ОДДИЙ АСКАР СУД ЗАЛИДАН МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ҚАЙТДИ

05 октябрь 2018

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Ш. Сатторов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 285-моддаси 1-қисми билан айбланган Ҳумоюн Шерматовнинг жиноят иши бўйича ўтказилган очиқ суд мажлисида жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этди.

narucniki.pngЖиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар суди томонидан ўтказилган очиқ суд мажлисида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилган Ҳ. Шерматовнинг жиноят иши кўриб чиқилди. 

Аниқланган маълумотларга кўра, оддий аскар Ҳ. Шерматов муддатли ҳарбий хизмат давомида хизматдоши билан жанжалашиши оқибатида унга жиддий жароҳат етказади. 

Суд жараёнида жамоат ҳимоячиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Шомурод Сатторов томонидан судланувчи Ҳ. Шерматовга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш, муддатли ҳарбий хизматни давом эттиришига имкон бериш, келгусида ушбу фуқарони кафилликка олиш таклифи билдирилди ва бу ҳақда кафолат хати тақдим қилинди. 

Суд унинг қилмишини ўзи тўла англамаган ҳолда содир этгани, муқаддам судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, Ҳ. Шерматовга нисбатан қўлланилган 5 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони бекор қилди ва судланувчи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ қоровул қўшинларига қарашли N-сонли ҳарбий қисм қўмондонлиги кафиллиги остида суд залидан озод этилди. 

ЎзА