МЕНИНГ МАҲАЛЛАМ, МЕНИНГ СУДЬЯМ!

28 июнь 2019

Жомбой  туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Юсупов, девонхона мудири Д.Худойбердиев ва Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди раиси Б.Фармоновлар иштирокида  Булунғур тумани “Ўроқли” МФЙ биносида маҳалла фаоллари ва аҳоли иштирокида “Менинг маҳаллам, менинг судьям” лойиҳаси доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Жомбой  туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Юсупов сўзга чиқиб, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлаш қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланишини, шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича сезиларли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш лозимлигини, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш зарурлигини уқтирди.

Судлар томонидан ҳар бир маҳаллада “Менинг маҳаллам менинг судьям” лойиҳаси доирасида жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, фуқаролик ва иқтисодий низоларини кескин камайтириш ҳамда аҳолида, айниқса, тарбияси оғир бўлган фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини уйғотиш мақсадида судлар томонидан очиқ мулоқотларни тизимли равишда ташкил қилинаётганлиги ва суд мажлисларини сайёр суд тартибида жойларга чиққан ҳолда кўрилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди раиси Б.Фармонов фуқаролар ўз мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси орқали ҳам юбориш имкониятига эга эканликларини тушунтирди ва ҳафтанинг ҳар сешанба куни туман халқ қабулхонаси биносида шахсан ўзи қабул қилишини маълум қилди.

Учрашув қизғин савол-жавоб тарзида ўтказилиб, фуқаролар ва тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларига суд раислари ва ходимлари томонидан батафсил жавоблар берилди.

 

Самарқанд вилояти иқтисодий суди