ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА

28.12.2016

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан «Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосидир» мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Тадбирда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида амалга оширилиган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларини демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар негизида, аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган эзгу мақсадлар мужассамдир. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим ҳуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. 

Тадбирда мамлакатимизда мустақиллик йилларида судлар фаолияти такомиллашиб, шахс ҳуқуқларини кафолатлашнинг мустаҳкам асослари яратилгани таъкидланди. Конституциямизда акс эттирилган принципларга мувофиқ жиноий жазо тизими ва суд ишларини юритиш босқичма-босқич либераллаштирилди. Бундан ташқари, шахсни жамиятдан ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини тайинлаш имкониятлари кенгайтирилди. 

Матбуот анжуманида Олий суд томонидан сўнгги йилларда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида муайян ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Хусусан, кенг оммага мўлжалланган ҳуқуқий адабиётлар, ўқув-услубий қўлланмалар тайёрланиб, бепул тарқатилмоқда. Анжуман доирасида Олий суд томонидан нашр этилган «Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш тартиби», «Очиқлик ва шаффофлик судлар фаолиятининг муҳим тамойили», «Никоҳ шартномаси оила мустаҳкамлигининг гарови» китобларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.