ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

28.12.2016

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий суд судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, иштирок этди. 

Олий суд раиси Ш. Ғозиев бошқарган мажлисда мамлакатимизда миллий қонунчилик асослари инсон манфаатларига мос тарзда такомиллашиб бораётгани таъкидланди. Замон талабидан келиб чиқиб қонунчиликнинг сифати ва таъсирчанлигини оширишга оид изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Бу жараёнда Олий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига мувофиқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда суд-ҳуқуқ тизимини, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштиришга доир қатор қонун лойиҳалари тайёрланмоқда ва тегишли тартибда парламент муҳокамасига киритилмоқда. 

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди. 

Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан ишлаб чиқилди.

Фармон билан назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларига нисбатан маъмурий жазоларни қўллаш борасидаги функция ва ваколатларини босқичма-босқич суд органларига ўтказиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш назарда тутилган.

Олий суд томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг XIII бобида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш судлар ваколатига ўтказилмоқда. 168, 175ва 1761 моддаларда белгиланган ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно.

Бундан ташқари, юқорида кўрсатилган кодекснинг 245-моддаси учинчи қисм билан тўлдирилиши таклиф этилмоқда. Унга кўра ушбу Кодекснинг 283-моддасида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, маъмурий ишлар бўйича судьялар, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг мансабдор ва бошқа шахслари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқадилар. Қонун лойиҳаси билан мазкур нормани 2018 йилнинг 1 январидан эътиборан амалга киритиш белгиланмоқда.

Мажлисда лойиҳанинг қабул қилиниши, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, мазкур тоифадаги маъмурий ишларни янада адолатли ва холис кўриб чиқилишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Йиғилишда қонун лойиҳани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш юзасидан қарор қабул қилинди.