НАМАНГАН ВИЛОЯТ СУДЛАРИ РАИСЛАРИ ЖАМОАТЧИЛИККА АХБОРОТ БЕРДИ

25 апрель 2019

Юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликлари,  уларнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини янада мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва ролини кучайтиришдан иборатдир.

 

Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳар томонлама пухта ва чуқур ўйланган ғояларга асосланиб, тизим нуфузини ошириш, судларни ихтисослаштириш билан бирга халқ, унинг тақдири, ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилишнинг юксак ифодаси бўлди.

Фармонга биноан, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш йўлга қўйилди.
 
Фармон ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Наманган вилоятдаги суд раислари жорий йилнинг биринчи чорагида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти юзасидан ахборот берди.
 
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси Давлатмирза Камиловнинг қайд этишича, жиноят ишлари бўйича вилоят, туман, шаҳар судлари томонидан ҳисобот даврида 677 нафар шахсга нисбатан 530 та жиноят иши кўриб тамомланган. Тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 272 тага, шахслар сони эса 419 нафарга камайган. 
 
Мазкур даврда кўриб тамомланган жиноят ишларининг 233 таси ёки 44 фоизи сайёр суд мажлисида кўрилган. 
 
Судларнинг инсонпарвалик тамойилини қўллаши натижасида 8 нафар шахс оқланган.  36 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинган,  Жиноят кодексининг 57-моддаси тартибида жиноят содир этган 215 нафар шахсга енгил жазо тайинланган, 22 нафар шахслар шартли ҳукм қилинган, жиноят кодекининг 73-моддаси тартибида 458 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган. Жиноят кодексининг 74-моддаси бўйича 4 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган. Шунингдек, 115 нафар шахс тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган. 
 
Бундан ташқари маҳалла, хотин қизлар ва ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 26 та жиноят иши бўйича 32 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
 
Шунингдек, жиноятнинг сабаблирини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида вилоят ва туман судлари томонидан 399 хусусий ажрим чиқарилиб, унинг муҳокамасида бевосита судъялар иштирок этишган.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси А.Сафаев ҳисобот даврида жорий йилнинг биринчи чорагида фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва туманлараро судлари томонидан 2 минг 568 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланганини, 1 минг 259 та аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилганини маълум қилди. 
 
Кўриб тамомланган ишларнинг 2 минг 289 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган. 1 минг 801 та даъво қаноатлантирилиб, 488 таси рад этилган. 70 таси иш юритувдан тугатилиб, 209 таси кўрмасдан қолдирилган.
 
 
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят ва туманлараро судлари томонидан фуқаролик низоларнинг олдини олиш юзасидан 407 та хусусий ажрим, 18 та тақдимнома чиқарилган.
 
Шунингдек, 1 минг 84 та фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб тамомланган. 
 
Жорий йилнинг уч ойида кўриб тамомланган 6 минг  555 та маъмурий иш бўйича 7 минг 685 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 5 минг 84 та маъмурий ишлар бўйича 4 минг 305 нафар шахсга маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган, – деди Наманган вилояти маъмурий суди раиси С.Турсунов. 
 
Мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар натижасида МЖтКнинг 271-моддаси 10-банди билан 486 та шахсга нисбатан 483 та иш, 271-моддаси 11-бандига асосан  1 минг 274 та шахсга нисбатан 1 минг 262 та маъмурий ишлар тугатилган.
 
Мазкур даврда жами 308 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар кўриб тамомланиб, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъул мансабдор шахсларга нисбатан 95 та ҳусусий ажрим ва 2 минг 679 та тақдимномалар чиқарилган.
 
Наманган вилояти иқтисодий суди раиси вазифасини бажарувчи А.Хоназаровнинг ахборот беришича, жорий йилнинг уч ойида вилоят ва туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларига 3 минг 570 та даъво аризаси келиб тушган.
 
Хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 355 та иш кўрилиб, ишни кўриш натижаларига кўра уларнинг фойдасига 8 миллиард сўм ундириш ҳақида суд қарорлари чиқарилган. 
 
Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан иқтисодий ишлар 4 минг 845 тага камайишига эришилган.
Айбдор шахсларга нисбатан 7 та маъмурий иш қўзғатилиб, бу бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган. 10 та моддий, 12 та интизомий ҳамда 20 та бошқа мазмундаги хусусий ажрим ва тақдимномалар чиқарилган.
 
Шунингдек, суд раислари брифингда қатнашган ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга батафсил ахборот бериш билан бирга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш, “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси асосида олиб борилган ҳуқуқий тарғибот ишлари, сайёр суд мажлисларида журналистлар иштирокини таъминлашнинг аҳамияти ва долзарблиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар. 
 
 
Акрамжон Арипов, 
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят 
Суд амалиётини таҳлил қилиш бўлим бошлиғи