ОИЛА ҚУРДИНГИЗМИ, УНИ АСРАШГА МАСЪУЛСИЗ

30 ноябрь 2018

Оила — нафақат авлодлар давомийлигини таъминловчи, балки болаларнинг меҳр, тарбия оладиган, таянадиган муҳим қўрғонидир. Шу боис оила қуришга алоҳида масъулият билан ёндашиш, аждодларимиз каби ҳар бир инсонда оилани асраш туйғуси шаклланган бўлиши шарт.

Вилоятларда ўтказилаётган сайёр қабуллар жараёнида олт­миш ёшни қоралаб қолган бир онахон "Ўғлим отасиз ўсган эди, энди унинг болалари ҳам отасиз вояга етадиган кўринади. Мен қандай йўл тутишни билмай қолдим", деб йиғлаган кўйи маслаҳат сўради. 

Набиралари тақдирини ўйлаб, изтироб чекаётган онахоннинг айтишича, турмуш ўр­тоғи билан ажрашгач, бошқа оила қурмаган. Якка-ю ёлғиз ўғлини оқ ювиб, оқ тараб воя­га етказган, яхши ният билан уйлантирган. 

Ўғли ва келини 3 нафар фарзанд кў­ришган. 

Онахон ўғлининг бахтидан қувониб, ҳаётдан мамнун яшаётган бир пайтда уларнинг оиласига кўз тегдими, барчаси тескарисига айланди. Ҳаммаси 2016 йилда келин ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмай, ишлаш учун Туркияга кетганидан сўнг бошланган. Орадан бироз ўтиб, келин ҳомиладор ҳолда уйга қайтган... 

Онахоннинг айтишича, ўғли фарзандларини ўйлаб, хотинини уйига киритган. Хориждан бутунлай ўзгариб қайтган келин эса, эрини уйдан ҳайдаб чиқаришга уринган. Шу ора­да туғилган эгизак фарзандларини аввал уйга олиб келмай, бошқа бировнинг қа­рамоғига берган бўлса, сал ўтиб уларни олиб келмоқчи бў­лади. Эри эса, бунга қаршилик кўр­сатади. 

Шундан икки ўртада келишмовчилик, жанжал келиб чиқади. 

Албатта, онахоннинг изтироблари ҳеч кимни бефарқ қол­дирмайди. Ва бу аянчли воқеа ҳар биримизнинг кўнг­лимизда оғриқли саволларни қўзғайди: хўш, оиланинг бундай таназзулга юз тутиши сабабларини қаердан излаш керак? Бунинг сабаблари кўп­дир, аммо, асосийси, бу ўғилнинг тарбиясидаги кемтикларга бориб тақалади. 

Аниқроқ айтганда, ҳамма гап ўғилнинг отасиз ўсганлигида эмасмикин? 

Онаизор ўғ­лини керагидан ортиқ асраб-авайлаб, нозик ниҳол қилиб ўстирган. У оилада отанинг тарбияси, панд-насиҳати, ўгитларини эшитмаган, қаттиққўллиги, мардлигини кўр­маган. Бундай тушунчалар ҳақида у ҳатто тасаввурга ҳам эга эмас. 

Албатта, келиннинг хатти-ҳаракатларини мутлақо оқ­лаб бўлмайди. 

Ҳолбуки, ои­лада тарбия кўрган, андиша, ор-номус каби қадриятларни қалбига чуқур сингдирган қиз ҳеч қачон оиласи юзига бу тарз­да оёқ босмайди. 

Кези келганда яна шуни айтиш керакки, бу мақолани ёзишдан мақсад кимнингдир фожиасини элга достон қи­лиш эмас, балки битта оиланинг барбод бўлиши ҳам жамият учун катта йўқотиш эканини таъкидлашдир. 

Ахир, битта оиланинг барбод бўлиши бошқа кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради.

Шу ўринда ҳақли савол туғилди: хўш, бугунги кунда оилаларнинг бузилишига яна қандай иллатлар сабаб бўл­моқда? Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатимиз чегаралари очиқ. Ҳар бир киши дунёнинг исталган давлатига ўқиш, ишлаш, сайёҳлик ёки тижорат мақсадида бориши мумкин. Лекин бу имкониятдан кўр-кў­рона фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас. Айтайлик, бир оиладан эр ёки хотин, баъзан иккаласи ҳам фарзандларини яқин қариндошлари қарамоғида қолдириб, чет элга ишлаш учун кетади. Табиийки, бундай вазиятда оиладаги фарзанд қа­ровсиз ва назоратсиз қолади. Эндигина дунёқараши шаклланиб келаётган болани назоратсиз қолдириш эса, жиноят билан тенгдир. 

Бугунги кунда ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этиб, жавобгарликка тортилган ёш­ларнинг таржимаи ҳоли билан яқиндан танишсангиз, уларнинг аксарияти ота ёки онаси, баъзан ҳар иккиси ҳам чет элга ишлаш учун кетгани, бунинг натижасида қаровсиз ва назоратсиз қолгани учун жиноятга қўл ургани маълум бўлади. Айниқса, назоратсиз қолаётган ёш қизлар тақдири аянчли ҳолларга тушиб қолмоқда. 

Кўп ҳолларда ота-она "фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмасин, дея чет элда ишлаб юрибмиз", деган фикрни билдиришади. Лекин, айтинг-чи, ўғил қамоқда, қизнинг тарбия­си буткул издан чиқиб кетган бўлса, ота-онанинг топган бойлиги татийдими?! 

Бундан ташқари хорижда ишлайман, деб турли бедаво касалликларни орттириб қайтган ва айнан шунинг касофати туфайли оиласи барбод бўлаётганлар ҳам йўқ эмас. Миллатимиз генофондига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган бундай иллатларга қарши курашиш фурсати аллақачон етган. 

Аслида, оила — ота ва онанинг ўзаро меҳр-муҳаббати, аҳил-иноқлиги боис мустаҳкам ва фаровон бўлади. Шунингдек, оилада фарзанд онанинг беқиёс меҳрига тўйиб, отанинг ўгити, панд-насиҳати ва ўрни келганда, қаттиққўллиги, мард­лигини юракдан ҳис этиб улғайса, у, албатта, ўз оиласига, қолаверса, жамиятга ҳам шундай муносабатда бўлади. Ҳар бир шахс оила қурар экан, уни асрашга масъул эканини унутмаслиги даркор.

 

Холмўмин ЁДГОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раисининг ўринбосари