НАМУНАЛИ ОИЛАНИНГ НОМУНОСИБ ФАРЗАНДИ

26 октябрь 2018

2018 йилнинг 7 мартидан 8 мартига ўтар кечаси. Сокин ва осуда тун. Соат миллари тонгги тўртни қувлаб етган паллада ширин уйқуда ётган Шоира (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) шовқиндан безовталаниб кўзини очди. Нигоҳи ётоқхонасидаги шарпага тушди. Олдинига ёмон туш кўраяпман шекилли, деган ўй хаёлидан ўтди. Аммо фикрлари тиниқлашиб, нигоҳи теранлашган сайин шарпа қўрқинчли қиёфа касб эта бошлади.

namunali-oila.png

Шоира қўрқувдан бақириб юборди. Унинг овозидан уйғониб кетган турмуш ўртоғи Расул Ибодуллаев вазиятни тез англади, бу орада бақир-чақирлардан ўғли Умид ҳам уйғонди. Шкаф устидан иккита телефон ва Шоиранинг тилла тақинчоқларини олган номаълум шахс эса пулларнинг қаердалигини айтишни, акс ҳолда ҳаммасини сўйиб ташлашини айтиб, пўписа қила бошлади. Шу пайт Расул юзига калла суяги жағ қисми сурати солинган ниқоб кийиб олган йигитнинг гавдаси ва овозидан маҳалладоши Сарвар эканлигини таниб қолди.

— Сарвар, сени танидим, тинчлан, сенга хоҳлаганингча пул бераман, фақат ҳеч кимга тегма, ниқобингни еч, ўғлим қўрқиб кетмасин, илтимос...

Расулнинг ялиниб-ёлворишларидан кейин Сарвар юзидаги ниқобини ечди ва “Samsung Galaxy 7 А” ва “Iphone 6” русумли мобиль телефонлар ва тилла тақинчоқларни чўнтагидан чиқариб, уй эгасига қайтариб берди ҳамда бировдан 5 000 АҚШ доллари қарзи борлигини, унга шу пул миқдорида қарз беришини сўради. Расул айтган пулини беришга ишонтириб, маҳалладошини кўчага олиб чиқди. Унинг мақсади оиласини хавфдан қутқариш эди. Ҳар ҳолда тонг палласи, кўчада кимдир ёрдамга келар ёки ўзи уялганидан кетар, деган умидда таваккал қилди. Аммо кўчага чиққач ҳам Сарвар фикридан қайтмади, аксинча, ваъда қилинган пулни топиб бермаса хотинини ҳам, боласини ҳам, ўзини ҳам ўлдиришини айтиб, жанжаллаша бошлади. Ота-онанинг юраги боласининг қувончу ташвишини сезади, дейишади. Шу пайт қўшни ҳовлида яшайдиган Расулнинг отаси Мирвали ака уйғониб кўчага чиқдию, Сарварнинг ўғлига таҳдид қилаётганлигини кўриб, ИИБга қўнғироқ қилиб, ёрдам сўради.

Сарвар Расул Ибодуллаев унга пул беришга мажбур эмаслигини, қилган хатоси жиноят эканлигини тушуниб, чин дилдан кечирим сўраганида эди, Расул унинг маҳалладоши эканлигини инобатга олар, қўшничилик ҳурматини қилар, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолар, ёш йигитнинг юзи шувут бўлиб, умри увол кетмаган бўлар эди.

Қаттиқ қўрқиш оқибатида Умиджон соғлиғини йўқотгач, бир кечалик ҳаловат қадри Ибодуллаевлар оиласи учун янада билинди. Яхшиям тиббий муолажалар туфайли унинг саломатлиги тикланди.

Юртимиздаги тинчлик, осойишталик, дастурхонимиздаги тўкин-сочинлик ва қут-бараканинг барчаси адолат устуворлиги туфайлидир.

Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди ушбу жиноят ишини кўриб чиқар экан, судланувчига Тошкент шаҳар Сергели тумани “CHOSH-TEPA” маҳалла фуқаролар йиғини ва Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши таъсисчилигида ташкил қилинган “Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши” томонидан берилган кафолат хатларини ҳамда жиноятнинг хусусият ва ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олган ҳолда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, у айбли деб топилаётган модда санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинлашни мақсадга мувофиқ ҳисоблаб, 6 (олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Жиноят йўлига кирган жазосини олади, албатта. Аммо кишини бир савол ўйга толдиради: нега маҳалланинг намунали хонадони, дея таърифланаётган Абдувалиевлар ўғли Сарварнинг 23 ёшга кирган бўлса ҳам ҳанузгача бирон касб-корнинг бошини тутмагани ҳақида қайғурмай, тараллабедод қилиб юришига йўл қўйишди? Унинг тенгдошлари илм олиб ёки меҳнат қилиб, жамиятнинг фаол кишилари сафига интилаётган бир пайтда айни куч-қувватга тўлган йигит бекорчиликдан зерикса, бунинг устига пулга муҳтожлик сезса-ю унга ота-онаси ҳам, маҳалла фаоллари ҳам эътибор беришмаса? Буни қандай тушуниш ва оқлаш мумкин?

Уйим ёниб кетган эди, шунинг учун пул топиб, уйимни таъмирламоқчи эдим, дея жиноятини оқлашга уринаётган Сарвар наҳотки бировнинг мол- мулкини босқинчилик ёки зўравонлик билан олиб бўлмаслигини, пул фақат ҳалол меҳнат ва пешона тери эвазига топилишини билмаса?! Наҳотки маҳалла фуқаролар йиғини учун шундай оилалар “намунали оила” ҳисобланса? Ҳеч ким ўз-ўзидан жиноятчи бўлиб қолмайди. Ҳалоллик, тўғрилик, меҳр-оқибат каби миллий қадриятлар ёшликдан бола шуурига аввал оилада, кейинчалик теварак-атрофдаги муҳит таъсирида сингиб боради.

Маънан комил инсонга бундай нопок ишларни мажбурлаб ҳам қилдириб бўлмайди. Одатда бирон маҳаллага бегона одам кириб қолса, аввало Сарвар тенги йигитлар сергак тортишади: ким бу, нима мақсадда ва кимни излаб келди — шу саволларга жавоб топишмагунча тинчишмайди. Бу уларда менинг маҳаллам, маҳаллам тинчлигини таъминлаш — менинг вазифам, деган туйғу устуворлигидандир.

Агар маҳалланинг қайсидир йигитини ёки қизини кимдир безовта қилса борми – маҳалладош йигитлар тўпланиб, мустаҳкам қўрғонга, кўкси қалқонга – ҳимоячига айланишади. Ҳар ҳолда бу ўзбекнинг алп йигитларига хос миллий қадриятларимиздан. Бундай фидоийлик ва ғурурни на ўқиб, на уқиб, на сотиб олиб бўлмайди. У она сути билан вужудга жойланади. Шу маънода Сарварнинг ўз маҳалладоши тинчлигига посбон бўлиш ўрнига унинг ҳаловатини бузиб, ҳаётига таҳдид қилиши ва босқинчилик қилишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Шуҳрат БАКАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Сергели туман суди раиси,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири

(“Adolat” газетаси,
2018 йил 26 октябрь)