КОРЕЯГА ИШГА ЖЎНАТМОҚЧИ БЎЛГАН ФИРИБГАРЛАР ЖАЗОЛАНДИ

02 июль 2019

Фарғонада Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, кўплаб одамларнинг пулларини фирибгарлик билан қўлга киритган шахсларга суд томонидан жазо тайинланди. 

korea.png

Баъзи юртдошларимиз ишларини осонгина ҳал қилиш мақсадида ноқонуний йўлни танлашади. Таниш-билиш ахтариб, фирибгарнинг тузоғига илинишади. Хусусан, хорижга бориб ишлашнинг ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Аммо Кореяда ишламоқчи бўлган айрим фуқаролар фирибгарларга дуч келиб, чув тушди. 
 
Фарғона туманилик Давлатёр Аминжонов ва марғилонлик Рустам Алимовларга фириб бобида тенг келадигани йўқ. Улар одамларни алдаб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида ишлашини ва хусусий фирмаси орқали Ўзбекистон фуқароларини Корея Республикасига ишлаш учун юборишини айтиб, жуда кўп миқдордаги маблағни қўлга киритган. 
 
Одамлар ҳам содда экан, улар айтган пулларини ўз қўллари билан мана шу “уддабурон” фирибгарларга тутқазган. 
 
Аниқланишича, Р. Алимов битта эпизодда И. Анорбоев билан олдиндан тил бириктириб, Ё. Эшмирзаевнинг ўғли М. Милибоев, жиянлари С. Эшмирзаев, О. Орифов, қўшнилари Ш. Буронов, У. Ғопиров, О. Маманазаров, С. Холтураевни тижорат йўналиши орқали Жанубий Кореяда ёлланма ишчи сифатида ишга юборишга ваъда беради. Бунинг учун сарф харажатларига пул зарур бўлишини айтиб, алдаб, 2016 йил май ойидан 2016 йил ноябрь ойига қадар Ё. Эшмирзаевнинг жуда кўп миқдордаги 37 минг 900 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Биргина Р. Алимовнинг ўзи шериклари билан 20 та ҳолатда 140 минг доллардан ортиқ пулларни фирибгарлик йўли билан олган. 
 
Д. Аминжонов корейс тилини жуда ҳам яхши биларди. Афсуски, бу ёш йигит нафс куйига кириб, умидларини пучга чиқарди. Фирибгарликни одат қилган Давлатёр Кореяга ишга бориш учун ажратилган барча квотани сотиб олганлигини айтиб, кўплаб фуқароларни алдаб келган. 2016 йил июнь ойида Жиззах вилоятида бўлган 18 нафар фуқароларни ҳужжатлари ва 25 минг долларини олиб, уларга тез кунларда шартнома келишини айтиб, Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилади. Шунингдек, у бу ишларни давом эттириб, кўплаб одамларни ҳам маблағларини фирибгарлик билан қўлга киритган. Аммо вақт ўтса ҳамки, ишдан дарак бўлмади.
 
Жабрланувчилар фирибгарларнинг қилмиши юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилишди. 
 
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, Д. Аминжонов ва А. Рустамовга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган зарар ҳукм эълон қилинган кунда АҚШ долларининг сўмга нисбатан қийматидан келиб чиқиб ундирилиши белгиланди. 
 
 
ЎзА