МАЪМУРИЙ СУДЛАРНИНГ 2019 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИ ДАВОМИДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ

22 июль 2019

2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 8 025 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 5 761 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Шунингдек, маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 213 503 нафар шахсга нисбатан 179 090 та иш кўриб чиқилди. Жумладан 133 345 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди. 

Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузиш, ҳақорат қилиш, майда безорилик, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш, енгил тан жароҳати етказиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ва транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ташкил этади. 

Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 16 517 нафар шахсга нисбатан 16 266 та иш кўриб тамомланган. 

Маъмурий судлар томонидан 107 615 та иш, яъни барча ишларнинг 57,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 1 721 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди, шундан 324 таси иш материаллари асосида ўрганилиб, 207 та иш бўйича якуний қарорлар қабул қилинди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 177 таси бекор қилинди ва 30 таси ўзгартирилди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати