ОҒУФУРУШ ЖАЗОСИНИ ОЛДИ

08 февраль 2019

Гиёҳвандлик – нафақат инсон ҳаётига хавф солувчи, балки турли жиноятларга йўл очувчи мудҳиш иллатдир.

ut-ulan.png

Кундалик турмушда гиёҳвандликка мубтало бўлган ёки наркобизнесга аралашган киши борки, охир-оқибат ўзига яраша жазо топаётганига тез-тез гувоҳ бўламиз.
 
Аммо ўзгалар хатосидан хулоса чиқармай, аксинча уни такрорлашга уринаётганлар, афсуски, йўқ эмас.
 
Шундайлардан бири Икром исмли шахс томорқасида таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган 910 туп кўкнор ўсимлигини етиштирган. Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар бўлими ҳамкорлигидаги тезкор тадбир вақтида томорқадаги оғу фош этилди. Бу шахснинг уйи кўздан кечирилганда ҳовлисининг томида, уйининг ошхонасида аввал экилган кўкнор ҳосилидан қолган кўкнор хашаги сақлаб қўйилгани маълум бўлди.
 
– Гиёҳвандлик воситасини етиштириш, сотиш мақсадида сақлаш каби жиноятларни содир этган бу шахснинг қилмишига қонуний баҳо берилди, – дейди жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани судининг раиси Мақсудбек Қиличев. – Бироқ нима учун маҳалла аҳли, фаоллар унинг ножўя ҳаракатларини сезмагани кишини ажаблантиради. Қўни-қўшниларнинг лоқайдлиги натижасида қинғир иш илдиз отиб кетган. Ҳолбуки, қўшнилар ҳаммасини яхши билади. Айниқса, алвон рангда гулга кириб, эътиборни тортадиган кўкнорини кўрмай қолиш мумкин эмас.
 
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, маҳаллада ҳушёрлик, огоҳлик муҳити барқарор бўлиши учун Хонқа тумани “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси номига хусусий ажрим нусхаси юборилди. Бу ҳолат маҳаллада муҳокама қилиниши кўрсатилди.
 
Гиёҳвандлик нафақат инсон ҳаётини издан чиқаради, балки оиладаги муҳитга, болалар тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, бундай қонунбузарликларнинг олдини олиш долзарб аҳамиятга молик.
 
 
ЎзА