МАЪМУРИЙ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАР ОЧИҚЛИК, ШАФФОФЛИК ВА АДОЛАТНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

02 июль 2019

Аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг соддалаштирилиши, маъмурий тартиб-таомилларнинг шаффоф­лиги коррупциявий омилларнинг камайишига, шунингдек, давлат ҳокимиятининг ички ва халқаро миқёсдаги нуфузининг ошишига хизмат қилади.

Маъмурий процедура институтининг энг асосий ¬ютуқларидан бири — давлат бошқарувида адолатни таъминлашга хизмат қилишдан иборатдир.
 
Маъмурий тартиб-таомиллар маъмурий органлар ҳамда манфаатдор шахслар ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган жараён бўлиб, тарафларни кўриб чиқиладиган иш юзасидан хабардор қилишдан бошланиб то қарор чиқаришгача бўлган турли босқичларни ўз ичига олади. Маъмурий тартиб-таомилларда энг муҳим босқич бу тарафларнинг тингланиши ҳисобланади. Бу эса муҳтарам Президентимиз таъкидлаган “халқ билан мулоқот”нинг ажралмас қисмини ташкил этади.
 
Маъмурий тартиб-таомилларнинг энг муҳим босқичи бўлмиш тарафнинг тингланиши ўз ичига — тарафни хабардор қилиш, ишга доир ҳужжатлар билан тараф ҳам танишиш имконига эга бўлиши, шунингдек, тарафга ўз фикри (важлари) ни айта олиш имкониятини бериш кабиларни ўз ичига олади.
 
Мамлакатимизда 2018 йил 8 январда қабул қилинган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилиши жараёнида хорижий мамлакатлар таж¬рибаси инобатга олинган.
 
Мазкур қонунда ҳозирга қадар мамлакатимиз қонунчилигида келтирилмаган бир қатор принциплар маъмурий амалиётга янгидан жорий этилмоқда. 
 
Буларга қу¬йидагиларни киритишимиз мумкин: мутаносиблик, ишончлилик, тингланиш имкониятининг мавжудлиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги, манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги, бюрократик расмиятчиликка йўл қў¬йилмаслиги, мазмунан қамраб олиш, тенг ҳуқуқлилик, ¬ишончнинг ҳимоя қилиниши, маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги, текшириш.
 
Жумладан, мутаносиблик принципи маъмурий орган томонидан манфаатдор шахсларга нисбатан қабул қиладиган ҳар бир маъмурий акт ва амалга оширадиган маъмурий хатти-ҳаракатлари доирасидаги таъсир чоралари умумий ва соҳавий қонунларда ўрнатилган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги кераклигида намоён бўлади. Шунинг¬дек, мутаносиблик принципи маъмурий орган томонидан қўлланиладиган ҳар бир таъсир чораси манфаатдор шахс хатти-ҳаракати ва мавжуд ҳолатларнинг оғир ва енгиллаштирувчи ҳолатларини инобатга олган ҳолда мос ва етарли бўлиши, ортиқча қийинчилик туғдирмаслиги лозимлигида намоён бўлади.
 
Қонуннинг 16-моддасида “Виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади. 
 
Маъмурий органлар манфаатдор шахсларнинг юзага келган маъмурий амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт. 
 
Юзага келган маъмурий амалиётнинг ўзгартирилиши жамоат манфаатлари билан оқланган бўлиши, умумий хусусиятга эга ва барқарор бўлиши керак”лиги ўрнатиб қўйилган.
 
Бугунги кунда маъмурий қонунчилик ўз олдига шахс ва давлат, фуқаро ва ижро ҳокимияти ўртасида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, давлат бошқаруви соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилишини таъминлаш ҳамда уларни ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўйган.
 
Бундан ташқари, маъмурий процедура институти фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирокини кенгайтириш, давлат бошқарувини янада демократлаштириш, давлат бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилиши билан эътиборга моликдир.
 
 
Сардор СУВОНОВ,
Гулистон туман маъмурий суди раиси
 
(“Инсон ва қонун” газетаси,
2019 йил 2 июль)