МУРОЖААТЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

25 июнь 2019

Бекобод тумани давлат солиқ инспекциясида тадбир бўлиб ўтди.

 Унда дастлаб сайёр суд ташкил этилди. Бекобод туманлараро иқтисодий суди судьяси М.Набиев даъвогар Бекобод туман давлат солиқ инспекцияси даъво аризалари юзасидан қўзғатилган иқтисодий ишлар очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқди.

Шундан сўнг Бекобод туманлараро иқтисодий суди раиси Ж.Суяров ва судья М.Набиев томонидан фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари учун сайёр қабул ташкил этилди.

Сайёр қабулда 12 нафар фуқаро ўзини қийнаётган, тадбиркорлик фаолиятини юритишда тўсиқ бўлаётган муаммоли масалалар юзасидан мурожаат этди. Ушбу мурожаатлар юзасидан фуқароларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, мазкур мурожаатларнинг 2 таси қаноатлантирилди.

Хусусан, фуқаро Ф.Дусбеков 2006-2008 йиллардаги тадбиркорлик фаолияти учун солиқ органи томонидан солиқ қарзи ҳисобланиб, ушбу қарздорлик ундирувини унинг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво аризаси суд томонидан адолатли ва холис ўрганиб чиқилиб, қонуний қарор қабул қилинганлиги ҳамда унинг мурожаати амалдаги қонун ҳужжатлари асосида ижобий ҳал этилганлиги сабабли судьяларга, Олий суд раҳбариятига миннатдорлигини билдирди.

Шу билан бирга сайёр қабулда суд раиси Ж.Суяров томонидан фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва солиқ инспекцияси ходимларига суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун моҳияти юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.

 

                                                                  Олий суд Матбуот хизмати