлик киритиш бўйича энди Ўзбекистон Республикаси Олий судига ариза билан мурожаат қилди. 

Жорий йилнинг 23 июл куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан даъвогарларнинг жавобгар Б. А. ва Зангиота туман нотариал идораларига нисбатан ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг 2013 йил 23 июлдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 18 майдаги ажрими устидан назорат тартибида берган шикоятини ўрганиб чиқди.  

Унга кўра, назорат тартибида келтирилган шикоятда кўрсатилган важлари биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судларида ўрганиб чиқилиб, судлар томонидан муҳокама қилинган ва уларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилган. Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар билан шикоятни назорат тартибида қайта кўриш учун асослар мавжуд эмас дея ҳисобланган.  

Юқорида баён қилинган воқеалар икки оиланинг кундалик турмушида содир бўлди. Аслида бу каби мол-мулк билан боғлиқ ўзаро оилавий муаммолар жамиятимизда жуда кўп учрайди. Бундай вазиятларнинг якуни қариндошларни бир-бирига ёвлаштириб, юз кўрмас қилиб қўйиш даражасига ҳам олиб келмоқда. Шундай экан, хулоса чиқариш эса ўзингиздан. 

 

ЎзА