СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО ДАВРА СУҲБАТИ

29 ноябрь 2018

Тошкент давлат юридик университетида бўлиб ўтаётган “Фуқаролик процессуал ҳуқуқини ривожлантиришнинг долзарб масалалари" мавзусига бағишланган халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Адлия вазирлиги мутасаддилари, Олий суд судьялари, Бош прокуратура, қонунчилик соҳасидаги тадқиқот институтлари, Адвокатлар палатаси вакиллари, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари педагог ва талабалари қатнашмоқда. 

Давра суҳбатида Германия, Хитой, Россия, Япония, Латвия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан экспертлар иштирок этаётир. 

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори Е. Каньязов, Олий суд раиси ўринбосари Х. Ёдгоров, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Ф. Караханов, Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги офиси директори вазифасини бажарувчиси Д. Биган, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” минтақавий дастури Ўзбекистондаги лойиҳаси раҳбари К. Перконе ва бошқалар сўзга чиқди. 
 
– Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 мартдаги “2018 йилга мўлжалланган демократик ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг янги йўналишларини амалга оширишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун халқаро конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил қилинди, – дейди Е. Каньязов. – Тадбирдан кўзланган мақсад ўзаро мулоқот орқали мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ривожига ҳисса қўшиш имконини берадиган назарий ғоялар, амалий таклифлар, илмий хулосаларни ишлаб чиқишдан иборат. Мулоқот чоғида қатор масалалар, жумладан, 2018 йил 1 апрелдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг устувор йўналишлари ва уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, тарғиб қилиш бўйича амалий ҳаракатларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. 
 
Давра суҳбатининг биринчи сессиясида судлар фаолиятига доир, хусусан, фуқаролик суд ишларини соддалаштириш, жамиятда судларга бўлган ишонч даражасини ошириш, халқ билан мулоқотни инновацион шаклга ўтказишга қаратилган ахборотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш каби устувор вазифаларга эътибор қаратилди. 
 
Сессия доирасида Япониянинг Нагоя университети вакили Эхара Намико Кунчиқар мамлакат суд-ҳуқуқ тизими соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган тақдимот билан иштирок этди. 
 
– Ўтган асрнинг охири ва янги юз йилликнинг бошида Японияда суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш борасида кенг кўламда ислоҳотлар бошланган эди, – дейди Э. Намико. – 2002 йилда ҳукумат томонидан суд-ҳуқуқ ислоҳотларини илгари суриш режаси тасдиқланди. Унга мувофиқ, фуқароларга бепул юридик хизмат кўрсатиш тизимини кенгайтириш, гумонланувчиларга ва судланувчиларга адвокатларни тайинлаш тизимини ривожлантириш бўйича қатор чоралар кўрилди. Бугун Ўзбекистонда барча соҳаларда бўлгани каби одил судлов тизимини такомиллаштириш ва самарали фаолият юритишни ташкил қилишга қаратилган ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу каби тадбирлар ўзаро мулоқотни йўлга қўйиш ва ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш имконини бериши билан муҳим аҳамиятга эга. 
 
Давра суҳбатининг навбатдаги сессиясида судларда иш юкламаларини янада камайтириш, муайян ишларнинг ваколатли органлар томонидан ҳал қилинишига эришиш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил шаклларига кенг ўрин бериш, маъмурий судларнинг ташкил топиши, иқтисодий ва фуқаролик судларида низоларни кўриб чиқишга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. 
 
 
ЎзА