МУДДАТНИ ЎТКАЗИБ ЮБОРИШ ЗАРАРГА ИШЛАЙДИ

24 июль 2019

 “Суд, шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ даврда яшамаслигини узрли сабаблар оқибатида юзага келган деб ҳисобласа, уйдан чиқариш ҳақидаги даъвони рад этиши мумкин”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланиши таъкидланиб, аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришиши, мустаҳкам иродали, ўз ҳуқуқларини биладиган ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай оладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ва ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўладиган фуқароларни тарбиялаш мақсадида бир қатор вазифалар  белгиланиб, уларнинг ижроси таъминланмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят судлари томонидан вилоят Халқ қабулхонаси, вилоят телерадиокомпанияси, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда кенг қамровли очиқ мулоқотлар, сайёр қабуллар ва ҳуқуқий тарғиботлар ўтказилиб, уларнинг сифати ва  самарадорлиги сезиларли даражада оширилмоқда.

Статистик маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 1 июль ҳолатида   вилоят судлари томонидан аҳоли билан 280 та очиқ мулоқот, 127 та оммавий ахборот воситаларига чиқишлар қилинди, 2221 та фуқароларнинг 1471 таси суд биносида, 446 таси сайёр қабулда қабул қилиниб, 2010 та фуқаролик ишлари бўйича сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Вилоят судларининг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятидан рози бўлиб 1 июль ҳолатида 15 нафар фуқаро ташаккурнома  йўллаган.

Бугунги кунда фуқаролик судлари уй-жойларга боғлиқ низоларни тўғри ва адолатли ҳал этмоқда. Бироқ, айрим ҳолларда фуқаролар  томонидан қонун талабларини тўлиқ билмаслик уларнинг овора  бўлишларига, ортиқча вақт ва маблағ йўқотишларига сабаб бўлмоқда.

Фуқаро А.Ашурова(исм-шарифлар ўзгартирилган)Пешкў туманлараро судига даъво ариза билан  мурожаат қилиб, собиқ турмуш ўртоғига тегишли бўлган уй-жойга   фарзандлари билан бирга киритишни ва бузилган ( ўзи келин бўлиб тушган) уй-жой ўрнига бошқа уй-жой қуриб бериш мажбуриятини юклашни сўраган. Пешкў туманлараро судининг 2018 йил 13 мартдаги ҳал қилув қарори билан  даъво рад қилинган.

Фуқаро А.Ашурованинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб  келтирган кассация шикоятига асосан, 2018 йил 24  май куни иш судлов ҳайъатида  кўрилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Уй-жой  низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги Қарорининг 18-бандига кўра, Уй-жой кодексининг 52-моддасига мувофиқ муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар-жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганларида (агар, турар-жой бўйича узоқ муддат сақланиши кўрсатилмаган бўлса) турар-жой 6 ой муддат давомида унинг ҳисобида сақланади.

Судлов ҳайъати даъвогар А.Ашурова низоли уйдан 2015 йил ноябрь ойида чиқиб кетганини, ўтган давр давомида Бухоро туманида жойлашган  Работак қишлоғида яшаб келганлигини, ўша уйда рўйхатдан ўтганлигини, ўтган вақт мобайнида уйга киришга ҳаракат қилмаганлигини, уйга киритишни сўраб судга ёки бошқа ҳуқуқни муҳоқаза қилувчи органларга мурожаат қилмаганлигини, низоли уйда даъвогар умуман яшамаганлигини, низоли уй тарафларнинг умумий мулки ҳисобланмаслигини, низоли уйга  даъвогарни киритиш ёхуд уйдан фойдаланиш бўйича тарафлар ўртасида ҳеч қандай келишув расмийлаштирилмаганини, бундан ташқари, низоли уй-жойга нисбатан белгиланган тартибда мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан  ўтмаганини аниқлаган. Юқоридаги асосларни ва уйнинг ҳозирги мулкдори даъвогарнинг уйга киришига розилик бермаганини, бундай ҳолларда даъвогарни уйга киритиш учун қонуний асослар йўқлигини инобатга олиб Пешкў туманлараро судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти  қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Уй-жой кодексининг 52-моддасида вақтинча бўлмаганида фуқароларнинг турар жойи қандай ҳолларда 6 ойдан ортиқ муддатга сақланиб туриши белгиланган.

Олий суди Пленумининг “Уй-жой  низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги Қарорига мувофиқ, шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ давр мобайнида уйда бўлмаслиги оқибатида турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи манфаатдор шахсларнинг даъвоси бўйича суд йўли билан йўқотган деб топилиши мумкин. Агар, суд шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ даврда яшамаслигини узрли сабаблар оқибатида юзага келган деб ҳисобласа, даъвони қаноатлантирмасдан рад этиши мумкин.

Уй-жой кодексининг 53-моддасида белгиланишича, вақтинча бўлмаганида фуқароларнинг муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойи сақланиши муддатлари ижарага олувчи ва ижарага берувчининг ўзаро келишуви билан қисқартирилиши мумкин эмас.

  Ўтказилган сайёр қабуллар давомида фуқароларга уларнинг қонуний ҳуқуқлари тушунтирилган бўлса-да, аммо юқорида қайд этилган ҳолатлар  ҳам учраб турмоқда. Натижада, тарафларнинг сарсон бўлиши билан бир  қаторда ортиқча сарф харажатлар келиб чиқмоқда. Фуқароларимиз қонунда  белгиланган 6 ойлик муддат давомида уйга киришга ҳаракат қилмасдан  муддатни ўтказиб юборган ҳолда даъво киритишмоқда. Бошқа фуқароларнинг ҳудди шундай  ҳолатга  тушмаслиги учун, уйга киритиш ҳақидаги даъво аризалар билан турар жойни сақланиб тушириш муддатини ўтказмасдан туриб судга мурожаат қилишлари тавсия этилади.

 

                                                           Д.Исаева,

  Фуқаролик ишлари бўйича
Бухоро вилоят суди
 девонхона  мудири