МЕРОС ТАЛАШИШНИНГ САБАБИ НИМАДА

23 июль 2019

 ёхуд қонун талабини билмаслик ва унга риоя қилмаслик низога олиб келиши ва унинг оқибатлари ҳақида 

Табиийки, бирон-бир ақли расо одам бугун ўзи тарбиялаётган, бирга ўсиб-улғаяётган, халқ таъбири билан айтганда, бир онани эмиб, бир кўрпада катта бўлаётган фарзандларининг эрта бир кун  мерос талашиб, бир-бири билан юзкўрмас бўлиб кетишини хохламайди.
 

Ҳар қандай соғлом фикрли инсон биргина ўз манфаатини кўзламасдан, ҳалол меҳнат орқали оиласини таъминлаш, мулкдор бўлиш, уни кўпайтириш ва ўзидан кейин авлодларига қолдириш йўлида меҳнат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасида  мулкдорнинг ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.

   Мулкдор ўзининг юқорида қайд этилган мулкка нисбатан барча ҳуқуқларидан ҳаётлик чоғида бевосита фойдаланади. Шунингдек, ўзи ҳаётлик чоғида ўз мулкининг вафотидан кейинги тақдирини васиятнома қолдириш орқали олдиндан белгилаши ҳам мумкин.

   Амалдаги Фуқаролик кодексининг бешинчи бўлимида, мулк эгасининг вафотидан кейин унинг барча мол-мулки унинг ворисларига ўтиши тартиби белгилаб қўйилган.

  Суд амалиёти таҳлилидан кўринишича, васиятнома қолдирилмаган ҳолларда айни бир мулкни  меросхўрлар ўртасида  тақсимлаш билан боғлиқ  низолар келиб чиқмоқда. Шунинг учун ҳам қонуний тартибда расмийлаштирилган васиятномани рамзий маънода қон-қариндошлар учун оқибат хужжати дейиш мумкин.

Мерос билан боғлиқ низолар асосан қон-қариндош бўлган ота(она) ва фарзандлар, ака-ука, опа-сингил ворислар ўртасида юзага келади ва бунга асосан уларнинг амалдаги қонун талабларини билмаслиги ва бири бошқасининг ҳуқуқини тан олмаслиги сабаб бўлади.

Мерос мулкини тақсимлашда ворислар ўзаро келишганлари энг мақбул ечим ҳисобланади. Чунки, низолашиш (суд томонидан қонуний ечим топилган тақдирда ҳам) ворислар ўртасидаги ўзаро яқинлик муносабатларига, меҳр-оқибатга путур етказади.

   Жамият инсонлар ўртасида соғлом муносабатлар қарор топиши, уларнинг бир-бирига муносабатлари яхши бўлишидан манфаатдордир. Зеро, соғлом муносабат, соғлом оилалар жамият негизини ташкил этади.

Мерос мулки билан боғлиқ низолар бўйича  суд амалиёти таҳлилидан аниқланишича, мазкур низоларнинг келиб чиқишига асосан амалдаги қонун талабларини билмаслик ва оқибатда ворислар томонидан бир-бирининг қонуний ҳуқуқларини тан олмаслик сабаб бўлган.

2019 йил 6 ойида жами 702 та  мерос билан боғлиқ ишлар судлар томонидан кўрилиб, шундан 427 та даъво қаноатлантирилган, 107 та даъво рад қилинган, 83 та иш кўрмасдан қолдирилган, 85 та иш тарафлар  ўзаро келишганликлари сабабли иш юритувдан тугатилган.

Қайд этилганидек 427 та меросга оид низо судда қаноатлантирилиб, мерос ворислар ўртасида тақсимлаб берилган.  Лекин,  мерос низоси бир тарафнинг иккинчи тараф қонуний ҳуқуқларини тан олиш билан боғлиқ бўлганлиги сабабли суднинг қонуний ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин ҳам низо барҳам топиб, қон-қариндошлар муносабати яхши бўлиб қолаётгани йўқлигини қайд этиш жоиз.

            Шунинг учун ҳам  ворислар ўртасидаги мерос низоларини кўриб чиқишда асосий эътибор, яқин қариндош бўлган ака-ука, опа-сингилларга ҳуқуқларини тушунтириш орқали уларни яраштириш ва низони тинч келишув йўли билан ҳал этишга, қаратилмоқда.

Натижада, қуйи судлар томонидан йилнинг ўтган 6 ой мабайнида 85 та, Олий судда ишни назорат тартибида кўриш жараёнида 1 та, жами 86 та иш бўйича ворислар яраштирилиб, фуқаролик ишлари тугатилди.

         Мисол учун, бир отанинг фарзандлари бўлган 40-45 ёшдаги ака-ука ва сингил ўртасидаги мерос низоси  сингил ва ака-укага ҳуқуқлари тушунтирилиб, уйни бўлиб бўлмаслиги сабабли бир тараф иккинчи тарафга мерос улушини пулда бериш таклиф этилганида улар рози эканликларини билдириб, келишув битимини имзоладилар. Укага улуши пулда берилди. Шундай қилиб, тарафлар ўртасидаги мерос низоси барҳам топди.

         Энг асосийси, жигарлар ўртасидаги қариндошлик муносабатларини сақлаб қолинди.

         Шунингдек, мерос ишлари билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти таҳлилидан кўринишича, ота-она ўзи ҳаёт вақтида фарзандларга мулкини бўлиб берган ёки васиятнома қолдирилган ҳолатларда  туғишганлар мерос талашиб юрмайди. Яъни, ота-она васиятнома қолдириш орқали ўз мулкининг вафотидан кейинги тақдирини белгилаб бериши  ака-ука, опа-сингил жигарлар ўртасидаги юзага келиши мумкин бўлган мерос низосининг олдини олган бўлади, шунингдек ўзи вафотидан кейин ҳам фарзандлари тинч ва тотув яшашини таъминлайди.

         Бир ота-она фарзандлари бўлган жигарларнинг мерос мулкини талашиб, бири –иккинчисининг ҳуқуқини тан олмасдан низолашиб, ёвлашиб юришининг асосий сабабларидан бири амалдаги меросга оид қонунчилик талабларини билмаслик, қолаверса нафсга берилиш орқали ўзаро ҳурмат –иззат йўқолишининг ҳосиласидир.

Энг ачинарлиси мерос мулкини талашаётганларнинг аксарият қисми катта ёшлилар бўлиб, низо орқасида нафақат уларнинг балки бир-бирига яқин қариндош бўлган фарзандларининг ҳам ўзаро муносабатларига путур етаётганлигидадир. Айни пайтда мерос талашаётган ака-ука,опа-сингиллар ана шу масалани, яъни низолашиш орқали фарзандларини ҳам бир-бирига бегона қилиб қўяётганликларини, яъни масаланинг фақатгина моддий томонини ўйламасдан, маънавий томонини ҳам бир ўйлаб кўрсалар,          айни муддао бўлар эди.

Қуш уясида кўрганини қилади, деб безиж айтилмаган. Бугун биз катта ёшлилар фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз, уларга панду-насихат қилишишимиз, шунингдек уларнинг келгусида мол-мулк талашишининг олдини олишимиз, ўзимиздан кейин қоладиган мулк фарзандларимиз учун ёмонликка эмас, балки яхшиликка хизмат қилишини таъминлашимиз даркор.

 

Мерос билан боғлиқ низоларнинг олдини олиш, аҳолига бу борада кенгроқ тушунтириш  орқали  мерос мулки билан боғлиқ низоларнинг,  жамиятимизда инсонлар ўртасидаги қон-қариндошлик муносабатларига путур етишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тарраққиёт Агентлиги (USAID) ва БМТ Тарраққиёт Дастурининг "Ўзбекистондан қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик" қўшма лойиҳаси томонидан "ВОРИСЛИК ҲУҚУҚИ" китоб, ўзбек ва рус тилида "Ўзбекистонда мерос ҳуқуқи" номли амалий қўлланмалар чоп этилиб, Халқ қабулхоналари, маҳалла фуқаролар йиғинлари кутубхоналари ва фуқароларга бепул тарқатилди.  

    Қўлланмада, ворислик тушунчаси ва уни ҳуқуқий тартибга солиш, мерос таркиби, мерос очилиши, меросхўрлар, васиятнома бўйича ворислик, қонун бўйича ворислик, меросни эгаллаш ва бошқа ворислик билан боғлиқ бошқа масалалар содда тилда суд амалиётидан мисоллар орқали тушунтирилган. Шунингдек, қўлланмада васиятнома қолдиришнинг аҳамияти, васиятнома намуналари, меросни қабул қилиш масалалари содда тилда кенг ёритилган.

  Китобнинг электрон шакли билан Олий суднинг расмий сайтида танишиш мумкин.

 

 Х.Ёдгоров

 Олий суд раисининг ўринбосари