ҚОТИЛЛИК ЖИНОЯТ ИШИ ЮЗАСИДАН ЧИҚАРИЛГАН ХУСУСИЙ АЖРИМ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

06 июль 2019

Тошкент вилояти Юқори чирчиқ тумани “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини биносида қотиллик жиноят иши юзасидан шу йил 21 июнь куни чиқарилган хусусий ажрим муҳокамасига бағишланган сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди раиси Д.Таджибаев, жиноят ишлари бўйича Юқори чирчиқ туман суди судьяси Х.Акбаров, туман прокурори Ғ.Абдусаломов, “Маҳалла”  фонди туман бўлими раиси А.Каримов, “Ўзбекистон” ва “Яшнобод” МФЙ раислари, маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Дарҳақиқат, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 21 июндаги ҳукмига кўра, Д.Т.га Жиноят кодексининг  97-моддаси 1-қисми билан 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Воқеа тафсилотига кўра, Д.Т. шу йил 19 март куни маст холатда тахминан соат 13:30 ларда ўз уйида  шаръий хотини Б.А. билан ўзаро жанжаллашиб, унинг бўйин соҳасини икки қўли билан бўғганлиги натижасида Б.А. ҳушини йўқотган.

 Б.А. ухлаб ётган вақтида Д.Т. спорт сумкаси тасмасини олиб, тасмани аёлнинг бўйин қисмидан  бўғиб, қасддан ўлдирган ва уй эшикларини қулфлаб, воқеа жойидан яширинган...

Д.Т. воқеа тафсилотларига тўхталар экан, марҳума Б.А. билан  2019 йил 26 январь куни шаръий никоҳдан ўтиб, эр-хотинлик муносабатларини давлат органларида расмийлаштирмасдан яшаб келганлигини, турмуш қурганларидан сўнг орадан кўп вақт ўтмай улар орасидаги муносабат ёмонлашиб, охир-оқибат қотилликка қўл урганини тан олди.

Бу воқеага Юқори чирчиқ тумани “Ўзбекистон” ва “Яшнобод” маҳалла фуқаролар йиғини раислари эътибори жалб қилиниб, ҳудудда аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар етарли эмаслиги, низоларни ўз вақтида оқилона ҳал этиш, бу ишга маҳалла фаолларини кенг жалб этиш лозимлиги уқтирилди.

Сўзга чиққан суд раислари, туман прокурори ва МФЙ раислари келгусида бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, оилавий низоларни вақтида бартараф этиш чораларини кўриш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.

Ботир Ваҳобов,
Жиноят ишлари бўйича
Тошкент вилояти суди  судья катта ёрдамчиси