НАФС ЎПҚОНИ ОСМОННИ ҲАМ ЮТАДИ...МИ?!

05 февраль 2019

Элёр Рустамов (исм-шарифлар ўзгартирилган) “Ўзмиллийбанк”нинг Академик филиали касса мудири лавозимида туппа-тузуккина ишлаб келаётганди. Нима бўлди-ки, нафс домига илиниб. жиноятга қўл урганини сезмай қолди. Ёз кунларининг бири. Банкда одатдагидек иш қайнаган.

nafs.png

Сайёр касса ходими М. Умарова ва кассир-эксперти Г. Юсуповалар нақд пул тушумини йиғиб, кирим кассасига топширмоқчи бўлишди. Лекин Элёр Рустамов жиноий режасини амалга ошириш мақсадида йиғиб келинган суммани кирим кассасига ўзи томонидан топширишини билдириб, (ваколати бор эди) уларга пул маблағлари ва унинг ҳужжатларини ўзига тақдим этилиши тўғрисида топшириқ берди. Сўнгра, М. Умарова ва Г. Юсуповалардан қабул қилиб олган 17 808 000 сўмдан 1 362 000 сўмини белгиланган тартибда кирим кассасига жойлаб, қолган 16 143 000 сўм пулни кирим қилмасдан банкдан олиб чиқиб кетади. Нафси ҳакалак отган Э. Рустамов бир соат ўтгач, бу билан чекланмай ўзининг жиноий ҳаракатларини яна давом эттиради. Яъни, Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бош бошқармаси ҳузуридаги “Инкассация хизмати” ДУК инкассаторлари томонидан йиғиб келинган 91 661 050 сўм пул “Ўзмиллийбанк” Академик филиалининг кассири ҳамда назоратчи-бухгалтерига топширилганидан хабар топгач, мансаб мавқеидан ғараз ниятда фойдаланади. Кассир ва назоратчи-бухгалтернинг моддий жавобгарлигида бўлган 91 661 050 сўм пул маблағини пул санаш жамоаси назоратчиси Н. Юлдашевага беришини тайинлайди. Натижада, Н. Юлдашева қабул қилиб олинган нақд пул маблағлари банк кассасига кирим қилиниши учун тақдим этади. Бу вазиятдан фойдаланган Э. Рустамов банк кассасига кирим қилиниши лозим бўлган ушбу пулни банк ходимлари ва мижозларнинг пластик картасидаги маблағларини нақдлаштириш учун банкоматга жойлаштириш баҳонасида 70 000 000 сўм нақд қисмини кирим қилмасдан, осонликча ўзлаштиради.
 
Э. Рустамов ўйлаган ишининг силлиқ амалга ошганидан янада руҳланиб кетди. Аммо навбатдаги ўзлаштирмоқчи бўлган “катта луқма”ни ўмариш пайтида қонуннинг метин мушти зарбасига учради. Гап шундаки, ўзи ишлайдиган банкнинг кассир-назоратчиси Х. Норгитовадан пул сақлаш омборига топшириш учун махсус қопга солинган 389 759 АҚШ долларини “Қабул қилинган ва берилган бойликлар ҳисобини юритиш” дафтарига имзо чекиш орқали ўзининг моддий жавобгарлигига қабул қилиб олгач, режалаштирган жиноий ишини амалга ошириш пайида бўлди. Пломбаланган махсус қоп пломбасини бузиб ташлаб, унинг ичидан 270 000 АҚШ долларини олади, тўғрироғи, чўнтакка уради. Фириб йўлини “текислаб” қўйиш мақсадида тақдим қилиниши лозим бўлган барча ҳужжатларни сохталаштиради. Яъни, Э. Рустамов ихтиёрида бўлган 270 000 АҚШ долларини шахсий мулкига айлантириш мақсадида, уларнинг келиб чиқишига қонуний тус бермоқчи бўлади. Ўз эҳтиёжлари учун маиший техника воситалари ҳамда таниши Б. Қосимовнинг номига кўчмас мулк сотиб олиб, мол-мулкнинг манбаини, пул маблағлари ёки мулкка бўлган ҳақиқий эгалик ҳуқуқини яширишга уринади. Банк мудирининг навбатдаги очкўзлиги бошига кулфат келтирди. Нафс бандасининг қилмишлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан рад этиб бўлмас далиллар билан ошкор қилинди.
 
Суд томонидан Э. Рустамовга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазо белгиланди. Шунингдек, етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш чоралари ҳам кўрилди.
 
 
Муҳаммад КАЮМОВ,
жиноят ишлари бўйича 
Мирзо Улуғбек туман суди судьяси,
Гулҳаё НУРМЕТОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири
 
(“Инсон ва қонун” газетаси,
2019 йил 5 февраль)