ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ҲАМДА “МЕДИАЦИЯ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН МОҲИЯТИГА БАҒИШЛАНДИ

25 апрель 2019

Учқудуқ тумани 5-умумтаълим мактабида Зарафшон туманлараро иқтисодий суди вакиллари, “Йўлчилар” ва “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

 

Тадбир “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  2019 йил 20 мартдаги 531- сонли Қонуни билан Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартиришлар ҳамда “Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ўрганишга бағишланди. 
 
Унда Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг судьяси А.Ҳамидов сўзга чиқиб, Иқтисодий процессуал кодексга янги боб, яъни “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” боби киритилганлигини айтиб ўтди. Унга кўра агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши таъкидланди.
 
 
Инчунун, корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмаслиги, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига умумий тартибда даъво ариза киритишда назарда тутилган ҳужжатлар, шунингдек, даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга топширилганлиги ҳақидаги далиллар илова қилиниши лозимлиги, жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини даъво аризасининг кўчирма нусхаси ўзига топширилган пайтдан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли эканлиги тушунтирилди. 
 
Шунингдек, унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши, ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмаслиги, суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқиши назарда тутилганлиги ҳақида маълумот берди.
 
Очиқ мулоқотда “Медиация тўғрисида”ги  қонунинг мазмун моҳиятига ҳам тўхтаб ўтилди.
 
 Ушбу қонунга кўра низоларни судгача ҳал қилиш институти жорий қилинганлиги, қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиши, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилиши айтиб ўтилди.
 
 
 
Қонуннинг амал қилиши медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмаслиги, медиация тушунчаси бу келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули эканлиги, медиатор эса медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс эканлиги, медиатив келишув бу медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув эканлиги йиғилиш иштирокчиларида қизиқиш уйғотди.
 
 “Медиация” - махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилиши, медиация иштирокчилари медиация жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни уларни тақдим этган медиация тарафининг, унинг ҳуқуқий ворисининг ёки вакилининг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмаслиги ҳақида тушунчалар берилди. 
 
Тадбир якунида Зарафшон туманлараро иқтисодий суди вакиллари томонидан 5-умумтаълим мактаби кутубхонасига ҳуқуқий адабиётлар ва китоблар совға қилинди
 
 
Муҳид Карабаев,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси