СУД ҲОКИМИЯТИ МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ — ПАРЛАМЕНТ ЭЪТИБОРИДА

26 октябрь 2018

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

nezavisimost.png

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар бошлангани, уларни давом эттириш зарурлиги таъкидланиб, соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида мазкур Комиссияни ташкил қилиш таклиф этилган эди. 

Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашининг қўшма қарори билан парламент ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия тузилди. У депутатлар ва сенаторлардан иборат таркибда шакллантирилди. Суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси устидан тизимли мониторингни олиб бориш, мавжуд муаммоларни, соҳага оид қонун ҳужжатларини танқидий таҳлил қилиш, одил судловни амалга оширишга ҳамда суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ривожланган хорижий мамлакатларнинг суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигини таъминлаш борасидаги тажрибасини ўрганиш мазкур Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди. 

Йиғилишда Комиссиянинг жорий йил учун тасдиқланган иш режасида белгиланган вазифалар ҳамда тадбирлар ижросини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар кўриб чиқилди. 

— Президентимизнинг 2017 йил 13 июндаги суд органлари ходимлари билан учрашувдаги нутқида мамлакатимизда суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, бу борадаги камчилик ва муаммолар тўғрисида, уларни ҳал этиш йўллари ҳақида қимматли фикрлар билдирилган эди, — дейди Комиссия аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвонов. — Жумладан, судьялар ўзи фаолият олиб бораётган ҳудудда яшаётган аҳолининг, хусусан, судга иши тушган одамлар, кенг жамоатчиликнинг фикри, албатта, ҳисобга олиниши лозимлиги, бунинг учун суд раислари ўз фаолияти юзасидан маҳаллий Кенгашларда ахборот бериши кераклиги баён қилинганди. Ўтган вақт мобайнида давлатимиз раҳбари илгари сурган фикрлар асосида ишлаб чиқилган тартиб-таомиллар амалдаги қонунчиликда ҳам акс эттирилди. Эндиликда ана шу ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган янгиликлар натижасида судлар фаолиятида муҳим ўзгаришлар рўй берди. Ҳозир судлар жойларда фақат ишларни кўриш билан чегараланмасдан, аҳоли билан учрашмоқда, суд жараёнлари жойларга чиққан ҳолда сайёр суд мажлисларида кўрилаётир. Суд раислари ўз фаолиятлари юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ахборотлар тақдим этиб бориши қонунларда ўз ифодасини топди. 

Парламент қуйи палатасида қатор қонун ҳужжатларига тегишли судлар раисларининг ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан уларнинг ахборотини эшитиш бўйича ўзгартишлар киритилгани муносабати билан бундай ахборотни эшитиш механизмларини назарда тутувчи тавсиявий характерга эга ҳужжат ишлаб чиқилгани айтиб ўтилди. 

Комиссия йиғилишида ана шу ҳужжат — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари ­вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Респуб­ликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ­раисларининг ахборотларини эшитиш бўйича ишлаб чиқилган Услубий тавсиялар ­атрофлича муҳокама қилинди. 

— Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасига катта эътибор қаратилаётганини ҳаётий мисоллар орқали яққол кўриб турибмиз, — дейди Комиссия аъзоси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Чўллиев. — Боиси судларнинг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш, одил судловни тўлақонли амалга оширишларига шароит яратиш ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ёрдам беради. Бунда Комиссиянинг бугунги йиғилиши кун тартибига муҳокама учун киритилган Услубий тавсияларнинг ҳам аҳамияти жуда катта. Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади маҳаллий Кенгашлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг тегишли судларнинг фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликларини, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ­фаолиятига доир ахборотини эшитишни сифатли, тартибли ўтказишга кўмаклашишдан иборатдир. Унда суд раисларининг ахборотини эшитишнинг тартиб-­таомилларидан тортиб, ташкилий жиҳатларигача — барча жараёнлар аниқ ҳисобга олиниб баён қилинган. 

Йиғилишда мазкур ҳужжатни муҳокама қилиш билан биргаликда, 2019 йил февраль ойигача мамлакатимизнинг барча ҳудудида суд раисларининг маҳаллий Кенгашларда ахборот беришини таъминлашга келишиб олинди. 

Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, судларнинг бинолар, автотранспорт воситалари, моддий-техника таъминоти борасида қатор вазифалар тўлақонли ҳал этилмаётганига алоҳида эътибор қаратилди. 

Комиссия томонидан қуйи палатанинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига мазкур Фармон ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар тарафлама чуқур ўрганишлар ўтказиш тавсия қилинди.

Мажлисда Олий Мажлис ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссиянинг келгусидаги вазифалари ҳам муҳокама этилди. Якунда кўриб чиқилган масалалар бўйича билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар инобатга олиниб, тегишли қарор қабул қилинди.

Зиёда Ашурова.

(“Халқ сўзи” газетаси,
2018 йил 26 октябрь)