ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЁШЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ БИЛИМИНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

14 май 2019

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди томонидан жойларда фуқароларнинг ҳуқуқий масалалар юзасидан муаммоларни тизимли ҳал этиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини доимий ошириб бориш мақсадида жойларда сайёр учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилиб келинмоқда.

Жумладан фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди раиси И.Джураев ва судья С.Қамбаровалар Бухоро енгил саноат ва педагогика коллежида “Меҳнатга оид низоларнинг судлар томонидан кўришнинг ўзига хос хусусиятлари, судлар томонидан оилавий низоларнинг кўриб чиқиш тартиби” мавзусида коллеж ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.  

Тадбирда сўзга чиққан суд раиси И.Джураев ҳар бир шахсга меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи Конституциямизда кафолатлангганлигини, меҳнат низоларининг судда кўриб чиқишда мазкур тоифадаги ишларга хос алоҳида хусусиятларини инобатга олиш лозимлигини билдирди.

Шундан сўнг ёшларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи ҳамда меҳнатга оид кафолатлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Шунингдек, коллеж ходимларига меҳнат низоларининг судга тегишлилиги, ходим ва иш берувчи ўртасида меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ҳамда уни бекор қилиш билан боғлиқ муносабатлар, меҳнат шартномаси тарафлари ўртасида тўлов юзасидан келиб чиқадиган низолар каби масалалар ҳақида гапириб ўтди.

Судья С.Қамбарова оила, жамият ва давлат ҳимоясида экани тўғрисидаги конституциявий тамойил юртимизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар асосини ташкил этишини, оила қўрғони қанчалик мустаҳкам бўлса, давлат шунчалик мустаҳкам бўлишини билдирди.

Юртимизда Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, оила институтини ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, оилага оид миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, ёшларда оиланинг муқаддас қўрғон экани, уни асраб-авайлаш зарурлиги кўникмасини юксалтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юртимиз осойишталигини таъминлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Очиқ мулоқот якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган суд-ҳуқуқ соҳасига оид саволларига батафсил жавоблар олишди.

  

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди