ТАРАФЛАР НИҲОЯТ КЕЛИШДИЛАР

16 май 2019

Яқинда суд амалиётида кўрилган бир иш хусусида фикр юритсак. Карим ота ва Салима ая Тошевлар (исм-шарифлар ўзгартирилган) 1947 йилда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган. Биргаликдаги турмушлари давомида Рустам ва Равшан исмли фарзандлари туғилган. 1997 йилда она - Салима Тошева вафот этади.

622.png

Карим ота Тошев эса хотин ўлимидан олти йил ўтгач, Самарқанд шаҳрида вафот этган.

Карим отадан фарзандларига Навоий ва Бухоро шаҳрида  уй-жой мерос бўлиб қолган.

Карим отанинг катта ўғли Рустам Навоий шаҳрида, кичик ўғли Равшан эса Бухоро шаҳридаги уй-жойда никоҳдаги оиласи билан яшаб келган.

Бухоро шаҳар 2-сонли давлат нотариал идораси томонидан 2018 йил 20 февралда Равшанга берилган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан Рустам яшаб келаётган Навоий шаҳридаги уйга нисбатан мулк ҳуқуқи берилган.

Мазкур гувоҳномани беришга меросхўр Рустамнинг меросдан воз кечиш ҳақидаги нотариал тасдиқланган аризаси асос бўлган.

Даъвогар Р.Тошевнинг  судда берган тушунтиришича, укаси Равшан унга ҳар ким ўзи яшаб келаётган уйни мерос қилиб олишини айтади. Шу сабабли акага Бухоро шаҳридаги уйдаги мерос улушидан воз кечишини айтиб нотариусга олиб боради. Нотариал идорада ҳам шу гап.

Рустам Тошев меросдан воз кечиш ҳақидаги ёзган аризасида бошқа мерос мулклардан ҳам воз кечиши кўрсатилиб, у алданганлигини, шу сабабли суддан меросдан воз кечиш ҳақидаги аризани ҳамда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топишни сўрайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига кўра, меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли.Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.

Мазкур Кодекснинг 1117-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.

Ушбу қонун талабларидан кўринадики, даъвогар Рустам Тошевнинг меросдан воз кечиши мерос очилган жой, яъни марҳум отаси Карим Тошевнинг охирги доимий яшаб турган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилиши лозим бўлган.

Иш ҳужжатлари ва тарафларнинг судда берган тушунтиришларидан кўринадики, марҳум Карим ота вафотига қадар доимий равишда Самарқанд шаҳрида яшаб келган.

Бундай ҳолда қонун талабига асосан даъвогар Рустам Тошевнинг меросдан воз кечиши Самарқанд шаҳрида жойлашган нотариал идора орқали расмийлаштирилиши лозим бўлса-да, даъвогарнинг меросдан воз кечиши Бухоро шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасида расмийлаштирилган. Даъвогар ўзининг меросдан воз кечиш ҳақидаги аризасини айнан шу нотариал идорага йўллаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 4-моддасига кўра, фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Фуқаролик қонун ҳужжати амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатлар бўйича бу қонун ҳужжати у амалга киритилганидан кейин вужудга келган ҳуқуқ ва бурчларга нисбатан қўлланилади.

Агар шартнома тузилганидан кейин тарафлар учун мажбурий бўлган, шартнома тузилаётган пайтдагидан бошқача қоидаларни белгилайдиган қонун қабул қилинган бўлса, тузилган шартноманинг шартлари ўз кучини сақлаб қолади, қонуннинг аввал тузилган шартномалардан келиб чиққан муносабатларга татбиқ этилиши кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.

Мерос қолдирувчи Карим Тошев 2003 йилда вафот этган. 2010 йил 14 сентябргача амалда бўлган қонун талаби бўйича даъвогар Рустам Тошев отаси вафот этганидан сўнг кўпи билан 8 ой ичида меросдан воз кечишга ҳақли бўлган.

Шундай бўлишига қарамасдан, қонун талабларига зид равишда  Бухоро шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси томонидан меросдан воз кечиш ҳақидаги ариза ҳамда Самарқанд шаҳар 2-сонли давлат нотариал идораси томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 5-сонли қарори 19-бандининг учинчи хатбошисига кўра, меросдан воз кечиш тўғрисида ариза берган меросхўр кейинчалик уни бекор қилиши ёки қайтариб олиши мумкин эмас. Бундай воз кечиш фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ва қонунда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун белгиланган асосларга кўра  ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 116-моддасига кўра, қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. 

Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 18 апрелдаги ажрими билан нотариус томонидан меросхўр Рустам Тошевнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зид равишда расмийлаштирилган меросдан воз кечиш ҳақидаги ариза ҳамда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилди. Эндиликда Рустам ҳам, Равшан ҳам марҳум отасидан қолган меросдан қонун бўйича ўзларига тегадиган улушни оладиган бўлишди.

Ушбу мисолимизда албатта масала ўзининг қонуний ечимини топган бўлиши ва даъвогар Рустам адолат қарор топганидан рози бўлиб юриши мумкиндир.

Лекин, муқаддас динимиз Исломда мерос масаласида яна бир муҳим жиҳат борки, мерос қолдирувчининг қариндошлари ичида 6 киши, яъни ота, она, эр, хотин, ўғил ва қиз ҳеч қачон асоссиз равишда меросдан бутунлай маҳрум бўлиши мумкин эмас. Бу кишиларни заифлиги сабабли меросдан четлаштиришга ҳаракат қилмаслик  керак, зеро бу ўзганинг ҳаққини ейиш бўлади.

Шундай экан, ҳар бир мерос талашаётган кишиларни меросни тақсимлаш пайтида адолатли бўлишларини, мерос масаласида ўзларининг яқинлари, жигарларининг ҳақларига хиёнат қилмасликларини, арзимас мол-мулк деб ўртадаги меҳр-оқибатни йўқотиб қўймасликларини истаб қолар эдим.

 

                                                        А.Муродов,
Олий суд судьяси