МАНСАБИНИ СУИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАН ИШБИЛАРМОН

23 июль 2019

Баҳодир Бекмуратов (исм-шарифлар ўзгартирилган) олий маълумотли бўла туриб, илгари судланганлигидан тегишли хулоса чиқармасдан 52 ёшида яна суднинг қора курсисига ўтирди.

У ёз кунларининг бирида “Чиғатой” қурилиш мажмуасида Мардон Мамараимов билан танишиб қолади. Суҳбат қизигандан қизиб гап орасида унга Мардон Мамараимов “Tibtexsavdoservis” МЧЖнинг таъсисчиси эканлигини айтади ва Баҳодир Бекмуратовга ушбу қурилиш фирмасига директор бўлишини таклиф қилади. Чунки бир пайтнинг ўзида Мардон Мамараимов “Olmazor Turg’un” ХУЖМШнинг раҳбари ҳам эди.
 
Бу таклифга рози бўлган Баҳодир Бекмуратов 5 ой ишлаб яримта нони энди бутун бўлганда Чилонзор тумани, Олмазор мавзеси, 16-уйнинг 4 та йўлагини таъмирлаш учун буюртмачи “Olmazor Turg’un” ХУЖМШ ҳамда АТБ “Ҳамкорбанк” Тошкент шаҳар филиали ўртасида уч томонлама шартнома тузиб жами 20 000 000 сўмлик кредит маблағларини жамиятнинг ҳисоб рақамига туширишга эришади. Таъмирлашда эса 10 129 438 сўмлик ишларни олиб бориб, қилинган ишлар бўйича биронта ҳужжат расмийлаштирмайди. Таъмирлаш ишларини тўлиқ якунламасдан, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ўзганинг 9 870 562 сўмини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилади. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек орадан 7 ой ўтиб ўзининг жиноий ҳаракатларини яна давом эттиради. Яшнобод тумани, Авиасозлар 1-мавзе, 9 ва 11-уйларни ертўла қисмидаги иссиқлик қувурларини пластик қувурларга алмаштириш учун буюртмачи “Porloq qurilish” МЧЖ билан 25 000 000 сўмга келишилган маблағнинг 72 фоизини, яъни 18 000 000 сўмни жамиятнинг ҳисоб рақамига туширишга эришади. Пичоғи мой устида турган ишбилармон мазкур маблағларнинг 12 321 250 сўмини турли корхоналарга бошқа турдаги қурилиш моллари учун ва 5 500 000 сўмини корпоратив картани тўлдириш учун ўтказиб, мансаб мавқеини суистеъмол қилган ҳолда биронта таъмирлаш ишларини олиб бормайди. Такроран ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ўзганинг жами 18 000 000 сўмини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилади.
 
Кўза кунда эмас кунида синади, деб шунга айтишса керак. Ўзганинг мулки ҳеч қачон ўзгага насиб қилмайди. Сўнгги пушаймон ўзингга душман. Ўз айбига тўлиқ иқрорлик, надомат минг афсус Баҳодир Бекмуратовни номига доғ тушишидан асрамади...
 
Суд жавобгар етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини, қилмишидан пушаймонлигини, даъвогарларнинг ҳеч қандай даъвоси йўқлигини инобатга олган ҳолда унга тегишли жазо тайинлади.
 
 
Латофат ЮСУБОВА
 
(“Инсон ва қонун” газетаси,
2019 йил 23 июль)